Нашрлар

Афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан чоп этилган  “Уч машҳур ўзбек аёли” китобида ўзбек ҳуқуқшунослиги афсоналарига айлган Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова, Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилади. Китоб бадиий асар эмас, унда на муболаға, на бўрттиришлар бор. Аксинча,  ҳамма-ҳаммаси архив материаллари асосида баён қилинадики, шу боис  китобни бемалол афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар, дейиш мумкин.   Китоб қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолияти инсон тафаккури ва имкониятлари нақадар кенг эканини яна бир бор кўрсатиб беради.  Эътибор беринг-а, уч машҳурамизнинг камолот ёши Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келган, шунга қарамай давлат ишини ҳам, оилани ҳам бирдек уддалагани таҳсинга, шунча ташвиш-юмушлардан ортиб, илмий изланишлар олиб бориб, олима бўлганлари эса ҳайратга лойиқ. ...Хадича Сулаймонова  бор-йўғи 52 йил умр кўрганлар. Шу қисқа умри давомида 22 ёшида Олий суд аъзоси, 39 ёшида фан доктори, 43 ёшга тўлиб-тўлмай академик рутбасига эришади.  Бу давр оралиғида туман суди судьялигидан Адлия вазири, Олий суд раислигигача бўлган машаққатли йўлни ҳам босиб ўтганидан фақат ҳайратланиш мумкин.  Арбобликнинг юки қанчалар оғир, илм йўлининг  машаққатлари-чи? Ҳар икки жабҳада намуна бўлмоқни ўзи бўлмайди, Хадича Сулаймонова аёл боши билан  арбоб ва олималикдан ташқари талабчан устоз, оилада саранжом бека ва меҳрибон оналик-да ўз ўрнига қўйгани учун ҳам буюкликка муносиб шахсдир. ...Мамлакат Восиқованинг ҳаёти   ва фаолиятида ҳам шундай манзаралар кўзга ташланади.  Ўтган асрнинг йигирма тўртинчи йилида таваллуд топган М. Восиқованинг болалиги қатағон даври сифатида тарихга кирган ўттизинчи йилларга тўғри келади. Айни ўша долғали йилларда илм-зиё йўлидан  борган машҳурамиз ҳали ўттизга тўлмай Адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланади. Ушбу лавозимда беш йиллик самарали фаолиятидан сўнг Олий суд раиси ўринбосарлигига муносиб кўрилади.  Шундан кейин республика раҳбарлик идораларида қатор масъул вазифаларда фаолият кўрсатганидан сўнг ўн тўрт йил Адлия вазири лавозимида ишлайди.  Бир-биридан масъулиятли, бир-биридан оғир вазифаларда  ишлаганига қарамай изчил илмий изланишлар олиб бориб,  фан доктори, профессор илмий даражалари соҳибасига айланади. Яна бир эътиборли ҳолат шуки,  арбоблик масъулияти ва олималик машаққатидан ташқари М. Восиқова беш нафар фарзанднинг онаси сифати уларни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказади. ...Ҳалима Муҳитдинованинг бошига Ўзбекистон Министрлар совети раиси ўринбосарлиги миннати солинганида 28 ёшда экан (1944 йил).  Бу давр ўтган асрнинг иккинчи жаҳон уруши кечаётган пайти  бўлиб, мамлакат оғир иқтисодий танглик пайтида экани яқин тарихдан маълум. Бунгача прокуратура органларида фаолият кўрсатган опа орадан кўп ўтмай, адлия вазири ўринбосари, кейинроқ Олий суд раиси мувони, ниҳоят, Олий суд раиси лавозимларида фаолият кўрсатиши хаёлининг тор кўчасидан ҳам ўтмаган  бўлса керак... Бироқ тақдир, номлари қайд этилган ҳамкасблари қатори унга ҳам  осон бўлмаган қисматларни раво кўрди. Парвозлардан эсанкираб қолмади, ҳаёт сўқмоқларида қоқилса-да, йиқилмади. Энг муҳими, у ҳам ҳар қандай унвон-у мартабалардан баланд турадиган вафодор ёр ва меҳрибон оналик масъулиятини унутгани йўқ.            ...Китоб ҳақидаги ушбу мухтасар таассуротларимизда бежизга улар ишлаган лавозимларига алоҳида эътибор қаратилмаяпти.  Арбобларнинг фаолияти  ҳеч қачон осон кечмаган.  Лавозимни имтиёз эмас, масъулият деб билганлар учун икки карра оғир бўлиши ўз-ўзидан аён. Шунинг ўзи уччала буюк ватандошимизнинг ҳаёти ҳаловатсизликда ўтганини  кўрсатади. Қолаверса, гап ким қандай лавозимларда ишлагани эмас, балки ўша вазифалардан қандай ишлаганида. Уч буюк ватандошимиз  масъулиятли лавозимда қандай ишлаб, қандай ишларни амалга оширганини эса битта мақолага сиғдириб бўлмайди. Бунинг учун “Уч машҳур  ўзбек аёли” китоби ўқимоқ ва укмоқ лозим.   Муҳайё Дедамирзаева, Наманган вилоят судининг фуқаролик  ишлари бўйича судьяси  

31 Август 2022 589

Судьяларни танлаш, тайинлаш тартиблари - АҚШ

Маълумки, судьянинг мустақиллиги — бу унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, бирор-бир аралашув ёки босимларсиз мустақил ҳолда одил судлов фаолиятини амалга оширишидир. Шу маънода 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўз­бекистоннинг тараққиёт стратегиясида еттита устувор йў­налишдан бирида айнан судларни мустақиллигини таъминлашга қаратилган алоҳида мақсад белгилаб олингани эътиборга молик. Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судья­ларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда уларнинг фаолиятига ҳар қандай таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Судьянинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши Конс­титу­ция даражасида кафолатланишининг асосий сабабларидан бири — суд ҳо­ки­мия­ти­га бош­қа ҳеч қайси ор­ган ваколатига тааллуқли бўл­маган одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилгани билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаё­тида, фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳа­мияти беқиёс. Судьянинг мустақиллиги одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг шаффофлигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Айниқса, бу борада тараққий этган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, АҚШ суд тизими одил судловни амалга оширишда судьянинг фаолиятига аралашмаслик ва мустақиллик принципини амалда таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бугунги кунда АҚШ демо­к­ра­тик принципларга асосланган суд тизимини ташкил этиш ҳамда одил судлов фаолиятини амалга ошириш борасида дунёнинг энг илғор давлатларидан бири саналади. Америка ҳуқуқ мактаби анъаналарига мувофиқ, мамлакатда амалда бўлган қонун чиқарувчи, ижроия, маъмурий, суд ва бошқа органлар улкан, сертармоқ ва ўта мураккаб тизимга эга. Улар АҚШ Конститу­ция­­си асосида фаолият юритади. АҚШ суд тизими давлатнинг федератив хусусиятини ўзида акс эттириб, федерал судларнинг ягона тизими билан бирга, штатларда мус­тақил суд тизими ҳам фаолият юритади. Фуқаролик ва жи­ноят­ ишларининг асосий қисми штат судлари томонидан, фуқароларнинг федерал ҳукуматга нисбатан ва чет эл давлатлари фуқаролари ўр­тасидаги, шунингдек, миқдори 10 минг доллардан ошадиган даъволар федерал судлар томонидан кўриб чиқилади. АҚШ федерал суд тизимида тўртта асосий маъмурий бошқарма мавжуд. Улар суд тизимини маъмурий жиҳатдан бош­қаришга масъул бў­либ, мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Суд мажлиси деб аталган бошқарманинг таркиби фақат судьялардан ташкил топган ва у федерал суд ҳо­кимия­тининг фаолият йўналишини белгилаб беради. Олий суд раиси бир вақтнинг ўзида Суд мажлиси бошқармасининг ҳам раҳбари ҳисобланади. Унинг аъзолари АҚШдаги 13 та минтақавий апелляция суди раислари ва 94 та федерал туман судининг вакилларидан иборат. Маъмурий бошқарма АҚШ Суд мажлиси бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган қа­рорларни амалга оширади. У судларнинг ҳар кунги фаолиятини, яъни судларнинг кадрлар ва ёрдамчи техник ходимлар, маблағ, жиҳоз ва иш юритиш материаллари билан таъминланиши учун масъулдир. Федерал суд маркази судьялар ва суд техник ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш учун масъул. 13 та минтақавий апелляция суди қошида фаолият юритадиган Минтақавий суд кенгашлари ўз ҳудудий юрисдикцияси доирасида ҳудудлардаги судларни бошқаришга масъул ҳисобланади. АҚШ суд тизимида Олий суд муҳим ўрин тутади. У Конс­ти­туциявий назорат органи вазифасини бажарган ҳолда Конгресс акти, штат қонуни ёки ҳар қандай суд қарорлари Конс­титуция нормаларига зид келган тақдирда уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга. АҚШ Олий судининг асосий вазифаларидан яна бири икки ёки ундан ортиқ штат ўр­тасидаги низоларни биринчи инстанция бўйича кўриб чиқишдан иборатдир. Федерал суд тизими таркибига апелляция, округ ва махсус судлар киради. Мамлакатда 11 та апелляция округи ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 23 нафар судьяси бўлган апелляция судлари мажлис ўтказади. Бундан ташқари 1982 йилда федерация миқёсида юрисдикцияга эга бўлган АҚШ Апелляция суди ташкил этилган бўлиб, у божхона, патент ишла­ри ва даъволар бўйича ши­коят­ларни кўриб чиқади. Апелляция судлари округ судларининг ҳукм ва қарорлари, штатлар маъмурий органларининг қарорларига нисбатан киритилган шикоятларни ҳам кўриб чиқиб, ҳал қилади. Округ судлари штатлар ҳу­дудида ташкил этилади ва федерал судлар ваколатига те­гишли асосий ишларни кўради. Бундан ташқари мамлакатнинг йирик шаҳарларида ҳам бир неча округ судлари фаолият юритади. Мамлакатда 95 та округ су­ди мавжуд. АҚШ суд тизимининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, умумий юрисдикция судлари билан бир вақтда ихтисослашган судлар ҳам фаолият юритади. Улар томонидан фақат маълум тоифадаги ишларгина кўриб чиқилади. Масалан, ташқи савдо бўйича суд тўққиз нафар судьядан иборат таркибда иш юритади. Улар якка тартибда қарор чиқариши мумкин. Қолаверса, улар суд қароргоҳи жойлашган Нью-Йорк шаҳрида ёхуд зарур ҳолларда АҚШнинг бошқа порт ша­ҳарларидан бирида иш кў­риш ваколатига эга. Солиқ суди эса, федерал со­лиқлар миқдорини белгилаш ва уларни тўлаш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади. Таъкидлаш жоизки, АҚШда судьялик лавозимига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш борасида белгиланган тартиб ва амалиёт судлар мустақиллигини таъминлашда ҳал қи­лувчи аҳамиятга эга. Президент ва Конгресс судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш ҳамда тасдиқлашда муҳим ўрин тутади. Масалан, АҚШ Олий судида бўш ўринлар пайдо бўлса, Президент уларни тўлдириш учун ном­зодларни танлаб, уларни Олий Суд судьяси лавозимига тайинлайди ва тасдиқдан ўтказиш учун Сенатга юборади. Мазкур номзодни Сенат қа­бул қилиши, тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Бунинг учун Сенат номзодларнинг тавсифномаларини, судьялик қоби­лия­ти, касбий маҳорати, ҳатто суд тўғрисидаги фалсафий қарашларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади ва ўз мажли­си­да муҳокама қилади. Шу билан бирга Федерал Апелляция ва туман судларининг судьялари ҳам Президент томонидан Сенатга тавсия қилинади. Номзод Сенат томонидан худди шу тарзда тасдиқланади. Штат судларида судьялик лавозимига тайинлаш турли қои­далар асосида ўтказилади. Аксарият штатларда олий суд ва апелляция судлари судьялари штат губернатори томонидан (Сенат ёки штатнинг бошқа қонун чиқарувчи органи розилиги билан) 6-15 йил муддатга, кў­пинча такроран тайинланиш ҳу­қуқи билан тайинланади. АҚШнинг айрим штатларидаги қуйи турувчи суд инстанциялари судьялари ҳам худди шу тартибда ўз лавозимларини эгаллайди. Лекин штатлардаги кўпчилик судьялар аҳо­­ли томонидан сайлов кампаниялари давомида сайланиши каби тартиб ҳам мавжуд. Бундай тизим сиртдан демократик кўринса-да, кўпинча бу жараёнда номзодларни қўлловчи бир-бирига рақиб сиё­сий партияларнинг манфаатлари би­ринчи ўринга чиқиб қолади. Касбий ва шахсий сифатлар эса, иккинчи даражага тушиб, эътибордан четдан қолади. Шу сабабли бу тизим АҚШда ҳақ­ли равишда танқидга учрамоқда. Натижада кўпгина штатларда сўнгги ўн йилликлар давомида судьялик лавозимини эгаллаш тизимининг муқобил йўллари ишлаб чиқилмоқда. АҚШ Федерал суд тизимида судьялар умрбод ўз лавозимларига тайинланади. Бу ҳолат судьялар ишининг бар­қарорлиги ва сиёсий таъсирдан ҳимояланишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Судьяларни вазифасидан четлатишнинг жуда ҳам мукаммал тартиби амал қилади. Бунда федерал суд тизимида фао­лият кўрсатаётган судьяни ўз лавозимидан озод қи­лиш учун унга нисбатан ишончсизлик билдириш механизми, яъни импичмент институти қўлланилади. Хулоса қилиб айтганда, АҚШ­­­да суд ҳокимияти мустақиллиги амалда таъминлангани одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг асоси бў­либ хизмат қилмоқда. Демократик тамойилларга асосланган бу тажрибанинг афзал жиҳатларидан мамлакатимиз суд амалиётида фойдаланиш шахс ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга ёр­дам бериши аниқ. Нурали Қурбонов, Тошкент вилояти суди судьяси

11 Август 2022 920

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси  маълумотларига кўра, 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Қурилиш соҳасининг ўзида эса 3,5 трлн. сўмлик тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.[1] Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд. сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилган.[2]  Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу эса коррупциявий омилларга  қарши курашишга қаратилган самарали механизмларни давлат харидлари соҳасида ҳам ишлаб чиқишни тақозо этади. Давлат харидларининг асосий тамойиллари очиқлик ва шаффофлик, рақобат, холислик ва коррупцияга йўл қўймасликдир. Лекин, давлат хариди ва буюртмаларида коррупцион ва рақобатга зид амалиётлар кенг тарқалган.  Бу  борада  олимларнинг турли- туман ёндашувлари, фикрлари мавжуд. Хусусан, В.А.Васенинанинг фикрича: “...давлат эҳтиёжлари учун харидларни амалга ошириш жараёни иқтисодиётнинг коррупцияга мойил тармоқларидан бири бўлиб, унинг иштирокчилари ҳуқуққа хилоф равишда моддий манфаатдор бўлишга интилишади”.[3] Давлат харидлари  жараёни  манфаатлар  тўқнашуви яққол  кўзга  ташланадиган соҳалардан биридир. Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларида акс этган.  “Манфаатлар тўқнашуви” бўйича кўплаб тадқиқотлар ҳам мавжуд. Давлат харидлари соҳасида Д.И.Дедов нуқта назаридан олиб қарайдиган бўлсак, “...манфаатлар тўқнашуви” тушунчаси қонун билан қўриқланадиган ва бошқа шахснинг ҳаракатлари билан бажарилиши лозим бўлган принципал томонидан ваколат берилган шахс ва ушбу ваколатли шахснинг шахсий манфаатлари ўртасидаги қарама-қаршиликдир”.[4] Манфаатлар тўқнашуви тушунчасини И.С.Шиткина “...манфаатларнинг бузилиши фактининг ўзи эмас, балки бундай манфаатлар бузилиши мумкин бўлган вазиятларнинг вужудга келиш имконияти”,– деб таъкидлайди.[5]  Манфаатлар тўқнашуви ҳуқуққа хилоф ҳаракатнинг оқибати эмас, балки сабаби бўлиб ҳисобланади, бу эса манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликни белгилашни истисно этади.[6] Шундай қилиб, манфаатлар тўқнашувига юридик конфликт эмас, балки унга ишора сифатида қараш мумкин.  Шундан  келиб чиқиб ҳозирги кунда ҳуқуқ фанида манфаатлар тўқнашуви йўналишини алоҳида шакллантириш зарурияти мавжуд.  Чунки, бу йўналиш умумий ҳуқуқ назарияси, шунингдек юридик фанларнинг фуқаролик ҳуқуқи, процессуал ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ назарияси тармоқлари доирасида ҳам ажратиб кўриб чиқилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасида “Манфаатлар тўқнашуви бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда унинг шахсий манфаатдорлиги билан давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдир, шунингдек афилланганликнинг мавжуд бўлишидир...”, – дейилган. Шу сабабли, давлат харидларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида иштирокчиларга шартномаларни тузишда қўйиладиган талаблардан бири манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, харид иштирокчилари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда бошқа  харид субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказадиган ҳамда ушбу ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларни чеклайдиган ҳар қандай манфаатлар тўқнашуви кўринишларининг олдини олиши шарт. Молия билан боғлиқ барча соҳаларда манфаатлар тўқнашуви энг катта коррупция омилларидан бири бўлиб, давлат харидлари ҳам бундан мустасно эмас. Бу харидларнинг ҳар қандай тарафлари (буюртмачи, буюртмачининг вакиллари, ваколатли орган, буюртмачи комиссияси аъзолари, харид иштирокчилари - умуман олганда, қандайдир тарзда таъсир кўрсатадиган барча кишилар) шахсий ва ишбилармонлик манфаатлари нуқтаи назаридан давлат харидларининг асосий тамойилига - соғлом рақобатни сақлашга халақит беради. Бундай муносабатлар тўғри ёки ён шажара бўйича қариндошликда вужудга келиши мумкин.[7] Масалан, маҳсулот етказиб берувчи ташкилот директори ўз укасининг ўғли, туман ҳокими ўринбосари билан келишиб, кейинги кимошди савдосида айнан унинг ташкилоти ғолиб бўлишига келишади. Дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан Белгия, Испания, Латвия, Малта, Голландия, Португалия, Франция каби давлатлар қонунларида манфаатлар тўқнашуви мустақил жиноят сифатида талқин этилади.[8]  Кўпгина Европа мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва унинг олдини олиш механизмлари давлат хизмати тўғрисидаги умумий қонунлар билан белгиланади. Масалан, Полшада “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат функцияларини бажарувчи шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклаш тўғрисида”ги қонунлар, Австрияда “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодекси,  Исландияда “Давлат бошқаруви тўғрисида” қонун ва Грецияда “Давлат хизмати тўғрисида” кодекс. Шу билан бирга, Шарқий Европанинг баъзи давлатларида ва постсовет мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган (Сербия, Хорватия, Латвия, Литва, Молдова, Қирғизистон).[9] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон қарорига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши назарда тутилган.[10] Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.[11] Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида мазкур  ҳуқуқий ҳужжатга  мувофиқ бўлмаган битим (шартнома) лар бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид меъёр назарда тутилган. Бироқ, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилмаган. Манфаатлар тўқнашуви коррупциянинг асосларидан бири сифатида унинг оқибатларининг моддий қонунчиликда ҳақиқий эмаслигига оид нормаларни белгилаш лозим. Қайд этиш лозимки, манфаатлар тўқнашуви натижасида тузилган битим қонунда назарда тутилган чеклов талабларини бузади, яъни оммавий манфаатларга таъсир кўрсатади. Назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори билан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги натижасида тузилган битим, агар унинг тузилиши иштирокчиларига зарар етказган бўлса ёки етказиши мумкин бўлса ёки улар учун бошқа ноқулай шартлар асосида тузилганлиги исботланмаса ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмаслигига оид тушунтириш бериш лозим. Шартномани ижро этиш жараёнида маҳсулот етказиб берувчига манфаатлар тўқнашуви  ҳолати аён бўлса у шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли. Қонунчиликда бунга чекловлар мавжуд эмас. “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-модда учинчи қисми, 34-моддаси биринчи қисми 3-банди, 38-моддаси биринчи қисми 2-банди, 39-модда, 40-модда биринчи қисми 3-бандларида давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги шартлиги белгиланган бўлса-да, ушбу қоидаларга амал қилинмай манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи тартибга солинмаган. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасида ҳам манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги, бунга амал қилмаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи белгиланмаган. Шу сабабли, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ушбу Қонун талабларини бузиш натижасида тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид норманинг  киритилиши манфаатлар тўқнашувини олдини олишга хизмат қилади. Маликахон Каландарова, Судьялар олий кенгаши аъзоси, юридик фанлар номзоди, доцент [1] https://ach.gov.uz/uz/lists/view/207 [2] https://anticorruption.uz/uzc/item/2022/03/10/agentlikning-2021-jildagi-faoliyati-natizhalariga-bagishlangan-matbuot-anzhumani-bolib-otdi [3] Васенин В. А. Противодействие коррупции в сфере закупок для государственных и муниципальных нужд // Законность. 2017. № 9. С. 17-21. [4] Дедов Д. И. Конфликт интересов: монография. М.: Волтерс Клувер, 2004. 288 с. [5]Корпоративное право / Под ред. И.С. Шит-киной. — М., 2009. — С. 287. [6] Дедов Д.И. Конфликт интересов. — М., 2004. —С.5 [7]Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига кўра, болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо. Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо. [8] Bryn Williams-Jones. A Procedure for Managing Conflict of Interest When Forming Thesis Juries P.15 [9] АхметовА Н. Конфликт интересов на государственной службе. Власть. 2013. №12. –С. 124. [10] Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2021 й., 07/21/5177/0644-сон [11] https://lex.uz/docs/111189

28 Июль 2022 1163

Ўзингизни китобларда кўрганмисиз?

Бола эканман-да, тасаввуримда энг яхши одамлар китобларда яшар, энг тўғри ишлар китобларда ёзиларди, гўё. Китоб мутолаасидан сўнг кўнглимда янги-янги орузлар туғиларди денг... Шундами, китоб ўқиш жон-у дилим эди.   Бир куни берилиб китоб ўқиб ўтирсам, кимдир уни шартта олиб қўйди. Опам экан. У аввал китобнинг муқовасига, сўнг орқа тарафига қаради-да: –  Шоира, мана бу ерда лоланинг расми бор. Демак, бу катталар ўқийдиган китоб, ҳали бунақа китобларни ўқишга сал ёшлик қиласан, – деди (Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилган китобларнинг орқа муқоваси лоланинг тасвири бор: логотипи шундай). Мен бироз ранжидим, айб иш қилиб қўйгандек уялдим ҳам. Опам менга майин қаради-да: – Қани, мен билан юр-чи, – деб, уйимиздаги бир хонанинг ярмини эгаллаган китоб жавони томон етаклади. Тепароқдаги китоблар ичидан биттасини олиб, узатди: “Мана, сен ўқийдиган китоб! Кейин раҳмат айтасан”. Китобни қўлимга олдим: Рашод Нури Гунтекин. “Чолиқуши”. Дарҳол орқа муқовасига қарадим: лола расми йўқ, демак, “мен ўқийдиган китоб” экан. Дарҳол мутолдаага киришдим. Бир саҳифа ўқиб-ўқимай ўқиб, секин “уф” тортдим: “унча қизиқ эмас-ку”?! Кейин  саҳифасига, сўнг учинчисига... “Боғда қуриган дарахт бўларди. Пайти келди дегунча ўшанга тирмашиб чиқиб олганимни, пўписаларга қулоқ солмай танаффус охиригача шохдан-шохга ирғиганимни кўрган муаллимам: “Бу одам боласи эмас, чолиқуши”, – деб койиган эди. Ана шундай қилиб, ўша кундан бошлаб асл номим унутилди-ю, ҳамма мени “Чолиқуши” деб атайдиган бўлди”... Ие, бу воқеалар бунча танишдай... Мен ҳам худди шу ёшда дарахтдан дарахтга чирмашиб, тепадан туриб кўп воқеаларга гувоҳ бўлганман. Мени ҳам кўплар ўз исмим билан атамас, шўх-у шаддодлигим учун “Мардон, Мардона” дейишарди. Китобни ўқишда давом этдим: “Баъзан ёмон оқибатлар ҳам бўларди. Лекин мен, орамиздаги аҳдга биноан, ўйинда жоним ачиса йиғламаслигим, ундан ҳеч кимга шикоят қилмаслигим керак. Мен катта одамлардай сир сақлашга ўргандим. Мени бунга инсофдан кўра кўпроқ, у мен билан ўйнамай қўяди, деб қўрққанлигим мажбур қиларди. Кичиклигимда мени қилиғи совуқ дейишарди. Балки бу тўғридир ҳам. Нимагаки, ким билан ўйнасам жонини оғритар, додлатар эдим...”. Опам бу китобни атайлаб берган шекилли? Айнан китобда ёзилган қиздек қайсар феъл-атворимни ўзимга яна бир карра, бу сафар билвосита билдириб қўймоқчи бўлган чоғи?. Дарҳиқиқат, китоб саҳифалари аро ўзимни кўра бошладим: “Романларда қайғуга учраган одамлар елкаси чўккан, кўзлари сўнган, ҳаракатсиз, унсиз, яна ҳам очиқроғи, ғариб қилиб тасвирланади. Менда доимо бунинг акси бўлади. Қачон оғир қайғуга чўксам, кўзларим порлайди, чеҳрам очилади, теримга сиғмай кетаман. Дунёни писанд қилмагандай, қаҳ-қаҳа уриб куламан, турли шўхликлар, телбаликлар қиламан. Шу билан бирга, оҳу зорини яқин одамига, бошқаларга айтолмайдиган кишилар учун буни жуда яхши одат деб ҳисоблайман...”. Китобдаги воқеликдан ҳаядонга тушар, юрагим уриши ўзимга ҳам эшитилар даражада  эди, гўё: “Тенгқурларим билан бир хил муомалада бўлмас эдим. Ёши анча катта бўлган қариндош болалар ҳам мендан безилларди. Менда, қалбимда севги олови учқунлагудай бўлса, бу ҳам бир фалокат бўларди. Одамларга ўхшаб севишни, севганимни меҳру шафқат билан эъзозлашни ўрганмаган эдим. Яхши кўрган одамим устига ҳайвон боласидай отилар, қулоқларини чўзар, юзини тирнар, итариб-туртиб жонидан безор қилардим. Қариндош болалар орасида фақат биттасидан тортинар, ўшандангина ҳайиқар эдим. У Басима холамнинг ўғли Комрон эди...”. Асарнинг бош қаҳрамони Фериденинг Комрон ҳақидаги ҳикоясини ўқий бошлаганимда кўз олдимга мен билан доим уришиб юрадиган синфдошим келди. У билан ҳамманинг олдида талашиб-тортишиб, тинмай гап талашар эдик – чиқишмасдик. Аммо синфда ногоҳ ёлғиз қолсак ёки кўча-кўйда рўбарў келиб қолсак, гапимизни йўқотиб қўярдик, айниқса мендаги шаддодликдан асар ҳам қолмасди. Мен синфдошим ҳақидаги ўринсиз хаёлларни нари қувиб, яна китобга шўнғидим. Феридени онасининг ўлимидан кейин холасининг қўлида қолиши, вояга етгач, холасининг ўғли Камронга кўнгил қўйиши, аммо у ўз туйғуларни қалбида сақлаши – сир тутиши мени бефарқ қолдирмади.   Севган йигитининг хиёнатини билиб қолгач, бу оғриқни енгишнинг ягона йўли уйдан қочиб кетиш деб ҳисоблашини бир оқладим, бир нотўғри деб билдим... Ўз уйидан, ўз севгисидан қочиб кетган ҳуркак қиз катта ҳаётда уни нималар кутиб турганидан бехабар эди. У тақдирнинг бешафқат ўйинларию синовларни бошидан кечирди. Мағрурлиги туфайли хато қилиши, гўзаллиги доим унга халақит бериши мени ташвишлантирди, қалби тозалиги, курашувчанлиги, иродаси уни сақлаб қолиши кўнглимга таскин берди. Ёмони кўп бўлган дунёнинг яхшилари ҳам йўқ эмас, яхшилар, яхшиликлар туфайли хатосини тушуниб етди. Аммо ана шу ҳақиқатни тушуниб етгунига қадар ёшлигининг энг ажойиб йилларини бой берди. Бироқ бу йиллар уни янада иродали қилди, ҳимоясиз ва муҳтож одамларга ёрдам беришдек эзгу ишларга ундади. Қисқаси, мутолаа давомида Чолиқуши билан бирга яшадим, изтироб чекдим, кулдим, йиғладим, севдим... Фериде ўз бахтига, муҳаббатига қайтганида севиндим. Китобни ўқиб бўлганимдан кейин ҳам бир неча кун қўлимдан қўймай юрдим. Такрор-такрор ўқидим... Кейин мен ҳам кундалик тутиб, хотираларимни қоғозга тушира бошладим. Бора-бора кундаликларимга сиғмаган сатрлар хаёлимда, ҳаётимда давом этди... Китобни ўспиринлигимда ўқиган бўлсам ҳам, ундаги воқеалар улғайиб, катта ҳаёт бағрига шўнғиб кетганимда ҳам тугамади. Фериденинг бошидан ўтган кунлар, айнан бўлмаса-да, жуда ўхшаш мотивлар билан менинг ҳаётимда ҳам рўй берди. Китобдан олган хулосаларим ҳаётимда кўп асқотди.    Аслида муҳаббат, хиёнат, мағрурлик, ҳаёт машаққатлари, хатолар, алданишлар, иқрорлик, яхшиларни кашф этиш, ёмонлардан азият чекиш, муваффақиятларга эришиши, одамларга эзгулик улашиш, охири ўз хатоларини тушуниб, ортга қайтиш... бу ҳолатларнинг кўпи ҳар бир инсон ҳаётида рўй бериши мумкин. Фақат воқеалар ривожи ҳар кимда бошқача бўлади. ...Яқинда меҳнат таътилига чиқиб, бир-иккита бадиий китоб ўқидим.  “Чолиқуши”ни ҳам... Болалигим, қишлоғим, яқинларимга қайтгандай бўлдим яна... “Икки маротаба ўқишга арзимайдиган китоб, бир маротаба ўқишга ҳам арзимайди”, деган машҳур немис  композитори Карл Вебер.  Шу маънода, турк адабиёти дурдонаси бўлган “Чолиқуши” романини қайта-қайта ўқишга арзийдиган китоб деб ҳисоблайман. Китоб мутолааси ҳар қандай юмушдан ҳузурлироқ, фойдалироқдир. Китоб ўқимаган одам, фикрлашдан тўхтайди. Тўхтамаса ҳам, дунёқараши, билими ва инсоний туйғулари юксалмайди. Шундай экан, техник жиҳатдан қанчалар тараққий этмайлик, китоб мутолааси асл маърифат ва маънавият манбаси эканлигини унутмаслик керак.  “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, масалан, китоб ўқимаслик”, деган эди жаҳонга машҳур адиб Рэй Брэдбери. Жиноят қилишдан сақланайлик – китоб ўқишни яна одат қилайлик. Қанийди, фарзандларимиз қўлидаги телефонларини бир кун олиб қўйиб, ҳафтанинг ўша кунини “Китоб мутолааси куни” қилсак, қилаолсак...   Шоира Эрметова, Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси

14 Июль 2022 761

“Ўлсанг, ким йиғлайди?” – бу қандай китоб?

Мазкур асар ҳақида биринчи марта уч-тўрт йил аввал “Мени ўзгартирган китоб” кўрсатувида эшитгандим. Кўрсатув меҳмони бўлган  мамлакатимизнинг машҳур тадбиркори китоб ҳақида  тўлқинланиб гапирганди ўшанда.  Асар кўп ўтмай ўзбекчага ўгирилиб, қисқа вақтда бир неча марта қайта нашр этилгани ҳақида китобни қидириш жараёнида воқиф бўлдим. Бу китобга бўлган қизиқишимни баттар кучайтирди. Дарҳақиқат, китоб дунё бўйича бестселлер асарлар рўйхатининг бошида турар экан. Муаллифи -  Робин Шарма: канадалик адиб ва нотиқ, етакчилик ва шахсий муваффақиятлар бўйича дунёнинг таниқли мутахассисларидан. Асарнинг номланишиёқ  унинг бошқача китоб эканини кўрсатади: “Ўлсанг, ким йиғлайди?”. Муаллиф нима демоқчи? Бунга китоб бошидаёқ изоҳ берилади: “...Бола пайтимдаёқ отам айтган ўгит ёдимдан чиқмайди: болам, сен туғилганингда йиғлаган эдинг, дунё эса шод-хуррам эди. Шундай яшангинки, вафот этганингда дунё йиғласин, сен эса шод-хуррам бўл!” Муаллифга кўра, дунёга йиғлаб келган инсон “дунёни йиғлатиб кетиши учун” кўп нарса керак эмас. Улар асосан учта: Кечиримлилик, Адолатпарварлик ва (мақсад сари) Ҳаракат. Шу учта фазилатни ўзида намоён қилган инсон ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам қадрини билади. Чунки, кечиримли кишидан ёмонлик кутилмайди, адолатпарвар одам муаммога ўзгалардан эмас, аввало ўзидан сабаб қидиради, мақсад сари қилинган ҳаракат эса бир кун келиб, натижасини беради, насиб. Бундай инсоннинг мақсади доим хайрли  бўлиши эса шубҳасиздир. Қаранг-а, биз мураккаб деб билган ҳаётда бахтли бўлишнинг қоидаси нақадар оддий экан. Шу оддийгина ҳақиқатни муаллиф ҳаётий мисоллар ва унча мураккаб бўлмаган машқлар орқали тушунтиради. Китоб бир  неча бобларни ўз ичига олган кичик-кичик “ҳаёт дарслари”дан иборат. Дарслар эса қуруқ панд-насиҳатлардан иборат эмас. Шу боис зерикмайсиз, аксинча, қизиқишингиз ортади. Эҳтимол, муболағали туюлар, аммо мутолаа жараёнида кайфиятингиз кўтарилаётганини ҳис этасиз, умрнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятни янгидан англаётгандай бўласиз... Бундай ҳислар чуқурроқ мулоҳаза юритишга, ҳаётни шунчаки кун ўтиши учунмас, ўзингиз хоҳлаган тарзда, энг муҳими, режа асосида яшашга ундайди. Яширишнинг ҳожати йўқ: ҳаловатсизлик, бойлик иштиёқи, беҳуда суҳбатлар ва вақтни елга совуриш – аксариятимизнинг ҳаётимиз шу. Шу сабабли ҳам кўпчилик бахтни бир афсона деб билади. Ваҳоланки, бахт қўл етмас орзу эмас, у шундоқ ёнимизда эканини  китоб мулоаасидан сўнг иқрор бўласиз. Дарвоқе, бахт ҳақида. Бахт ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси, ўз қарашлари бор. Улар бир-бирига мутлақо тескари бўлиши ҳам табиий. Бироқ умрнинг маълум довонидан ўтиб, бошдан ўтган иссиқ-совуқлардан хулоса қилинса, кўпчиликнинг фикри бир хил чиқса керак:  “Бахт нима?” деган саволга жавоб топгунча инсоннинг бахтли дамлари ўтиб кетар экан...”.  Асарни умрини беҳуда ўтказмаслик, ўз қобиғига ўралб қолган одамни ундан чиқишини ўргатувчи қўллама дейиш ҳам мумкин. Албатта, ҳаёт бир текис эмас, инсон умири давомида турли синовларга дуч келиши табиий. Ҳаётнинг турли синовларида нима қилиши кераклигини билишнинг ўзи кам.  Кимга қандай, аммо мазкур китоб мана шу билимларга суянган ҳолда албатта ҳаракатни бошлаб юбориш шартлигини ўргатади.  Китобнинг ҳар бир бобининг ўзи  катта мавзу.  Ҳар бирига ҳатто қисқа тўхталишга  илож ҳам, ҳожат ҳам  йўқ.  Асарни фақат ўқиш керак, хуллас.    Китоб асосида бугунги давримизучун ҳам долзарб бўлган ғоя бор, яъни ҳамма учун имкониятлар тенг муҳитда ижтимолий адолат таъминланади. Муҳими – инсоннинг ўзлигини, иқтидорини кашф этиши. Шу умуминсоний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳар қандай тараққиёт, юксалиш, уйғониш замири-моҳиятида ижтимоий адолат ётишига яна бир бор шоҳид бўламиз. Мутолаа таъсиридан бўлса керак, китоб ҳақида бироз тарқоқ ва озроқ ҳаяжон билан ушбуни ёзаркан, бизда шундай асар йўқми, деган савол туғилди. Китобхонлигим билан мақтанаолмайман, бироқ қачонлардир ўқиганим - муқаддас ҳадислардан тортиб, “Темур тузуклари”, “Қобуснома” ёки  Яссавий ҳикматлари... ҳамма-ҳаммасида инсоннинг ўзлигини англашидан то  Яратган ато этган ҳаётни беҳуда ҳо-ю ҳавасларга сарфламай муносиб яшаб ўтишга даъват этилмайдими? Унда нега дунёнинг нариги четидаги адибнинг ушбу асар бунчалар эътиборни тортяпти?  Қайд этилган ва бошқа кўплаб маънавиятимиз дурдоналари қимматини эътироф этган ҳолда  айтиладиган бўлса, умуминсоний қадриятлар  на макон, чегара билади. Шундан келиб чиқилса, бировга яхшилик қилиш, кечиримли ва адолатли бўлмоқ ёки хайрли мақсад сари интилишлар, ким ернинг қайси нуқтасида яшамасин, инсониятни комиллик сари етаклайдиган фазилатлар ҳисобланади. “Ўлсанг, ким йиғлайди?” китоби муаллифи умуминсоний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда муваффақиятга эришиш йўлини ўз тадқиқоти ва кузатишлари асосида ўқувчига содда шакл, мураккаб бўлмаган машқлар орқали лўнда тушунтириш уддасидан чиққани учун ҳам асар кўпларнинг эътиборини тортаётган бўлса, ажабмас...   Муҳайё Дедамирзаева, Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

26 Июнь 2022 766

Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби

  Қозилик учун асосий дастур бўлиб келаётган бир тарихий ҳуж­ жат бор. Бу ҳужжат “Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъарий- га мактуби” дея номланган ва шу ном билан машҳур. Умар розиял­ лоҳу анҳунинг халифалик даврида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлган (ва Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга) ушбу машҳур мактубни юборган. Ушбу мактуб кейинчалик қозилик ишлари учун дастурга айланган. Европа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг қозилик, маҳкама, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари каби масалаларни Андалусия мусулмонларидан ўрганганидан кейин, Умар розияллоҳу анҳунинг мактубини ўз тилларига таржима қилиб ўрганишди. Кейинчалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтилиши йўлга қўйилди. Қуйида ўша мактубни тақдим этилади.  Абул Малиҳ Ҳузалийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб Абу Мусо Ашъарийга бундай ёзган эди: “Аммо баъд: “Дарҳақиқат, қозилик ишлари муҳкам фарз ва бардавом суннат- дир. Қачон сенга бирон ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун (ўртага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки тараф орасида юзинг, мажлисинг ва адолатингни бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг (ён босишинг)га шараф (томон) тамаъ қилиб қолмасин ва заиф (томон) сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин. Даъво қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга эса қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар ўртасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз бўлмас. Кеча чиқарган ҳукминг, ўзинг уни қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб (хатосини топиб), сўнгра ҳаққа қайтишингдан ман қилмасин. Чунки, ҳақ қадимийдир. Ҳаққа қайтиш ботилда бардавом бўлишдан кўра яхшидир. Китоб (Қуръон) ва Суннатдан сенга етмаган, қалбингни хижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урингин. Бир­бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбуби ва сенинг наздингда ҳақиқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қиладиган бўлса, унга бу учун етарли вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Бўлмаса, унинг зиддига ҳукм чиқарасан(яъни, даъвосини рад этасан). Албатта, шундай бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Мусулмонлар бир­бирлари учун одилдирлар. Магарам (жинояти учун) ҳад урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб (тажрибада ёлғончилиги исбот) бўлган ёки бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган кимса бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўз зиммасига олган ва сизга ҳужжатларни қайтаргандир. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма (яъни, ҳукминг сабабли бир томон сенга нафрат, хусумат қилса, таъсирланиб азият чекма). Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Зеро, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхшиласа, Аллоҳ таоло у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини ўз зиммасига олади. Кимки Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук қилиб қўяди. Шундай экан, Аллоҳ азза ва жалла азалий ризқи ва раҳмат хазинасида ўзгартириб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг. Вассалом”. Имом Дорақутний “Сунан”ида ривоят қилган.  Демак,  қози (судья)лик насиб қилган шахс доимий илм олишга, ўз устида ишлашга эътиборли бўлиши лозим.  («Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китобидан)

20 Июнь 2022 1008

Судлар атрофидаги ахборот: манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса...

Бугун шиддатли аср, яъни ахборот энг қиммат товарга айланиб улгурган даврда яшаяпмиз. Ахборотга эгалик устунликни тақдим этадиган замон ҳамда ақллар беллашадиган макондамиз. Дунё мамлакатларида тарқалаётган ахборотларнинг 80 фоизига яқини 6 та йирик массмедиа компаниялари ҳиссасига тўғри келмоқда, лекин бугун сўз юритадиган мавзумиз эса судьялар ҳақидаги ахборотларнинг маълумгина, яъни манфаатларга дахлдор бир қисми ҳақидагина боради. «Бу дунё шундай қурилганки, уни манфаат бошқаради», дейишади буюк донишманд-файласуфлар. «Манфаат» деган тушунча ўз навбатида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳоказо кўринишда бўлиши ҳам ҳақиқат. Дейлик, судларда тарафларнинг ишончли вакил (ҳақ эвазига ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи)лари суд ишларида албатта иқтисодий манфаат топишни мақсад қилади. Яъни, маълум бир ҳақ эвазига, буюртмачи (мижоз) билан унинг фойдасига судда ишни ютишга ҳаракат қилиш мажбуриятини олиб, шу ҳақда ёки шунга ўхшаш келишув тузишади... Сиёсий манфаатда эса давлат кенг маънода судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали аҳолининг суд ҳокимияти – давлат ҳокимиятига ишончини тобора оширишни мақсад қилади. Қуйида тор сиёсий манфаатга мисол келтириш мумкин. Судларда топиладиган ижтимоий манфаат шундай манфаатки, бунда тарафлар жамиятдаги ижтимоий адолат деган тушунча учун, қонун устуворлиги, тенг ҳуқуқлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик, бир сўз билан айтганда, табиат томонидан тақдим этилган ҳуқуқларнинг тош-тарозиси, мувозанати учун судларда низолашади. Судлар фаолиятида маънавий манфаатни изловчилар эса ўзи ҳалол-пок, диёнатли, бағри кенг, беғараз, етарлича малакали, илмли ва судда ишларни ҳалол йўл билан ютишга сарфлайдиган, ҳаром ва ғирромнинг ҳар қандай туридан ҳазар қиладиган ва судда ютиш учун ҳар қандай нопок усул-воситаларнинг бирор-бир туридан фойдаланмайдиган, фақатгина судда адолат қарор топсагина, шунда ҳам беминнат меҳнатидан бутун вужуди билан рози бўладиган тоифа вакиллари тушунилади. Энди, ушбу манфаатларда ахборотнинг ўрни нимада ёки судлардаги турли манфаатларга ахборотнинг қандай алоқаси бор дейсизми? Гап шундаки, барча замонларда ахборотга эгалик ҳар қандай соҳада ҳам устунлик берган. Тарих гувоҳки, илмли инсон (билимларни ўзида мужассам этган ахборот соҳиблари), илмсизлардан албатта юқори турган, агар, у илмли шахс, илмини ғараз мақсадларда сарфламаса... МАСАЛА НИМАДА? Агар ахборот манфаатларга бўйсундирилса ё ахборотлар манфаатга эришиш воситаси сифатида қўлланилса, бундай ҳолатлар ўз-ўзидан ислоҳотлар, жумладан, судларга оид ислоҳотлар самарасига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Минг афсуслар бўлсинки, судлардаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлар доирасида шундай ҳолатлар юзага келадики, гарчи, судларда тарафлар адолатли ва қонуний қарор асосида ютқазган ёки ютқазишини аввалдан билган бўлсада, суд фаолиятига нисбатан нотўғри, нохолис, ғаразли мақсадда ахборот тарқатишга бор эътиборини қаратади. Чунки ҳеч ким ўз манфаатидан кечгиси келмайди. Уларни манфаат бошқаради. Яъни суд ишни нотўғри кўргани, судьянинг нохолислиги, унинг иккинчи тарафдан манфаатдор эканлиги фақатгина шубҳаларга асосан рўкач қилиниб, шунинг боис у судда ютқазганлигига зўр бериб, судьяга нисбатан турли даражадаги инстанцияларга шикоят қилиб, нотўғри ва нохолис ахборот тарқатиб, ишни ўз фойдасига ҳал этишнинг пайида бўлади. Демак, келтирилган аччиқ ҳақиқат асосида айтиш мумкинки, манфаат носоғлом ахборот муҳитини яратади. Натижада нотўғри ва ноўрин хулоса ва фикрлар шакллана боради. Судлардаги яна бир ҳолат: у ёки бу мансабдор ўз мақсадини сиёсий манфаатга, дейлик давлат ва жамият манфаатига ўраб, ниқоблаб олади. Гарчи бу давлат ва жамият манфаатига алоқадор бўлмасада, суд фаолиятига дахлдор тизимни шунга ишонтиришга уринади. Бу ҳолатларнинг оқибати ҳам айнан «иқтисодий манфаат» каби бўлиб, судларга давлат ва жамият манфаатига эътибор қаратилишини уқтиришда, шундан келиб чиқиб судьяларга баҳо беришда намоён бўлади. Аммо, манфаатнинг иқтисодий манфаатдан фарқли жиҳати судьянинг мустақиллиги ва унинг келажак фаолиятига у ёки бу тарзда маъмурий воситалар билан таъсир этиши мумкинлигида кўринади. Яъни, айрим маъмурий тизимларда ўзи ёки гуруҳ манфаатлари учун суд, судья ҳақида нохолис ахборотларни шакллантириш орқали унинг карьераси, тақдирини ҳал этишга таъсир этиб, билиб-билмай, суд ислоҳотларига ғов бўлиб қолишга беминнат сабабчи бўлади. Демак, судларда албатта манфаатлар тўқнашади, баъзан катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашади. Чунки судлар қонунларни бевосита қўллайдиган ва охирги сўзни айтадиган ҳокимиятдир. Суд натижаси ўз фойдасига ҳал бўлмаган тараф албатта суддан рози бўлмайди. Бу табиий ҳолат. Бироқ, бу жараёнда суд фаолиятига нисбатан маълум манфаатларга хизмат қилишни кўзда тутувчи ахборот сиздирилиши юзага келади. Негаки, ахборот асрида шундай ғирром қоида борки, бунда жараённинг оқ ёки қоралиги муҳим эмас, балки бу рангларни аҳолига қандай қилиб кўрсатиш бирламчидир. Бунинг бошқача номи ижтимоий манипулияциядир. Манипулияция ахборот тарқатиш воситаси асосида амалга оширилади. Демак, судларда манфаатлар ва ахборотлар боғлиқлиги шундан иборатки, аҳолини судларда ишларни адолатсиз кўриб чиқилишига ишонтириш орқали бундан манфаат топади ва ҳоказо... Худди судда ишинг ҳал бўлиши учун «ё заринг ё зўринг бўлсин», деган каби... Бу эса манфаатлар асосидаги ахборотлар таъсирига ҳамда манипулияция гирдобига осонгина тушиб қоладиган тоифага ўз таъсирини яққол кўрсатади. Бу қараш асоссиз, асл ҳолат эса буни инкор этади. Негаки, бугун судьяларнинг шароити ижтимоий ҳолати, моддий ва молиявий таъминоти уларни иқтисодий жиҳатдан ҳеч кимга қарамликка йўл қўймайди ҳамда «тили қисиқлиги»га олиб келмайди ва уларни тамаъгирликка етакламайди. Бордию, мабодо бунинг акси бўлса, унда одил судловга хиёнат ва ношукурлик бўлади. Айтишимиз жоизки, судларда, судьяларда ҳам тарафларда ҳам битта манфаат – маънавий манфаат устувор бўлиши ва ахборот ҳам айнан шу манфаатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда ёйилиши лозим. Албатта ҳаёт бор экан, қолган манфаатлар ҳам йўқ бўлиб кетмайди, хоҳлайсизми-йўқми, улар ҳам яшашда давом этаверади, аммо улар қонунга қатъий риоя қилган ҳолда яшаши даркор. Токи, судьянинг маънавий манфаатида судья ўзининг қабул қилган адолатли, қонуний, тўғри, холис қароридан кўнгли тўлсин, ҳеч қачон ички ишончини ишончсиз ҳолатга келтирмасин ва ғурури эгилишига сабаб бўлмасин, тарафларга ёруғ юз билан тик боқсин, кўзлари чақнасин, виждони яйрасин, пок виждон билан тунлари тинч ухлаб, ҳар кунни хотиржамликда ўтказсин. Тарафлар, вакиллар, воситачилар, судлар фаолияти ҳақида «манфаатли ахборот» тарқатувчилар ва ҳоказо бошқача тарзда манфаатдорликни кўзловчилар ҳам судларда, одил судловда ҳақиқий инсон роҳат топадиган «маънавий манфаат»ни ҳис этсин. Ана шундагина судлар атрофида холис ахборот муҳити шаклланади. Бундай муҳитнинг жамиятга ижобий таъсири, ислоҳотларимиздаги ўрнини эса бир сўз билан таърифлаш мушкул. Буни фақат соҳани озгина бўлсада, ичдан билган кишигина вужудидан ўтказиши мумкин. Манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса... Нуриддин Муродов, Тошкент шаҳар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисиМанба: Uza.uz

1 Июнь 2022 649

“Қози-ул-қуззот” қандай лавозим бўлган? “Ноиъбул-қози”-чи?

Ўрта асрлар тарихида Ислом дини тарқалган ўлкаларда қозилик маҳкамаларини тубдан ислоҳ қилиш жараёни аббосийлар (ҳукм. дав. 133-656/750-1258 йй.) билан боғланади. Қозилик маҳкамаларини қайта такомиллаштириш борасида жорий этилган қатор амаллар ҳам мазкур ислоҳотлар сирасига киради. Ҳорун ар-Рашид (ҳукм. дав. 170-193/786-808 йй.) даврига келиб, қозилик расмий-ҳуқуқий мақомга эга бўлди ва “Қози-ул-қуззот” лавозими таъсис этилди. Дастлаб, қози-ул-қуззот қозиликка тайинлаш мумкин бўлган номзодни ҳукмдорга тавсия этиш ваколатига эга бўлган бўлса-да, кейинчалик у қозиларни танлаш ва тайин этиш имко­нини тўлиқ қўлга киритди. Ушбу воқеа боис, қозилик маҳкамалари тизими тўла мустақилликка эришди. Бу пайтда қози-ул-қуззотга мамлакатдаги қозилик маҳкамалари­ ни эркин бошқариш ваколати топширилган эди. Ибн Ҳалликоннинг таъкидлашича, мамлакат қози-ул-қуззоти Абу Юсуф биринчи бўлиб қозилар учун махсус кийим (униформа) жорий этади. Мазкур либос қора салла ва тайласон (либос устидан елкага ташлаб кийиладиган кенг ва узун кийим)дан иборат бўлган. Қози-ул-қуззотнинг алоҳида девони бўлган. Унда ҳожиб, котиб, ҳукмларни арз қилувчи ва сақловчи мансабдор шахслар фаолият юритган.  XIII асргача бўлган даврда қозилик маҳкамаларида қозидан ташқари қуйидаги лавозимдаги шахслар ҳам фаолият юритишган: Ноиъбул-қози - қози ўринбосари бўлиб, маҳкама мажлисида қози иштирок этолмаган ҳолатларда унинг ўрнига вазифасини бажариб турадиган шахс. Бу ҳолатга манбаларда истихлоф деб таъриф беришган. Аббосийлар даврида “Қози-ул-қуззот” лавозими жорий этилгач, ҳеч бир қози қози-ул-қуззотнинг рухсатисиз истихлоф қилишга ҳақли бўлмаган. Котибул-маҳкама. Унинг вазифасига, дастлаб, икки хусуматчи томон, гувоҳлар, қози гапларини ёзиб боришгина кирган эди. Аббосийлар даврига келиб котиблар, шунингдек, навбатда турган хусуматчилар даъвосини қозига олиб кириш ва уларни эшитиш, мусофир даъвоси ва кечиктириб бўлмас даъволарни тўғридан-тўғри қози олдига олиб кириш, ижро этилган ҳукмларни архивга тикиб бориш каби ишларни ҳам амалга оширган. Ҳожиб, жилвоз ва шурта каби қўриқчилар қози ҳузурига келган даъвогарлар интизомини сақлаб турувчи ходимлар ҳисобланган. Булар, асосан, қози ҳузурига кириш, унинг олдида ўтириш каби ҳолатларда даъвогарлар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаганлар. Шу билан бирга, маҳкамадан ташқарида қози юклаган вазифаларни бажарганлар. Соҳибул-масоъил. Унинг асосий вазифаси қозининг кўрилаётган иш бўйича билиши керак бўлган маълумотларини мукаммал тўплаб, унга етказиш бўлган. Мазкур маълумотлар, асосан, гувоҳлардан йиғиб олинган. Чунки қозилик маҳкамаси ишларида гувоҳларнинг гувоҳлик беришга ҳақлилик масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Қассом. Бу лавозим эгаси низолашилаётган мулкни тақсимлаш, ерларни бўлиб бериш ва шу каби тақсимлаш масалалари билан шуғулланган. Баъзи манбаларда у ҳассоб деб ҳам аталган. Амин. Омонатни сақлаб берувчи масъулдир. Бу ваколат эгалари қозилар томонидан тайинланган. Улар, асосан, етим, боқувчисини йўқотган ва бедарак кетганлар молини ҳамда мерос мулкни сақлаб бериш мажбуриятини олганлар. Хозин девонул-ҳукм - бу қозилик архиви ва ҳужжатларини сақловчи шахс бўлиб, уларга, асосан, қозига тегишли бўлган ҳужжатлар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.   (“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобидан)

18 Май 2022 465

МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ: ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЁТДАГИ МУАММОЛАР ТАҲЛИЛИ

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда  барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор. Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли  фуқарога  етказилган  маънавий зарарнинг ўрнини пул шаклида қоплаш  институти ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади. Маънавий зарарни қоплашга оид нормалар фуқаролик қонунчилигига мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритганидан сўнг  киритилган бўлиб, унга қадар  қонун маънавий зарарни ундиришликни кўзда тутмаган. Буни эса оддий бир ҳолат билан, яъни фуқаронинг шахси шу даражада “юксак” ҳисобланганки, бу шахсга етказилган маънавий зарарни  пул  билан баҳолаш асло мумкин эмаслиги билан асослашга ҳаракат қилиб келинган. Бугунги кунда мафкура, сиёсат, ҳуқуқ кабиларга нисбатан қарашлар, нафақат қарашлар балки устқурма сифатида уларнинг туб моҳияти тубдан ўзгариб бориши баробарида бу соҳада моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларни янада такомиллаштириш мақсадида  ривожланган давлатларнинг қонунчилиги ўрганилиб, умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплар миллий қонунчилигимизга сингдирилиб, амалдаги қонун ҳужжатларида етказилган руҳий ва жисмоний азоблар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик белгиланди.  Биргина 2021 йилда фуқаролик ишлар бўйича судлар томонидан 4028 та иш кўрилган бўлса, 2022 биринчи чорагида 823 тамаънавий зарарни ундиришга оид ишлар кўриб чиқиб ҳал этилган. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар бу борада ягона суд амалиёти шаклланишига эришилмади. Бу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва суд амалиётини ўрганиш шундан далолат бермоқдаки,  маънавий зарарни ундиришни тартибга солишга қаратилган нормаларнинг такомилига етказилмаганлиги, қолаверса  амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларни турли хил талқин қилиниши оқибатида амалиётда  қатор муаммоли масалалар юзага келмоқда. Айниқса, маънавий зарар миқдорини аниқлаш  суд амалиётида учраб турадиган мунозарали масалалардан биридир, чунки уни  аниқлашда мавжуд нормаларни қўллаш амалиёти ҳар хил. Маънавий зарар миқдорини белгилаш борасидаги суд амалиётини кўрадиган бўлсак, судлар томонидан даъвогарлар такқдим этаётган даъво аризасида маънавий зарарни қоплашни сўраган миқдордан жуда кам миқдорда қаноатлантирилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу жараёнга таъсир қиладиган омиллар тўғрисида  гапирганда, айтиш мумкинки,  бир тарафдан  бу борадаги  қонун ҳужжатлари такомиллашмаган, иккинчи тарафдан тегишли Олий суд Пленуми қарори қуйи судларга бу борада мукаммал тушунтириш бермаган. Шу сабабдан ҳам маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ ягона амалиёт шаклланмаган. Амалиётни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.  Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа бу борадаги қонун ҳужжатлари маънавий зарар тушунчасига таъриф бермайди, ҳатто Олий суд Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш хақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”  2000 йил 28 апрелдаги 7-сон қарорида келтирилган таъриф ҳам мукаммал эмас.  Пленум қарорига кўра, маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик  ва бошқа) азоблар тушунилади.  Ушбу тушунча маънавий зарар моҳиятини тўлиқ очиб бермаган. Унда  “маънавий зарар”нинг иккита элементи назарда тутилган бўлиб,  биринчиси, “маънавий”, иккинчиси “жисмоний” азоб тарзида ифодаланган. Фикримизча, таърифи ифодаланаётган “маънавий зарар” тушунчаси ўз ичига яна қайта “маънавий зарар”ни қамраб олмаслиги лозим. Шу сабабли тарифдаги “маънавий” сўзи “руҳий” деган сўз билан ифодаланиши зарур. Фикримизча Фуқаролик кодексининг  маънавий зарарга оид  1021 ва 1022-моддалари бунга йўл қўймайди. Чунки, Фуқаролик кодексининг ўзи руҳий азоблар учун маънавий зарар ундиришни назарда тутмайди. Назарда тутмаслигининг сабаби Кодекснинг  русча таҳрири 1022 –моддасидаги “нравственный” деган сўз “психическое” деб, ўзбекча таҳриридаги “маънавий” деган сўз “руҳий” деб ёзилиши лозим бўлган.  Қарийб 30 йилга яқин вақт мобайнида  амалда бўлиб келаётган Фуқаролик кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмаганлиги узоқ йиллардан бери руҳий зарар учун тўлов ундирилишига йўл бермайди. Гарчи  Олий суд Пленуми  маънавий зарар, жумладан “яқин қариндошини йўқотиш (ўлими сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларни вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш...”  натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкинлигини назарда тутсада, аммо юқоридаги ҳолатлар   шахснинг  “руҳий” изтиробларида ифодаланиши мумкинлигига тўхталмайди. Чунки, қонунларимизда “руҳий” азоблар натижасида ҳам  маънавий зарар етказилиши мумкинлиги назарда тутилмаган. Хорижий мамлакатлар айниқса МДҲ мамлакатлари қонунчилигида маънавий зарар айнан руҳий ва жисмоний азоблардан иборат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Иккинчидан, юқоридаги Пленум қарорининг 9-бандида Жиноят процессуал кодексининг 57-моддасига мувофиқ жабрланувчи, яъни жиноят туфайли маънавий зарар кўрган фуқаро, жиноят иш юритилиши жараёнида маънавий зарарни қоплаш ҳақида фуқаролик даъвосини қўзғатиш ҳуқуқига эга деб кўрсатилган.  Фикримизча, бу йўл билан муаммо ҳал бўлгани йўқ. Чунки, бу қоида Жиноят-процессуал кодексининг нормаларига зид ҳисобланади. Чунончи ушбу Кодекснинг 56-моддасига мувофиқ, жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг жамоат учун хавфли қилмиши шахсга, корхонага, муассасага ёки ташкилотга мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлса, улар фуқаровий даъвогар деб эътироф этилади. Шуниндек, Кодекснинг 277-моддасида фуқаровий даъво қўзғатилган ҳолларда содир этилган қилмиш оқибатида шахсга мулкий зиён етказилган деб ҳисобласа, уни фуқаровий даъвогар деб эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқариши белгиланган. Демак, фуқаровий даъвогар деб, мулкий зиён кўрган фуқаро тан олинади, холос. Етказилган маънавий зарарни фуқаролик даъво қўзғатиш йўли билан қоплаш имконияти мавжуд эмас. Натижада, фуқаролар томонидан маънавий зиён ундириш бўйича алоҳида тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритишга тўғри келади, бу эса  оворагарчилик, ортиқча харажатлар ва вақт сарфланишига олиб келади. Жиноят Процессуал кодексининг 302-моддасида реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақланганлиги, ишда айбланувчи тариқасида жалб қилинганлиги туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилганлиги натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатларини бартараф этишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Жиноят процессуал кодексининг 309-моддасида эса, реабилитация қилинган фуқарога етказилган маънавий зиён оқибатларини бартараф қилиш тартиби белгиланган. Бундай ҳолларда, фуқарога етказилган маънавий зарар умумий фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда қопланади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, Жиноят процессуал кодекси (57, 277, 290-моддалари)га жабрланувчига етказилган мулкий зарарни қоплаш имконияти берилганидек маънавий зарарни ҳам қоплаш имкониятини назарда тутувчи норма билан тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Учинчидан, айрим хорижий мамлакатлар қонунларида маънавий зарар фақат шахсий номулкий ҳуқуқларга дахл қилинганда, фақатгина қонунда назарда тутилган ҳоллардагина мулкий ҳуқуқларга  дахл қилинганда ундирилиши назарда тутилган, аммо бизда ҳам шахсий, ҳам мулкий ҳуқуқ бузилганда маънавий зарарни талаб қилиш мумкин. Аммо, Олий суд Пленуми қарорининг 13-бандида “қарз шартномасидан келиб чиққан мажбурият, пул мажбурияти бўлиб, уни бажармаганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 327-моддасида белгиланганлиги сабабли қарз олувчининг шартнома бўйича мажбуриятни бузганлиги қарз берувчининг маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқини истисно этади”, деб кўрсатилган. Савол туғилади, бошқа  турдаги шартномаларни бажарилмаслик ёхуд лозим даражада бажарилмаганлик  учун маънавий зарар талаб қилиш мумкин-ми?  Пленум қарори бўйича, ҳа, мумкин. Пленум қарори билан  янги норма яратишга “ҳаракат” қилинган. Аммо бу ҳам ўз самарасини бермаган. Фикримизча, ёндашув шундай бўлиши керак, маънавий зарар фақат шахсий ҳуқуқларга дахл қилинганда талаб қилиниши, мулкий ҳуқуқларга дахл қилинганда эса, фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина мумкин бўлмоғи керак.   Тўртинчидан, Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 1022-моддаси маънавий зарарни асосан пул шаклида  қопланишини назарда тутади. Аммо, мазкур қоидага зид равишда маънавий зарарни бошқа усулда қопланиши мумкинлигига оид нормаларни айрим қонун ҳужжатларида учратиш  мумкин. Масалан, Меҳнат кодексининг 187-моддаси 2-қисмида маънавий зарар пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланишини кўзда тутади. Гап шундаки, маънавий зарарни қоплаш билан боғлиқ масалалар фуқаролик ҳуқуқининг предмети ҳисобланади. Шу боис бу масалага оид барча қоидалар фуқаролик кодекси принциплари ва қоидалари асосида шакллантирилиши лозим. Қолаверса, Меҳнат кодексининг 112-моддасида маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланиши назарда тутилган, аммо бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас, деб белгиланган. Ушбу тартиб судларнинг маънавий зарар миқдорини оқилоналик ва адолатлилик талабларига мувофиқ белгилашга тўсқинлик қилмасдан қолмайди. Бешинчидан, қонун талабига кўра,  миқдорни аниқлашда  жабрланувчининг шахсий хусусиятлари  инобатга олинмоғи лозим. Аммо бунга ҳар доим ҳам эътибор берилмайди.  Миқдор  бошқа шахсий хусусиятлар билан бир қаторда жабрланувчининг ҳиссиётига, жароҳатнинг даражасига, шахснинг жинси, жисмоний ривожланганлиги ва ўзи-ўзини баҳолашига ҳам боғлиқ бўлиши лозим.  Ҳар бир фуқаронинг маънавий ва жисмоний азобга чидамлилик даражаси  ҳам турлича  бўлиши мумкинлигига эътибор берилиши лозим бўлади. Аммо қонун чиқарувчи маънавий зарарнинг қоплаш миқдорини аниқлашга фуқаронинг айнан қандай шахсий хусусиятлари таъсир қилишлигини аниқ кўрсатиб бермаган. Ҳозирги кунда жабрланувчига маънавий зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда унинг моддий ҳолатини ҳам эътиборга олиниши мумкинми ёки йўқлиги масаласи муаммоли бўлиб қолмоқда. Маънавият, одоб-ахлоқ тушунчалари чуқур миллий, фалсафий, сиёсий, ҳуқуқий ва амалий хусусиятларга эга эканлиги, бир халқ, бир миллат, бир жамият ва бир шахс учун мутлақо ёт бўлган ахлоқий мезонлар бошқа халқ, миллат ва шахс учун мутлақо зид бўлиши  мумкин ва ҳ.к. Бу ҳолатларга Пленум қарори тегишли тушунтиришлар бериши лозим бўлади. Олтинчидан, маънавий зарар фақатгина шахсий номулкий ҳуқуқлар ёки бошқа номоддий неъматларга дахл қилинганда етказилмасдан, балки айрим ҳолларда мутлоқ ҳуқуқлар бузилганда ҳам етказилиши мумкин (масалан, товар белгиси ғайриқонуний ўзлаштирилганда). Эсда тутиш лозимки, маънавий зарар фақат субъектив шахсий ҳуқуқлар бузилганда етказилади. Вафот этган инсоннинг шаъни, қадр-қимматига дахл қилинганда маънавий зарар етказиладими? Албатта, йўқ. Аммо субъектив ҳуқуқ соҳиби мавжуд бўлмаса ҳам субъектив ҳуқуқларга асос бўлган юридик фактлар мавжуд бўлган ҳолларда манфаатдор шахслар ўзларига, қолаверса жамият аъзоларига етказилган зарарни ундириш масаласини қўйишга ҳақли бўлиб ҳисобланадилар. Еттинчидан, Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилиши белгиланган. Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасида маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори назарда тутилган бўлиб, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши назарда тутилган. Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Гап шундаки, юридик шахслар жисмоний ва маънавий азобларни кечирмайди. Шу сабабли, қонунчиликда юридик шахслар фойдасига нисбатан маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоғи лозим. Хулоса қилиб айтиш керакки, судлар томонидан маънавий зарарларни ундиришга оид ишларни кўришда  ягона амалиётга таянилмаяти. Бунга юқоридаги омиллар ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Фикримизча буларни бартараф қилиш мақсадида  қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш, хусусан  “маънавий зарар” тушунчасининг аниқ ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, юридик шахслар томонидан маънавий зарарни қопаш билан боғлиқ қоидаларни қонун ҳужжатларидан чиқариб ташлаш, маънавий зарарни қоплаш усуллари бўйича қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф қилиш, маънавий зарар моддий (пул миқдори ёки бошқа мол-мулк) ва номоддий (оммани олдида шахсан узр сўраш) усуллар билан ҳам қопланишини назарда тутиш, маънавий зиённи суд тартибидан ташқари, ўзаро келишув асосида ҳам қопланиши механизмини ишлаб чиқиш, жиноят процессуал кодексини фуқаровий даъвогар сифатида жиноят оқибатида маънавий зарар кўрган жисмоний шахсларни ҳам тан олишга қаратилган ўзгартишларни киритиш,  судлар учун тавсиявий характерга эга бўлган маънавий зарарни қоплашда миқдорни аниқлаш бўйича услубиётни ишлаб чиқиш зарур.          Илҳом НАСРИЕВ, Ўзбекистон  Республикаси Судьялар Олий олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор

13 Май 2022 2220

“РОСТ БИЛАН ЁЛҒОННИНГ ЎРТАСИ ТЎРТ ЭНЛИК”...

16-17 ёшимда пахта даласига – чопиқ, ягана, ўтоқ қилишга борар эдик. Ўшанда дугоналарим тушликда тамадди қилиш  учун ул-бул нарса солинган рўмолни белига боғлаб олишса, менинг белимдаги рўмолда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” китоби бўларди. Тушлик маҳали ҳамма ўтириб тамадди қилса, мен бир чеккага ўтиб, китоб ўқирдим. Сарвара исмли дугонам: “Вой-бў, бунча китоб ўқийсан? Олим бўлармидинг, кел, бизга қўшил”, - дерди. Нуқул: “Олииимааахооонеей”, деб устимдан кулар эди. Бу қочиримлар менга таъсир қилмасди. Китобдан кўз узолмасдим. У мени ўз домига торган эди. Далага кетишда бироз чарчаб дам олгани ўтирсам ҳам дарров белимда боғланган китобни олиб, бир варағини бўлса ҳам, ўқиб олардим. Олинавериб, боғланавериб, ёзнинг иссиқ кунида китоб муқоваси бироз сийқаланиб ҳам қолувди...  “Икки эшик ораси” мен мутолаа қилган китобларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Аммо энг севиб ўқиган китобларимдан бири! Ўқиган китобларимни қайта ўқийдиган одатим бор. Ҳаммасини ҳам эмас. “Икки эшик ораси” кўнгилга урмайдиган китоб! Мен унда ўзимни топганман. Атрофимдаги, менга таниш бўлган одамларни топганман. Персонажларнинг бари менга танишдек. Қишлоғимизда Мунаввар  ҳам бор эди, Музаффар, Ориф оқсоқол,  Шормурод, Раъно, ҳатто Умар “закунчи” ҳам.  Доим керосин ҳиди келиб турадиган “Қора амма”ни ўқиганимда, Ўткир Ҳошимов менинг момомни кўриб ёзган бўлса керак, деб ўйлаганман. Асардаги қаҳрамонларнинг ҳар бирини тушунасиз. Чунки уларнинг кечинмалари ўз тилида ҳикоя қилинган. Яхшиларининг ҳам, ёмонларининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Улар кўнгилларидаги гапни фақат сизга айтаётгандек бўлади. Воқеалар гирдобидан чиқиб кетолмайсиз. Бирга яшайсиз. Бир-бирини такрорламайдиган образлар орқали инсонлар тақдири, ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари, одамлар тақдирини ўзгартириб юборган   воыеалар, фожиелар ҳақида содда ва равон тилда ёзилган бу асар мазмуни ҳар қайси даврда долзарб бўлиб қолиши ҳам шунда. Қалбида муҳаббат куртак отаётган ҳар бир ёш йигит-қиз бу асарни шунчаки ўқий олмайди. Қалбида ёмонликка, урушга ва унинг асоратларига нисбатан нафрати бўлганлар ҳам бу асарни шунчаки ўқий олмайди. Аслида асарнинг кульминацион нуқтаси икки севишган Мунаввар ва Музаффарнинг бир кўкракдан сут эмиб, ака-сингил бўлиб чиқиши. Лекин асарда худди шундай олий нуқта, хулоса қиладиган жойлар кўп, масалан, “Номаълум аскар Кимсан Ҳусанов ҳикояси”,  “Иккинчи босқич талабаси Музаффар Шомуродовнинг “Аммам кимсан акамни таниди” деган ҳикояси... Бир сўз билан айтганда, асарда инсон ўз умри давомида яхшилик ёки ёмонлик йўлини танлаб яшаш имконига эгалиги ғояси маҳорат билан сингдирилган. “Рост билан ёлғоннинг ўртаси-тўрт энлик», деган гап бор, қизиқ, нега энди оз эмас, кўп эмас, тўрт энлик? Гап шундаки, кўз билан қулоқнинг ораси - тўрт энлик экан. Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон... Мақсад – шу”, - деб ёзади адибнинг ўзи. Кўпинча бу китобни Ориф оқсоқолнинг ушбу сўзлари туфайли тез-тез қўлга оламан:  “Одамзод юз йил умр кўрадими, минг йилми барибир ўлгиси келмайди. Минг йил яшаган бир саҳоба “Эсиз-эсиз, у эшикдан кириб бу эшикдан чиқиб кетяпман”, деган экан. Шунақа болам... Ҳеч ким ўлишни ўйламайди. Аммо Худо одамзодга умрни ўлчаб беради. Шунақаликка шунақаку, одамнинг умри неча йил яшагани билан саналмайди... Бир хил одамлар бор: у эшикдан кириб, бу эшикдан чиқиб кетаётганда қўлидан келганча савобли иш қилади. Ҳаёт деган иморатга ақалли битта ғишт қўйиб кетади. Яна бир хиллари бор: ўша иморатдан ақалли битта ғишт ўғирлаб кетгиси келади. Ўғирлаб-ку, ҳеч қаёққа боролмайди, нариги эшикка борганда бари бир ташлаб кетади. Икки эшик орасида иморатни бузгани қолади...»   P.S. Дарвоқе, бир куни қишлоқдан “Бунча кўп китоб ўқийсан, олим бўлармидинг?” деб дакки берадиган дугонам қўнғироқ қилиб қолди: “Шоира, мен хато қилган эканман, ўртоқ. Китоб ўқима дейиш ўрнига, сен билан бирга мен ҳам ўқишим керак экан. Ростдан ҳам китоб ўқишда ҳикмат кўп экан. Сенга ҳавасим келади. Болаларим ҳам сенга ўхшасин, деб орзу қиламан. Мендек қийналмасин...”. Унинг самимий сўзларидан кўнглим яйрайди. Албатта китоб ўқиш керак, олим бўлиш учунгина эмас.... одамийликни сақлаб қолиш учун ҳам!     Шоира Эрметова Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси

28 Март 2022 752

“Ҳалол бўлмаган одамни онгли деб бўлмайди”

(Арастунинг “Ахлоқи кабир”ини ўқиб...) Кимга қандай, аммо мен учун осон бўлмаган иш кун якунидаги китоб мутолааси яхшигина ҳордиқ ҳисобланади.Тариҳда из қолдирган буюк шахслар ҳақидаги асарларни ўқиш жон-у дилим. Ҳозиргина “Заковат дурдоналари” туркумига оид Арастунинг «Ахлоқи кабир ” асарини ўқиб чиқдим: зўр! Искандардек соҳиби салтанатга мураббийлик қилган Арасту (Аристотель)  мутаффакирларнинг “устоди аввал”ли саналади. Искандар ўз устози ҳақида: “Мен Арастуни отам қатори ҳурмат қиламан, чунки падарим менга ҳаёт берган бўлса, устозим ҳаёт қадриятларини берди”, деган. Мазкур китобда Арастунинг “Поэтика”, “Ахлоқи қабир” ва “Риторика”  асарлари ўрин олган. “Поэтика” асари ҳозирги замон тушунчасидаги шеъриат ҳақида эмас, унда умуминсоний нафосат, санъат қонун-қоидалари баён қилинади. Алломанинг бу асари Шарқ халқлари эстетик тафаккури ривожига катта таъсир кўрсатган. Мазкур асарга Абу Наср Форобий шарҳ битгани, ундаги фикрлардан ҳайратланган Ибн Сино  алоҳида китоб ёзгани “Поэтика” қанчалар қимматли манба эканини яққол кўрсатади.  Абу Наср Форобий Арастунинг кўплаб асарларига шаҳрлар бериб, уларни оммалашишига  сабабчи бўлган. Шу учун ҳам Абу Наср Форобий Арастудан кейинги иккинчи муаллим – “Муаллими соний” номини олган.  Ибн Сино Арастунинг “Метафизика” асарини қирқ марта ўқиган, бироқ унинг иборалари ва мазмунини тушуниш унга мураккаблик қилган. Ибн Сино  Форобийнинг шарҳи орқали Арастуни тушунишга муваффақ бўлган. “Поэтика” асарида Арастунинг нутқ ҳақидаги қарашлари, хусусан, омма олдида  қандай сўзлаш, унинг таъсирли бўлиши омиллари ҳақидаги фикрлари ҳурматли ҳамкасбларимизга қизиқ бўлса керак. “Тубан бўлмаган, тушунарли нутқ - қимматли нутқдир. Энг тушунарлиси, ҳамма ишлатадиган сўзлардан тузилган нутқдир. Аммо бундай нутқ тубан бўлади”, деб ёзади аллома.  “Ахлоқи кабир”  – ахлоқ муаммоларига доир асар.   Унда “ахлоқ сиёсатнинг таркибий қисми” эканлигига урғу берилиб, шундай дейилади: “Чиндан ҳам муайян ахлоқий фазилатларга эга бўлмаган, яъни муносиб бўлмаган одам (жамоат арбоби сифатида) фаолият кўрсатиши мумкин эмас. Муносиб одам бўлмоқ – фозил бўлмоқ, демакдир”. Арастунинг ҳалоллик ҳақидаги фикрлари судья сифатида менда катта қизиқиш ўйғотди. У ҳалолликни бир неча таркибларга бўлади ва улар қаноатлилик,  вазминлик, адолат ва оқиллик  эканини таъкидлайди.    “Ҳалол одам шундайки, -дейлади “Ахлоқи кабир”да - у қонуний олиши мумкин бўлган неъматлардан озроғига розиликдир. Шундай нарсалар борки,  унда неъматларнинг тегишли миқдорини белгиланмай “шу нарсалар берилади”, деб умумий қилиб айтилган бўлади. Миқдори аниқ белгиламаётган нарсаларни олишда озроғини олишга рози бўлган одам қаноатлидир. Аммо бу – ўзининг қонуний ҳаққидан воз кечиш дегани эмас. У табиий ва ҳақиқий неъматларни олишда ўзини камситмайди, у фақат олишдагина озгинага қаноат қилади”. Яна айтади: “Ўйлаб иш қилиш, вазминлик – оқилликка алоқадор. Онгли одам қонун чиқарувчи нимани тушуриб қолдирганини, қонун белгиламаган бўлса ҳам бу иш, ҳатти – ҳаракат адолатли эканини яхши тушунган кишидир. Ҳалол бўлмаган одам онгли бўлмайди.”          Арастунинг қарашлари турли замон ва маконда  ўз қувватини йўқотмайди. Шу сабабли мен ҳамкасбларимга мазкур асарни ўқишни ҳам тавсия этган бўлардим.  Наргиза Шарипова,  жиноят ишлари бўйича Наманган туман судининг судьяси

25 Февраль 2022 877

М А Ш Қ

М А Ш Қ  “Машқ” сўзи машғулотнинг негизи. “Машқ” сўзи билан “такрорлаш” сўзи бир хил ҳаракатни ифодалайди. Инсоннинг (жонли мавжудоднинг аксариятида ҳам) сезги органларидаги такрорланишлар, кейинчалик хотира (инстинкт) бўлиб муҳрланади. Наслдан наслга ўтиб келадиган хотира, уқув каби табиий қувватлар  “туғма қобилият”  ёки “туғма талант”, шунингдек “истеьдод” деган ибора билан луғатга киритилган. “Туғма...”лар, тенг шароитдаги бошқа тенгқур даврдошларига қараганда бир мунча қулайлик ва  табиий имтиёзларга эгаликлари билан кўпинча муваффақиятларга эришадилар. Бироқ, вақтида такрорлаб, машқ қилиб турилмаса, ҳар қандай истеьдод ҳам сўниши, аксинча, машқ орқали насл-насабида алоҳида нуфузга эга эьтиборли шахс ўтмаган оддий одамдан ҳам ўша соҳа “чемпиони” чиқиши мумкин. Бошланғич синфда муаллимимиз бир шеьрни барчамизга ёдлатганини эслайман: “Биласизми жимит киши, Мумкин филни кўтариши, Агар жондан севган иши, Спорт бўлса”... ва мен шундай бўлишига ҳали-ҳануз ишонаман. Ёш қартайган сари хотиранинг ,ҳатто у туғма бўлган тақдирда ҳам сусайиб бориши табиий ҳол дейишади. Дўхтирлар бу ҳолатга ҳам машқ қилиб туришни маслаҳат беришади, алламбало қиммат-қиммат дориларни тавсия қилишади. Имом домлалар ўзларининг амру-маьруфларида кўпроқ оят ёдлашга, беш вақт намоз ўқишга ундашади. Ҳаммаси тўғри ва жуда маьқул. Менда эса яна қўшимча бошқа бир маслаҳат бор. Ҳам оддий, ҳам арзон... Бир куни телевизорда эски, оқ-қора ҳинд кинофильмини мароқ билан томоша қилдим. Фильм тугагач, чуқур хўрсиниқ билан ўрнимдан тураётганимда набирамнинг: “Бобожон, йиғлабсизми?” деган саволидан ўзимга келдим. Ҳа, мен ўзимда йўқ эдим - роппа-роса эллик беш йил ўтмишга қайтган эдим. Ишонинг, аниқ кўрдим ва тиниқ эшитдим, бўйи биздан салгина узун, ўзбекчани бузиброқ гапиргич, “Гена” исмли маллавой киночи болага ялиниб-ёлвориб қўра эшигидан киролмаганимиз, бодомча паридли девор устида ўтиришиб, қандай қийналиб кинони кўрганимиз, ўнг томонимда қайси, чап томонимда қайси жўрам ўтиргани-ю, кинолентанинг неча марта узилиб, Генани одамлар нима деб сўкишганлари, катта-матта таниш аёлларнинг девонадек бир йиғлаб, бир кулганлари шундоққина кўз олдимга келди. Шунга ўхшаш яна бир бошқа ҳолат. Қишлоқдаги ҳовлимиз бузилганда, чердакдан эски-туски нарсалар олиб тушилибди. Ўшанда, менга онам раҳматли асраб авайлаб юрган, тахтадан ясалган  кичкина сандиқчани келтириб беришди. Унда менинг ўрта мактабда синфдошлар билан ёзишма кўринишида тутган хотира дафтарим ва армиядан уйга ёзган хатларим титилиб кетган бир альбомда сақланган экан. Альбом ва дафтарни варақлаб, хатларни бирма-бир ўқиб чиқиб, туйқус ўша даврга қайтиб қолганим ҳам менга ажабтовур туюлганди, ўшанда. Синфдошларим, полкдош жўраларимнинг исмлари, ҳатто, баьзиларининг фамилияларигача эсимга келди. Уларнинг  шўх қилиқлари кўз олдимда гавдаланиб, овозлари жаранглаб эшитилди ҳам. Яқинда кутубхонамдан бир зарур китобни ахтараётиб, илкис қўлимга тушган Сулаймон Боқирғонийнинг  “Ҳикматлар”ини қайта варақлаганимда ҳам яна ўша ҳолатга тушдим. Китобни анча йил олдин ўқиб чиққанман. Юпқа муқовали нафисгина бу китобда улуғ шоирнинг “Меьрожнома”, ”Охир замон мухаммаси” каби ҳикматлари билан бирга “Биби Марям” номли достони ҳам чоп этилган. Тик турган ҳолда китобни кўздан кечира  бошладим, ва... Майданакдан Қўға қишлоғи бўйлаб, Катта Ўра дарёсига энган жойда, ниҳоятда сўлим бир, “Кўкабулоқ” деган гўша бор. У ерда онамнинг укалари, амаки акалари - тоғамлар яшайди. Бешинчидан олтинчига кўчган вақтим. Ҳар йилгидек каникулни тоғда, бобомлар кўчиб чиққич яйловда ўтказиш, тоғаларимга ем-хашак, ўтин-чўп йиғиш ва мол-ҳолларига қарашиш учун Хўжаёр  бобомга эргашиб, икковимиз бир кўликка мингашиб кетаяпмиз. Бойқўрғон билан Кўкабулоқнинг ораси майда уловда чамаси тўрт соатлик  йўл. Бобом (раҳматликни бутун Катта Ўрада “Вали бува” дейишарди)  ғазалларни қўшиқ айтгандай хиргойи қилади: Раҳмон отлиғ раҳматингдан умидликман илоҳим, Қаҳҳор отлиғ қаҳрингдан қўрқинчликман илоҳим. Қул Сулаймон мунги бор, қайғу бирла юрар зор, Ёрлақағил ё Жаббор, жумла қулни илоҳим. Менинг тинимсиз саволларимга бобом эринмай жавоб беради. Фикримиз бир жойдан чиқмаган ҳолатлар кўп бўлади, барибир бобом мени яхши кўришини, бошқа набираларидан кўра, ҳатто ҳурмат қилишини ҳам сезар эдим, негаки, у киши, эшонбуванинг фарзандларини ҳисобга олмаганда, ёш болалардан биргина мени “сиз”лар эдилар. Момом ва У кишига қараб, уйда ота-онам ҳам шундай қилишарди. Балки, бунга, тщнғичлари бирин-кетин напойид бўлиб, омон қолганим ёки кўзимнинг ожизлиги касали билан уларни кўп қийнаб, овора қилганларим сабабдир. Йўлнинг узоқлиги бобом билан узундан узун гурунгимизга, жумладан  ривоятлар, матал ва достонлар эшитишимга имконият яратди. Сўфи Оллоёрдан, Қул Аҳмаддан айтаяптилар. Икки марта такрорлаганларини мен ёдлаб олиб, ўзларига қайтариб айтиб, неча маротаба  “боракалло” эшитиб, роса мазза қилиб кетаяпман. Ана, Ҳазрат Алининг оти - Дулдулнинг изи қолган Сангириза қояси остига келиб тўхтадик. Бобом эшакдан тушиб, дарё ёқасига бориб келдилар ва яккатут соясида номоз ўқий бошладилар.Мен эса ер билан битта бўлиб тўкилиб ётган катта-катта қора тутлардан тўйиб олдим. Қизиқ, бизнинг қишлоқда тут аллақачон пишиб, тугаб кетган. Бу ерда эса ҳали довуччалар ҳам бор. Мана, каникуль тугаб, дарслар ҳам бошланди. Янги тайинланган синф раҳбаримиз ёзда ким қаерда бўлгани, қандай бадиий китоблар ўқигани билан қизиқаётир. Пионер лагерларида дам олган бойвачча синфдошлар, нима еб нима ичгани ва неча кило семиришганлари ҳақида мақтанишаётир. Ҳеч қаерга чиқмаган бечора қизлар эса оғизлари очилиб эшитииб ўтиришибди. Мен тоғда кечаси айиқ боласини қидириб келиб, ўтовнинг ирганаги ёнидан искаланиб ўтиб кетгани-ю бутун овул “Ҳай-ҳай”лаб чиққани ҳақида қўшиб чатиб гапираяпман. Кейин... ҳаммани ҳайратга солиб “Ўзимиздинг қишлоқдан чиққан Сулаймон Бойқўрғоний деган шоирнинг” шеърини ёддан айтиб бераяпман. Синф раҳбаримиз мутахассислиги бўйича тил-адабиёт фани ўқитувчиси экан, яқинда Қарши пединститутини томомлаб келибди, биз билмаган кўп шоир ва ёзувчиларни “шахсан” танирмиш. “Ўвв, тўхта-тўхта, қандай шоир, қанақа Бойқўрғоний, Сулаймон Боқирғоний, дейдилар уни. У шоир асли хоразмлик, ўн иккинчи асрда яшаган, диний мистик оқимда ижод қилган клерикал адабиёт вакили. Сўфи Оллоёр деганинг ҳам худди шундай. Сен бу шеьрларни қаердан топиб ўқидинг, ўзи? Мумкин эмас, мутлақо мумкин эмас...” Бутун синф менга ачиниб қаради. Уларнинг ҳайрати ва раҳбарнинг важоҳатидан қўрқиб кетдим. Айиқ келган кечаси ҳам бунчалик бўлмаганди. Гунг бўлиб қолдим. Ахир, азиз бобомни, буважонимни буларга қандай “сотай?!” Орадан йигирма йилча вақт ўтиб, манави китобчани сотиб олган куним, қандай ҳолатда ўқиб чиққаним ярқ этиб яна эсимга келди. Ҳазрат Навоий ўзидан қарийб уч юз олдин яшаб, соф туркий тилда шеърлар ёзган, қаландарлар зикрида ижоди равганларга айланиб кетган Сулаймон Боқирғоний ҳақида ўзининг “Насойим-ул муҳаббат”ида, ул зотнинг Ҳожа Аҳмад Яссавийга мурид бўлгани, эл ичида “Ҳаким Ота” номи билан танилгани, унинг турк дунёсида катта шуҳрат қозонган шоирлигини тавсиф этганлар. Мазкур сўфий шоирнинг илк китоб кўринишидаги асарлари мамлакатимиз истиқлолидан кейингина ойдинга чиқди. “Боқирғоний, кўнглида “шавқи илоҳий ва завқи илоҳий” туғён қилган мураббий. Унинг тафаккур кучини тўғри белгилаш - тахайюл сирларини кашф этиш демак. Маълумки, ҳар қандай дин ва чинакам мистиканинг асосида  “дунё ”ни тарк қилиш майллари мавжуд. Лекин бу - мавжуд оламга нафрат ёки бадбинлик ақидасини ифодаламайди. “Таркидунё”чилик, бу - руҳий машқ,  олам гўзалликларининг мутлақ моҳиятига етишиш тажрибаси”, - дея изоҳ беришади нашрга тайёрловчи мунаққидлар. Китобда Ул зот ҳаётидан бир неча ривоятлар ҳам келтирилган бўлиб, мана улардан бири: “…Сулаймон мадрасага қатнаганда бошқа болаларга ўхшаб “Қуръон”ни елкасига осмасдан икки кафтида кўтариб қадам босар, таҳсил тугагач, уйига етиб олгунича мадрасага орқа ўгирмаскан. Бир кун масжид ёнида ўтирган Аҳмад Яссавий бу ҳолни кўриб, ҳушидан кетганмиш. Шундан эьтиборан Хожа “Қуръон” ўқитмоққа Уни ёнига олибди. Ўн беш ёшга киргандан сўнг эса У Яссавийга мурид бўлган экан”. Тасаввуф, дил поклиги ва Руҳ комиллигига ўргатадиган таьлимот, ундаги аксари фикрлар  Нафс, Ахлоқ, Руҳ ва Ишқ ҳақида дея,- таькидлашади уламолар. Жумладан, “Нафс: Еб-ичиб тун-кун қорин тўлдирибон, Ёстуқ узра такья қилиб ётойин дер. Руҳим айтур, кошки Ҳақдин тавфиқ бўлсам, Туни куни тинмайин ёдин айтсам, Қисматдин ортуқ таом емас бўлсам, Бу дунёни йиғиб териб нетойин дер.” дейди Ҳаким Ота ўз “Ҳикматлар”ида. Мазкур китоб, ойдин хотираларимни қайта тиклади, бир зумга бўлса-да, болалигимнинг шириндан ширин дамларини ёдимга солди. Қачонлардир ўқилган китоблар такрор қараб чиқилса, инсонда хотира тикланишига ёрдам бериши мумкинлигига яна бир бор ишонтирди. Сиз ҳам, азиз ҳамкасб, ҳар хил баҳоналар билан ( кексалик, касаллик, олинган мия жароҳатлари ва ҳ.к. ) хотирангиздан нолимасдан, ўша болаликда ўқиган (агар, ўқиган бўлсангиз, албатта) китобларингизни қайта ўқиш йўли билан машқ қилинг ва хотирангизни янгиланг. Мен кўп машқ қиламан. Бу китоб илгари ҳам каминага инжа илҳом берган ва  Вали бувамнинг руҳини шод этишга ундаган  эди, хусусан:            Сулаймон Боқирғонийга тахмис          Қодиро, қудратингдан тоатликман, илоҳим,          Собир отлиғ сабрингдан соғинчликман, илоҳим,          Ё Карим, карамингдан кўп бурчликман, илоҳим,          Раҳмон отлиғ раҳмингдан умидликман, илоҳим,          Қаҳҳор отлиғ қаҳрингдан қўрқинчликман, илоҳим.            Қаҳринг қуюн, бўрондек, кўнглинг кўли Қуббондек,          Меҳринг мавжи уммондек, тафтинг тўби тобондек,          Сеҳринг сели алвондек, кун қиёмат бўлғондек,          Қаловисиз карвондек, из йитурғон сарбондек,          Қулман десам ёлғондек, қулим дегил, илоҳим.            Кўганлагин тўзғонни, роҳ риштасин узғонни,          Тариқатни бузғонни, ўзига чоҳ қозғонни,          Барчасидан безғонни, борини ютқизғонни,          Афв қилғил озғонни, йўлға солғил ёзғонни,          Мендек йўлсиз кезғонни йўлға солғил, илоҳим .          Бу дунёнинг кунини, кўрмадим ҳеч чинини,          На бўйлаюб бўйини, на энлаюб энини,          Ичдим хуни-мунини, онгсармадим унини,          Бўлдим қадр тўнини, солдим ғафлат тунини,          Билдим қуллиқ йўлини, қабул қилғил, илоҳим.            Ато эт Ҳақ васлини, машойих Дўст расмини,          Тотуб дийдор завқини, туяй учмоҳ шавқини,          Ўтуб дилга учқуни, тутай дарвеш машқини,          Раҳмат дарё тошқуни, Ота Ҳизр тушғуни,          Шибли ошиқ ишқини рўзи қилғил, илоҳим.            Кўзда ёшим шашқатор, бир бандангман гуноҳкор,          Кечмиш тунларим бедор, муножотда чор-ночор,          Этма Ҳолимни абгор, Ўзинг қўлла, Биру бор,          Қул Сулаймон мунги бор, қайғу бирла юрар зор,          Ёрлақағил ё Жаббор, жумла қулни, илоҳим.                                                                  Ҳол Муҳаммад ҲАСАН

23 Февраль 2022 955

Судьялар олий кенгашининг 2021 йилдаги фаолиятига оид Ахборотнома

   2021 йил нафақат Судьялар олий кенгаши фаолияти, балки суд тизимида алоҳида саҳифа очилган йил сифатида тарихда қолишига шубҳа йўқ. Чунки, Давлат раҳбарининг Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2020 йил, 7 декабрь) фармони ижроси тизимда катта бурилиш ясади. Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.  Ахборотномани юклаш

21 Февраль 2022 1416

Умматларга ўрнак бўлган Зот...

Абу  Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан  ривоят  қилинади:  “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳукмда пора берувчи ва олувчини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларга воситачини лаънатладилар”. Илмли, лаёқатли ва адолатни ўзига шиор қилиб олган, Аллоҳдан қўрқадиган, охиратдан умиди бор қози эса жаннатга киради. Қози дунёдаги одиллиги боис, мол-дунёни жамлай олмаса ҳам, қўша-қўша машиналари, данғиллама уйлари, жамлаган кўплаб бойликлари бўлмаса ҳам на лаънатга учрайди, на аламли дўзах оловига дучор бўлади. Аксинча, дунёдаги одиллиги қиёматда нурли минбарлар ва жаннатнинг тугамас абадий неъматларига эгалик қилишга сабабчи бўлади. Инсоният ҳаётининг роҳат-фароғатли бўлиши, ғам-ташвишли бўлмаслиги адолатли ҳукмга чамбарчас боғлиқдир. Қайси жамиятда қозилар адолатли ҳукм этадиган бўлса, ўша жойда ривожланиш, халқ фаровонлиги, юрт омонлиги, турмуш яхши бўлади. Аксинча, қайси жойдаги қозилар ноҳақ ҳукмга одатланса, у ерда порахўрлик, зулм, ҳаром-ҳариш ривожланса, у ерда яшаш азобга айланиб, ҳаёт жуда аянчли ҳолатга юз тутади. ...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатли ҳукмда умматга ўрнак бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Қурайшликларни махзумиялик ўғрилик қилган аёлнинг шаъни ташвишга солди. Улар: “У аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?” – дейишди. Сўнгра эса: “Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари бўлмиш Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?” дедилар. Усома у зот алайҳиссаломга бу ҳақида гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ белгила­ ган жазолардан бирида шафоатчилик қилмоқчимисан?!” – деб айтдилар. Сўнгра туриб хутба қилиб: “Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари уларнинг ичидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган эди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта, қўлини кесаман”, деб айтдилар” (Муслим ривояти). Мадинада биринчи қозилик қилган зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлган. У зот алайҳиссалом маҳкумнинг ҳасаб, насаб, бойлик, мансаб, мусулмон, кофир эканига қарамасдан одиллик ила ҳукм қилганлар. Адолат йўлини тутаман, икки дунё саодатига эришаман деган инсонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк ўрнакдирлар. У зотнинг ўғирлик қилган агар менинг қизим бўлса ҳам, жазосини, албатта, бераман, деб айтишлари уммат учун танбеҳдир. Жиноятчи ўғил-қизи ёки бирон бир яқини бўлган ёхуд пора эвазига жиноятчиларни “минг” хил усул билан жазодан сақлаб қоладиган қозиларга эса ўта хавфли таҳдиддир. Буюк фотиҳ Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳга унинг яқинларидан бири уни алдаган одамдан шикоят қилди. Салоҳиддин Айюбий: “Агар мусулмонларда Аллоҳнинг қонуни ва адолатга асосланган ҳолда ҳукм чиқарадиган қози бўлса, мен нима ҳам қилишим мумкин, мен шариатнинг оддий бир бандасиман. Эҳтимол, одил қози (суд) сиз тарафда бўлади, эҳтимол бундай бўлмайди”, деб айтган эди. Қозилик ўта нозик ва масъулияти иш. Бу иш билан машғул бўлувчилар адолат билан иш олиб боришса, икки дунё саодатига эришади. Агар порахўрлик, таниш-билишчилик билан машғул бўлишса, бундай инсонларга дўзах ваъда қилинган.   (“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобидан)

12 Февраль 2022 789

Басират кўзи

Басират кўзи    Ўзининг сезиш, кўриш, таффаккур қилиш қобилиятини ишлата олган одамгина ўзлигини  англашга қодир.   У эридаги кейинги пайтлардаги ўзгаришлардан ҳайрон, ҳатто бироз хавотирга ҳам тушиб қолди. Ёши қирқни қоралаган, катта бир хусусий корхона эгаси бўлган эри, авваллари доим шошиб-пишиб юрар, уйда кам бўлар, вақтини кўпинча ишхонасида ва улфатлари даврасида ўтказарди. Энди эса, тез-тез уйда қолар, дам-бадам ҳаёл суриб ўтирадиган бўлиб қолди. Анчайин қўрс ва айтганидан қайтмайдиган қайсар бу одамнинг, ўз-ўзидан мулойимлашиб қолгани унга аслида маъқул эса-да "ишида бирон-бир муаммоси бормикан, ё касал-пасал бўлиб қолдимикан-а", - деган “ташвиш”билан безовталана бошлади. Энг қизиғи, бу кап-катта эркак кеча иккита оқ сичқон сотиб олиб келгани, уларни қафасга солиб соатлаб тикилиб ўтиргани уни бутунлай лол қолдирди. Эрига "Буларнинг турқи бунча совуқ, ундан кўра балиқли аквариум олганингиз яхши эмасми эди", - деганида, эри нима деди денг? "Эй, хотин, сен нимани ҳам билардинг, балиқ, гапирмайди, булар эса гапиради. Ҳам қара, булар менга ўхшайди, йўғ-э, мен уларга ўхшар эдим...", - деса борми? У кўзларини катта-катта очганча эрига қараб-қараб қўйиб, чиқиб кетди.   “Бу кишига аниқ нимадир бўлган – ҳаёли жойида эмас, гаплари ҳам алмойи- жалмойи. Энди нима қилдим, ўзига бирон нима деб бўлмаса”, - деб ўйлай- ўйлай охири, эрига сир бермамиш бўлди, лекин эртадан қолдирмай бу ҳолни қайнотасига билдиришни кўнглига туйди. Ўз тадбири ўзига маъқул келди-да, эрининг телевизор кўриб ўтирганидан фойдаланиб, “Бугунги ишни эртага қўйма” деган нақлга амал қилди ва "катта" уйларига сим қоқди. Телефон гўшагини кўтарган қайнонаси билан ҳол-аҳвол сўрашиш асносида аҳволни қандай баён қилсам, дея ўйлана бошлади. Баҳона ҳам ўз-ўзидан топила қолди ва қайнонасига, “Эртага, ўтганлар хотирасига бир ис чиқариб юбормоқчийдим, шунга отам билан келиб-кетсаларингиз девдим”, - деди. Қайнонаси ҳам: “Ўзи набираларни соғиниб, ўтирибмиз, бир ўтмоқчи бўлиб тургандик, болам”, - деди. Тонг отгач, эрини ишга кузатаркан "Онам телефон қилган эдилар, бугун келишар экан. Ош дамлаб қўяман, эртароқ қайтсангиз", - деди. Ошга сабзи тўғрай туриб: “қайнота-қайнонамга қандай айтсам экан, айтганда ҳам нима дейман, гапни нимадан бошлайман”, - деган ўй билан каловлана бошлади. Сўнг, “Қайнотам синчил одам, ўзлари ўғлидаги ва уйдаги ўзгаришни сезар, яхшиси ҳеч нима демай қўя қоламан”, - деган қарорга келди ҳамда қарори ўзига ёқиб тушиб, бироз енгиллашгандай бўлди. Энди ошнинг гуручини солаверсамми-йўқми деб турганида, қайнота- қайнонаси бир қучоқ совға-саломлар билан кириб келишди. Кенг меҳмонхонага жойлашиб, набираларини суюб-эркалаш билан андармон бўлишди.                                                    У елиб-югуриб дастурхон тузатди, меҳмонларга чой қуйиб узатди ва яна ошхонасига қайтди. Ошни дамлаб, қайнота-қайнонасининг чойидан хабар олиш учун залга кирганида кўрди-ки, кичкинаси сичқонларни қафаси билан кўтариб кириб, бобосига мақтаниб турибди. Қайнотасининг авзои бузилди, лекин буни билдирмамиш бўлди. Келинига "Бу қай бирингнинг ишинг?" - дегандай бир қараш қилди. Қайнонаси эса:  “Мен жуда қўрқиб кетдим, болам, буларнинг касал-пасали бўлса сенга юқиб-нетиб юрмасин, ташқарига чиқариб қўя қолгин”, - деди ва ''Бунга Сиз нима дейсиз?" - дегандай чолининг ҳолатига сер солар бўлди. Қайнотасининг: - Келин, бу сичқон боқиш ҳунари кимдан чиқди? - деган сўровига ноилож қолиб, сичқонларни эри олиб келганини айтди. Сўнг, мингдан-минг хижолат чекиб, тутила-тутила “ўғлингиз шу сичқонларга ўхшармиш, бу гапни уларнинг ўзлари айтдилар”, - дея олди. Буни эшитган қайнотаси бир дам ўйланди, "Сичқонга ўхшармикан, шунга фаҳми етган бўлса, яхши", - деб жилмайиб ҳам қўйди. Қайнона-келин бир- бирига илкис қараб олишди-да, анграйган-ча туриб қолишди. Мана хонадон соҳиби ҳам уйга қайтди. Ота Қуръон тиловот қилди, чўзма синдирилиб, келин сузиб келган ош ҳам ейилди. Дастурхон йиғиштирилиб, аччиқ чойга навбат етгач бобо, “Ўғлим, ишларинг яхши кетяптими, нима гаплар?” - деб синчков қараб қўяр бўлди. Ўғилнинг, "Ҳаммаси яхши ота, ишлаб юрибман", - деган жавобини эшитган онаси: "Сичқон муборак болам, фақат биз қариялар бу харом нарсани уйингизга олиб келганингиз, ҳамда булар менга ўхшайди, деганингизнинг маънисига дим етмай турибмиз-да?” - деди. Хотинига бир қур қараб олиб, сукутда турган ўғлига ота: Ҳа ўғлим, мен-ку ниманидир англагандайман, лекин онангиз ҳамда келинга ўзингиз тушунтирмасангиз уларнинг кўнгли тинчимайди-ёв, - деб қўйди. Ўғил ерга тикилганча сўзга кирди: Ота, шу ишхонамдаги омборда сичқон пайдо бўлиб, ҳамма жойни илма-тешик қилиб ташлади. Сичқон дегани жимитдай бўлса-да, анча ўзига пишиқ ва айёр жонивор экан. Қопқон ҳам қўйдик, биттаси тушгач, бошқаси тушмай қўйса денг – қопқонга чап беришни ўрганиб олибди. Дориланган емак қўйдик, бир иккиси заҳарланиб ўлгач, бошқалари заҳарли емакка қарамай қўйди. Ишчиларимиздан бири битта мушук топиб келтирди. Мушук ин оғзида пойлайди, бошини чиқарган ўғри сичқонни таппа босади, денг. Сичқонлар икки-уч кунда даф бўлди – ё бари мушукка ем бўлди, ёки мушукдан қўрқиб, ўзларини бошқа ёққа уриб кетди. Шундай қилиб сичконлардан қутилдик... Шундай дея туриб ўғил бироз тин олди. Кампирининг чимирилганча ўғлига оғиз жуфтлаётганини кўрган ота: “Жим-сабр қил”, - дегандай бошини чайқаб қўйди. Ўғил паст овозда даъвом этди:  “Шу сичқоннинг омбордан ўғирлик қилиб кун кечиргани, бизнинг кўрган чораларимиздан баҳоли-қудрат қочгани ва охири мушукка ем бўлганини кўриб, ўйланиб қолдим... Мен ҳам нафсга берилиб, ўзимни уддабурон билиб, фойданинг кетидан кўр-кўрона қувмадимми?... Дунёда кўп нарсага енгил-елпи қараб яшаётганимни, даромадни солиқдан яшириш, қонунларга чап бериш кундалик одатимга айланганини хаёлимдан ўтказдим. Бу чора-тадбирларим шу махлуқ сичқоннинг айёрлиги каби вақтинча эканлигини, сичқон мушукка ем бўлганидек, мен ҳам ўзимни йиғиштирмасам бир кун ҳолим хароб бўлишини, қонун олдида жавобим қаттиқ бўлишини тушуниб етдим. Шундай қилиб, митти сичқон менинг тўғри хулосага келишимга сабабчи бўлди.... Бир ҳафта ўтириб, ҳамма ҳисоб-китобларимни жой-жойига қўйдим, солиқларни тўладим. Қонунга тўғри келмайдиган бор олди-берди ишларимга нуқта қўйдим. Бор, гап шу”. Ота: - Ҳа ўғлим, шундай бўлсин! Оллоҳ, ўзи меҳрибон. Тўғри йўлга соламан деса ҳеч гап эмас! Басират кўзингни бир сичқон мисолида очгани учун Ўзига минг бора шукр, - деди. Сўнг, анграйганча ўғлига қараб қолган хотини ҳамда келинига кўзи тушиб, уларга қарата, “Энди тушунгандай бўлдиларингми, унда сичқонга ҳам бир раҳмат деб қўйинглар-а,” - дея ҳазиллашган бўлди. Х. Ёдгоров  

11 Февраль 2022 909
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech