Янгиликлар

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эсин Ажар Эргин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Судьялар олий кенгаши ва ТИКА ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Кенгаш фаолиятини рақамлаштириш, судьялар ва суд тизими ходимларининг касбий салоҳиятини янада оширишга қаратилган ўқув-тренинглар ташкил этиш, шунингдек, грант лойиҳаларини жалб қилган ҳолда янги ҳамкорлик йўналишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Маълумот учун: Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКА Туркия Республикасининг расмий ривожланиш ҳамкорлиги агентлиги ҳисобланади. 1992 йилда ташкил этилган агентлик бугунги кунда кўплаб давлатларда ўз ваколатхоналари орқали иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш ва техник ҳамкорлик соҳаларида турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мулоқотда судьялар корпусини шакллантириш жараёнида замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, судьялар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек, Туркий давлатлар ва Ўзбекистон судьялари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш, ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро алоқаларни тизимли равишда давом эттириш юзасидан келишиб олдилар.

27 Апрель 2026 113

МАЪНАВИЙ КЎПРИККА ҚИЁС МУЛОҚОТ суд фахрийлари билан учрашувлар давом этмоқда

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суд тизими фахрийларининг ўзлари таҳсил олган мактабларда ўтказаётган маънавий-маърифий учрашувларининг навбатдагиси 2026 йил 25 апрель куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 41-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Бу галги маърифий тадбир баланд тоғлар қуршовида қўним топган гўзал бир манзил – “Кўрпасой” қишлоғидаги мўъжазгина мактаб ҳовлисида фахрий меҳмон, ушбу мактабнинг собиқ ўқувчиси, юридик фанлар номзоди, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Нурмат Рустамович Ахманов ва бошқа иштирокчиларни тантанали кутиб олиш билан бошланди. Дастлаб меҳмонлар 41-мактабнинг ахборот-ресурс марказида ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар билан суҳбатлашишди. Мактаб масъулларининг айтишларича, ҳар 10 нафар юқори синф мактаб ўқувчиларининг 7 таси инглиз тилидан олий ўқув юртларига кириш учун махсус имтиёз (IELTS) сертификатига эга экан. Самимий суҳбат-учрашув мактабнинг ҳовлисига кўчди. Судьялар олий кенгаши аъзолари ва масъул ходимлари, вилоят суди раҳбарияти, суд фахрийлари сўзга чиқиб, Нурмат Рустамовичнинг ибратли ҳаёт йўли ва самарали фаолияти ҳақида фикрларини билдиришди. Суҳбат куй-қўшиққа уланди. 41-мактабнинг истедодли ўқувчилари ўзлари ёзган шеърларини ўқишди, қўшиқлар куйлашди, рақсга тушишди. Жиззах вилоят филармонияси санъаткорларининг куй-қўшиқлари учрашувга ўзгача файз бағишлади.  Тадбирда сўзга чиққан мактаб ўқувчилари ҳамда “Кўрпасой” қишлоғи оқсоқоллари фахрий меҳмоннинг шу мактабда таҳсил олганидан, шу қишлоқда туғилиб вояга етганидан ҳамиша фахрланишларини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Бегмамат Турсунов, 41-мактаб директори: — Таниқли ҳуқуқшунос Нурмат Ахмановнинг мактабимизда таҳсил олганидан фахрланамиз. У кишининг ибратли ҳаёти бугунги ўқувчиларимиз учун ҳам намуна-ўрнак вазифасини ўтайди. Меҳнат фаолиятига назар ташласангиз, оддий бир завод ишчиси сифатида бошлаб, кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва маҳаллий ҳокимият органларида жуда юксак лавозимларда самарали фаолият кўрсатганликларининг гувоҳи бўласиз. Хусусан, 1986–1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош консультант, 1998–2013 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари каби ўта масъулиятли лавозимларда фаолият юритган. Содиқ Ғойибназаров, маҳалла раиси: — Бугунги учрашув қишлоғимиз ҳаётида унутилмас кунлардан бири бўлди, деб айтсак муболаға бўлмайди. Қишлоқ аҳли, ўзининг бундай фахрли фарзандлари билан ҳамиша фахрланади. Нурмат Рустамович оддий ўрта-ҳол оилада туғилиб вояга етган бўлсада, ўзининг ҳалол меҳнати, тинимсиз изланишлари билан юксак эътибор қозонган инсон ҳисобланади. Биз ишонамизки, У киши билан бугун ўтказилган мулоқот мактаб ўқувчиларида жуда катта таассурот қолдирди. Тадбир давомида аъло баҳоларга ўқиётган ва фаол ўқувчиларга Жиззах вилоят суди томонидан ташаккурномалар ва китоблар топширилди. Бундан ташқари, фахрий меҳмонлар ҳам иқтидорли ёшларга ўзларининг эсдалик совғаларини улашишди. Учрашув доирасида мактабда фахрий меҳмоннинг бой ҳаёт йўли ва ибратли меҳнат фаолияти акс эттирилган махсус пешлавҳа ўрнатилди. Бу эзгу ташаббус ёш авлодга ўз устозларининг машаққатли ва шарафли йўлини доимо ёдда тутишга хизмат қилади. Тадбир якунида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эзгу анъанага кўра, мактаб ҳовлисига манзарали кўчатлар экилди.

27 Апрель 2026 130

ХАЛҚАРО ЎҚУВ КУРСИ ЯКУНЛАНДИ: халқаро экспертлар таассуротлари

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан 14 нафар судьялар, шунингдек Испаниядан таклиф этилган 2 та халқаро эксперт иштирок этган “Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги 3 кунлик халқаро ўқув курси якунланди. Халқаро ўқув курси якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди. Қуйида хорижий мамлакатлардан иштирок этган судьялар ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз: “Ушбу халқаро ўқув курси биз учун жуда катта тажриба алмашинуви бўлиб хизмат қилди. Ўқув курси самарали ташкил этилганлигининг асосий жиҳати бу бугунги кун учун энг долзарб мавзуларнинг танланганлигидир. Хусусан: “Рақамли даврда одил судлов: кибержиноятларга оид ишлар бўйича суд амалиёти” мавзуси доирасида замонавий жиноятларни тушуниш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри баҳолашга оид аниқ билим ва кўникмаларимизни оширдик. Айниқса, кибержиноятларнинг турлари, уларнинг содир этилиш усуллари ва ҳуқуқий квалификацияси бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдик. Интернет орқали фирибгарлик, маълумотларни ноқонуний олиш, шахсий маълумотларни тарқатиш каби ҳолатларнинг қандай аниқланиши ва қонунчиликда қандай баҳоланиши бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан танишдик. Ўзбекистонлик малакали мутахассислар мавзу бўйича чуқур таҳлилий маълумотларни тақдим этди” — Эда Бичгин, Туркия Адлия академиясининг Ташқи алоқалар ва ахборот бўлими судья-маърузачиси.   “Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси томонидан юксак даражада ташкил этилган ўқув курсининг умумий мавзуси бўлган – одил судловни рақамлаштириш масаласи шунчаки технологик янгиланиш эмас, балки очиқлик ва тезкорликни таъминлайдиган муҳим ислоҳотдир. Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу борада катта тажрибага ва амалий натижага эришибди. Албатта, одил судловнинг оқилона рақамлаштирилиши фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, чунки ҳар бир иштирокчи ўз ишининг қайси босқичда эканини онлайн кузатиш имконига эга бўлади. Менда Ўзбекистонлик мутахассис томонидан “Суд экспертизаси асослари ва рақамли далиллар таҳлили. Даркнет (Darknet) тизимини ўрганиш” мавзусида қилинган маъруза жуда катта таассурот қолди. Аҳамиятлиси, маърузачи шунчаки, назарий маълумотлар билан чекланмасдан, бу ўзига хос мураккабликларга эга бўлган соҳани янада  такомиллаштириш билан боғлиқ фикрларни ўртага ташлади” — Аскерова Матанат Паша Қизи - Озарбайжон Республикаси Адлия академиясининг Жиноят процесси, криминалистика ва суд экспертизаси кафедраси мудираси.   “Халқаро анжуманда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди. Бу бугунги кунда бутун дунёда нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам ўта долзарб масала бўлиб ҳисобланади. Чунки, зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатлами – болалар ва аёллар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Ўзбекистонда бу муҳим масала давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, жуда таҳсинга сазовор. Шу билан биргаликда ушбу йўналишда халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни ўрганиш ҳам муҳим, деб биламан. Бундай анжуманлар мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, амалиётни қиёсий ўрганиш ва самарали ечимларни аниқлаш имконини беради. Натижада, суд тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми янада мустаҳкамланади. Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш, шунингдек, вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар бўйича адолатли судловни таъминлаш ҳар доим, ҳамма жамиятда устувор вазифа бўлиб қолади” — Лоренцо Матео Бухоса Вадель - Испаниянинг Саламанка университети профессори.  

24 Апрель 2026 90
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech