Нашрлар

Инсоннинг азизлиги - садоқатида, қадри эса ўз Ватанидадир!

Инсоннинг табиати қизиқда, агар бошига иш тушса, ҳал қилиш йўлини қидиради, меҳнат қилади, вазиятдан ақл билан чиқишга уринади, ҳаттоки ечимни у-бу кимдан ёрдам сўрайди. Бундай вазиятдан ўзи каби бошқалар ҳам зиён кўришини истамайди. Аммо шундай табиатли инсонлар ҳам борки, уларнинг бошига иш тушса, масалани ечишга ҳаракат қилмай, аксинча, нолийди, ўзини оқлайди, бунда кимнидир айблайди, қисқаси, охир оқибат бу тоифа кишилар худбинликка асир бўлиб, унинг домига тушади. Юқоридаги жумлаларнинг асл муддаосига кейинроқ тўхталамиз. Энди эса мавзуга қайтсак, шу аёнки, садоқат, деганда ҳар биримиз деярли бир тушунчани англаймиз. Албатта, шу он кўз ўнгимизда Ватан, юрт, ота-она, оила, ёр ва яқинлар ёки шу Ватан, халқ, миллат, ўз севган тушунчалари ва яқин кишилари келажаги учун жон фидо қилган аждодларимиз гавдаланади. Бежиз эмаски, садоқат сўзини Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга ва бошқаларга доим қўшиб ишлатамиз. Ҳақиқат шундаки, бугунги шиддатли давр талабида ҳар бир давлатнинг мустаҳкамлиги ва унинг аҳолиси ўртасида ўзаро ишонч бардавом ҳукм суриши учун энг аввало, садоқат сув ва ҳаводек зарур, асло газ ва электрдек эмас. Ҳар қандай қийинчилик, камчилик ва хатолар биз билган садоқатга рахна солмаслиги лозим... Демак, ҳар бир қозида ҳам мансаб, мартабасига садоқат бирламчи бўлмаслиги, бил акс, адолатга, қонунга ва албатта ўз халқи, Ватани ҳамда қасамёдига садоқати унинг дастуриламали бўлмоғи шарт. Шу маънода, ҳар қандай даражадаги давлат органи, мансабдор ёки давлат фуқаролик хизматидаги барча-барча ўз хизмат фаолиятида доим биз учун қадриятга айланган садоқатга содиқ қолиши лозим. Ушбу тушунчанинг нафақат давлат хизматчилари, балки, ҳар бир аҳоли вакили, ҳар қайси фуқародан ўз талаби бор, чунки Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга доим ҳамроҳ бўлиши керак бўлган садоқат, агар қай биримизда бўлмаса ёки унга риоя қилмасак, бизга четдан душман керак эмас, шунинг ўзи етарли бўлади. Яқинда юз берган энергия таъминоти – электр, газ билан боғлиқ етишмовчиликлар, узилишлар у ёки бу соҳадаги ишлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган ғаразли гуруҳлар таъсирига халқимиз вакилларининг билиб-билмай қўшилиб қолиши, Ватанга, унинг тинчлиги, аҳолисининг бирлигига қарши фойдаланишга уринишлар ҳам афсуски, кузатилди. Вазиятдан фойдаланиб, аҳоли ўртасида ишончсизлик кайфиятини уйғотишга зўр бериш, бу юртдан кетишни тарғиб қилиш, тинчлик, осойишталикка путур етказиш, вазиятни издан чиқаришга уриниш йўлида ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учради. Аммо, бунга тўғри баҳо берилса, ҳолатлар қайсидир соҳа вакиллари томонидан йўл қўйилган камчилик бўлиб, буни англаш, ечимини топишга барчанинг сафарбарлиги энг мақбул ечим саналади ва ҳукумат томонидан шундай ҳам қилинмоқда. Лекин, бундай муаммолардан Ватанга нисбатан «қурол» сифатида фойдаланиш, бу – хиёнат ва Ватанга нисбатан садоқатсизликдир.  Садоқат – эл фарзанди учун юрт бошига иш тушса билинади. У маълум тоифа аҳоли қатламига эмас, барчамизга тегишлидир. Чунки садоқат фаровон кунларда синалмайди. У муҳим дамларда яққол билинади, юзага чиқади. Садоқатнинг баҳоси ҳам, ўлчови ҳам айнан шундадир. Шунинг учун ҳам садоқат, бу – жамиятда биз топган энг асосий қадриятлардан бўлиб, халқ, давлатнинг тараққиёт рамзи ҳамдир. Садоқат йўқ жойда унинг ўрнига пойлаб тургандек ишончсизлик тезда етиб келади ва аҳоли ўртасида ўзаро масъулиятни йўқотишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам садоқат – барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. У орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар, ишончдан эса жамиятга файз киради, юрт кўкаради, давлат тараққий этади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ёки жадид боболаримиз қандай кунларда тарихга муҳрланган. Албатта, улар юрт бошига иш тушганида, ўз халқи ва Ватанига муҳаббати, садоқати туфайли шундай шон-шарафларга эришди. Шу боис ҳам бугун барчамиз садоқат, деганда Ватанни, Ватан деганда жон фидо аждодларимизни кўз олдимизга келтирамиз. Бугун замон ва макон, давр ўзгарди, даврон ўзгарди, бугун садоқатни намоён этиш ё аксинча садоқатга хиёнат қилиш учун жангу-жадал, жон бериб жон олиш шарт эмас, чунки ахборот асрида яшаяпмиз. Ахборот – энг кучли қуролга айланган макондамиз... Шундай экан, Ватанга қарши айтилган ҳар бир жумланинг юкини бутун вужудимиз билан ҳис этмоқликка масъулмиз. Илло, ҳеч қандай қийинчилик ёки етишмовчилик Ватанга бўлган садоқатга таъсир этмаслиги керак. Шунинг учун ҳам садоқатнинг асл моҳияти аввал, Ватан кейин мен, деганидир. Бир сўз билан айтганда, инсониятга инъом этилган энг эзгу қадрият ҳам айнан садоқатдир. У инсонни, Ватанни, халқни, ота-онани, ёрни, яқинларни, дўстни, касбу-корни, хуллас, эзгуликларни улуғлайди. Инсоният тарихида юз берган ва берадиган, бериши мумкин бўлган энг оғир жиноят ҳам, бу – хиёнат, чунки у Ватан, халқ, ота-она, оила, ёр, яқинларга, дўстга, касбга қарши қаратилади. Балки шу асосда қонунларимизда ҳам хиёнат учун қаттиқ жазо белгилангандир. Хуллас, таълим соҳасида – ўқитувчида, суд залида – қозида, соғлиқни сақлаш тизимида – шифокорда, иқтисодиётда ва ҳар қандай даражадаги давлат хизматчисида, умуман, барчада садоқат масъулияти бўлиши муҳим. Юртдошларимизнинг Ватанга, қонунга ва бурчга садоқати доимо сафарбар, шай ҳолатда туриши – ахборот замонида юз бераётган айрим ҳодисалардан ўз вақтида хулоса чиқариб олишимизда асқатади.   Яна бир гап, инсоннинг азизлиги унинг садоқатида, унинг қадри эса ўз Ватанидадир. Нуриддин Муродов, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

19 Декабрь 2022 869

Судьялар одоб комиссияси қандай ваколатларга эга?

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга одил судловнинг мустақиллигини, беғаразлигини ва лаёқатлилигини  таъминлаш орқали эришиши, бу фаолиятни олиб боришда судьялар “Судьялар одоби кодекси”да белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиши белгилаб берилган.       Суд тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 19 январдаги 1657-сонли қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисида” Низоми тасдиқланган. Мазкур Низом 6 та боб, 39 та моддадан иборат бўлиб, унда комиссия фаолияти бўйича умумий қоидалар, уни тузиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқиш асослари ва тартиби, комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ишни ташкил этиш ва якуний қоидаларни ўз ичига олган. Судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида Судьялар олий кенгаши, Олий малака ҳайъати ёки қуйи судлар судьялари малака ҳайъатларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари ва бошқа расмий манбаларда эълон қилинган маълумотлар Комиссия томонидан судьяга нисбатан масалани ўрганишга асос бўлиши; Судьялар олий кенгаши раиси, Олий суд раиси, вилоят судлари раислари ҳам судьянинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) Судьялар одоби кодексига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш учун Комиссияга тақдимнома киритиши; Судья маълум бир ҳаракатнинг Судьялар одоби кодекси қоидаларига мувофиқлик аниқлик киритиш борасида, шунингдек асоссиз маълумот тарқатилиши натижасида судьялик шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказилгани ёки дахлсизлиги бузилган деб ҳисобланган ҳолларда, бевосита мазкур Комиссияга мурожаат қилишлари мумкинлиги белгиланган. Юқоридаги Низом асосида Фарғона вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ҳамда Фарғона вилоят ва туманлараро маъмурий судлари судьялари 2022 йил 2 февралда бўлиб ўтган конференциясида Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси тузилган. Мазкур комиссия суд фахрийлари ҳамда суд тизимида узоқ йилларда буён самарали фаолият олиб бораётган судьялардан иборат 5 кишилик таркибда фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан Фарғона вилоят Судьялар одоб комиссиясига 2 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқиш учун йўналтирилган. Ушбу мурожаатлар туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари бўйича келиб тушган бўлиб, аризалар асосида комиссия томонидан текшириш ўтказилган ва текшириш натижаларига кўра судьянинг ишни кўриб чиқишдаги хатти-ҳаракатлари Судьяларнинг одоб кодекси қоидаларига мувофиқ деб топилганлиги ҳақида хулоса қилинган. Комиссия раиси ва аъзолари томонидан доимий равишда “Судьялар одоби кодекси”да белгиланган – ҳар бир судьянинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари, оммавий ахборот воситаларида судьяларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тарқалиши натижасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишига олиб келадиган ҳолатлар вужудга келганда қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда муносабат билдирилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш бериб келинмоқда. Шерзод ТОШМИРЗАЕВ, Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси аъзоси.

24 Ноябрь 2022 1007

Судьялик одоби маъруза тинглаш билангина эгалланмайди

Маълумки, 14 ноябрь куни Президентимиз одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масала сифатида мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, қонунийлик ва адолатни таъминлашга оид чоралар муҳокама қилинди. Адолат ҳақида ўйламаган, уни қўмсамаган, адолатли бўлишни истамаган инсон бўлмаса керак. Ҳар инсоннинг умрида, ҳар кўнгилнинг тўрида бу сўзнинг салмоғи бор. Ўзгага яхшилик қилишнинг ҳам, чин дилдан кўмак беришнинг ҳам замирида адолат туйғуси яшириндир. Инсониятнинг ҳаётбахш принципига айланиб улгурган бу сўзнинг қудратини юрак-юракдан ҳис қилиш учун адолат тарафида турмоқ, одилликни бошдан кечирмоқ керак. Бировнинг адолатли бўлганини билиш бошқа, ўз шижоатинг билан адолатли қарор қабул қилиш бошқа. Адолатни, фақат адолатни истайдиган даргоҳга яққол мисол –суддир. Айнан судда ҳар бир қадам адолатга эш бўлмоғи, ҳар бир сўз адолатга йўғрилмоғи керак. Бир сония бўлса-да, адолатдан чекиниш суднинг обрўсини тўкади. Эҳтимол, айнан шу сабабли суд жараёни одил судлов деб улуғланади. Балки айнан шу сабабли дунёнинг ярмини бошқарган бобомиз Амир Темур “Куч -адолатда” деб эътироф этгандир. Одил судловни амалга ошириш, адолатли қарорни таъминлаш кечаги куннинг ҳам, бугуннинг ҳам, эртанги куннинг ҳам энг муҳим шартидир. Зеро, тарозини тенг тутмаган жамиятнинг ҳаёти фаровон, адолатга таянмаган давлатнинг халқи буюк бўлмайди.  Айниқса, адолат тарозисининг паллаларидаги ўзгаришлар “электрон дунё” деб аталувчи бугунги кунда дарров сезилади. Ёмон хабар тез тарқалади, деганидек, одил судловда содир бўлган битта хатолик шу сониянинг ўзида интернет оламида “шов-шув”га айланади. Гўёки, суд залларида мисқоллаб йиғилган обрў ботмонлаб сочилиб кетади. Обрўни тиклаш мумкиндир, аммо асл мазмун шундаки, адолатсиз қарор туфайли қайсидир бир қалб ноҳақ озор чекади, не-не улуғ орзу-умидлар билан иш бошлаган тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлади ёки камида олтинга тенг вақтини ишбилармонликка эмас, суд остонасида ўзи истаган одилликни излашга сарфлайди. Маълумки, мантиқ фанидаги энг муҳим тушунчалар чин ёки ёлғондир. Бир қараганда, буни англаш осондек туюлади. Бироқ чинни ёлғондан ажратиш мушкул иш. Судларда эса бу тушунчалар – ҳақ-ноҳақ, қонуний-ноқонуний каби кўринишларда намоён бўлади.  Низонинг ечими қонунда аниқ кўрсатилган ҳолларда ҳақни ноҳақдан ажратиш қийин эмас, судьянинг кўнгли ҳақни истаса, ноҳақликка интилмаса, бўлди, адолат қарор топади. Бироқ қонуннинг ўзида мавҳумлик бўлса, иш чигаллашади. Бундай ҳолларда одил судловни таъминлаш одатда судьянинг билимига, аксарият ҳолларда, унинг виждони поклигига боғлиқ бўлиб қолиши тайин. Сезилаётган бўлса, адолатнинг қарор топиши, одил судловнинг таъминланиши судьяга, судьянинг билими ва пок виждонли бўлишига бориб тақалаяпти. Айнан шу сабабли виждони пок судьяни шакллантириш бугунги ислоҳотларга, таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон суд тизимига нисбатан қўйилган энг катта талабдир. Суд тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда судьяларни тайёрлаш ва танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судьялар Олий Кенгаши деб аталувчи янги тузилма яратилиб, нафақат мустақиллиги, балки ўзининг виждон амрига қараб якуний хулоса чиқарувчи бенуқсон касб эгаси ҳисобланмиш судьяларни шакллантиришга масъул этиб белгиланган. Мана қарийб уч ойдирки, ушбу даргоҳнинг синовидамиз. Синовга бардош бериш осон бўлмаяпти. Гап шундаки, мазкур масканда фақатгина таълимга эмас, балки тарбияга ҳам алоҳида урғу берилмоқда.  Шу сабабли қонунчилик бўйича ташкил этилаётган танловлар, турли йўналишдаги тестлар, бири-биридан мураккаб имтиҳон савол-жавоблари бир томон, судьяликка талабгорларнинг ички дунёқарашини, уларнинг кўнглини покликка йўналтириш, судьяга, фақатгина судьяга хос бўлган одоб-ахлоққа муносиб бўлишга ўргатиш бир томон бўлмоқда. Дастурларнинг таълимга оид қисмини бажариш нисбатан осондек, чунки барча олий маълумотли мутахассис, юридик соҳада деярли ўн-ўн беш йиллик амалий тажрибага эга. Қонунлардаги айрим янги ўзгаришлар ҳисобга олинмаса, қолган барчаси таниш. Бироқ судьялик одобини фақатгина кетма-кет маъруза тинглаш билан эгаллаб бўлмайди. Бу қоидаларни ўрганишнинг ўзи етарли эмас, ҳар бир талабгор судьялик одобини, яъни тинимсиз меҳнат ҳамда ўзининг ички туйғусини бир маромда бошқара олиш санъатини ўзининг қалбига сингдириши лозим. Маълумки, икки паллали тарози одил судловнинг рамзий белгиси сифатида қўлланилади. Одатда, тарозу паллалари муайян низонинг тарафларига, яъни даъвогар ва жавобгарга қиёсланади. Қонун тўғри қўлланилса, тарози тенглашади, деб айтилади. Судьялар олий мактабидаги таҳсил ушбу рамзий тарозига янгича тасаввурни уйғотди. Назаримда, тарозини низо иштирокчиси эмас, судьяга қиёслаган маъқул. Унинг паллаларига эса даъвогар ва жавобгар эмас, гўёки, судьянинг билими ва виждони юкланган. Судья билимли бўлса, қонунийликни таъминласа ва пок виждонли бўлса, яъни адолатни қарор топдира олса, тарози паллалари тенг бўлади. Судья билимли ва нопок бўлса ёки билимсиз бўлса-да, покликка интилса, тарози асло тенг турмайди. Рамзий тарозига ушбу нисбатни Президентимизнинг “Судьяларнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши лозим”, деган ҳикматли ўгити ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Судьяликка талабгорларда бир-биридан фарқ қилувчи, шу билан бирга бир-бири билан чамбарчас боғланган ушбу икки хислат – билимли ва пок виждонли бўлишни шакллантириш мактабнинг тажрибали, бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган профессор-ўқитувчилари, умрини судьялик касбига бағишлаган малакали судьяларнинг машаққатли меҳнати орқали амалга оширилмоқда. Назарияни билиш, ҳуқуқий меъёрларни қонунга мос қўллаш, процессуал қоидаларни деярли ёддан билиш, суд ҳужжатларини бехато расмийлаштириш, амалий мисоллар таҳлили каби изланишлар туфайли судьялик билими ривожланса, жамиятда, суд залида, кўча-кўйда, ҳаттоки, оилада ўзини қандай тутиши, гап-сўзи, муомала маданияти каби қоидаларга сўзсиз риоя қилишни сингдирадиган таҳсиллар эса судьялик одобини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маъруза ва амалий машғулотлар кўринишидаги таълим-тарбия ишлари ягона мақсадга – тингловчиларнинг адолатли судья бўлиб шаклланишига йўналтирилган. Судьяликка талабгорлар онгида адолат туйғусини шакллантиришда Судьялар Олий Кенгашининг ташаббуси билан чоп этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби, айниқса, китобнинг “Боболар тафаккуридаги адолат” деб номланган қисми алоҳида муҳим аҳамиятга эга.  Китобга кўра, “бир соатлик адолатнинг тарози палласи олтмиш мукаммал ҳаждан масъулиятли экан. Негаки, ҳажнинг натижаси, яъни фойдаси ҳожилардан ўзга кишига бўлмайди, адолат фойдасидан эса катта-ю кичик баҳраманддир”. Китобдаги қуйидаги мушоҳадалар ҳам эътиборга моликдир: “Адолатнинг савоби чегарасиздир ва ақл қиёсидан ташқаридир. Инсоният доимо адолатни қадрлаб яшаган. Одамзод қай маҳал ва мавқеда бўлишидан қатъи назар, адолатсиз яшаши мушкул. Инсон фаолиятининг қайси бир бўлагини олиб қараманг, у адолатга, тўғриликка асосланмаса, мувозанат йўқолади, ҳаёт издан чиқади. Кичкинагина адолатсизлик ҳам вақти келиб, бутун жамиятга акс садо бериши мумкин. Жамиятдаги, инсон фитратидаги беҳисоб иллатлар адолатсизликдан куч олади, жабр-зулм ва одамларни қийновчи муаммолар адолатсизлик туфайли юзага келади”. Айниқса, китобдаги “Ғурур” сарлавҳали ҳикоя адолатнинг барча халқлар ҳаётида муҳим ўрин тутишини яна бир бор намоён этиш билан бирга, қалбимизни чексиз фахр нури билан ёритиб, доимо адолатга таяниб иш кўришга ундайди.  Севимли шоиримиз Абдулла Орипов АҚШга борганида, штат губернатори кабинетида инглиз тилидаги: “Куч – адолатдадир” ёзувини кўрган. Шоир мезбондан “Бу кимнинг сўзи”, деб сўрайди. Губернатор “Буни билмайман, мен келганимда ҳам шу ёзув бор эди, менга жумла ёқади, жуда кучли фикр, шундай эмасми”, деб жавоб беради. Шунда шоир ғурур билан: “Бу – бизнинг Амир Темур бобомизнинг гапи”, дейди. Дарҳақиқат, адолат ҳамма замонларда Инсоният учун бирдек қадрли бўлган, зеро, қадимги Хитой донишманди Конфуций томонидан илгари сурилган “Яхшиликка – яхшилик билан, ёмонликка эса – адолат ила жавоб қилмоқ керак” деган таълимот айнан ҳозирги кун учун ҳам тараққиёт гарови ҳисобланади.    Р.ҲУСАИНОВА,  Судьялар Олий Мактаби тингловчиси, юридик фанлар номзоди

18 Ноябрь 2022 917

Тадбиркорлар учун "тилсиз адвокат"

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” амалий қўлланмаси нашр этилди. “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” китобининг илк тақдимотида соҳа вакилларининг таклиф ва илтимосларидан келиб чиқиб, қўлланманинг электрон нусхасини жойлаштирилмоқда. Қўлланманинг электрон нусхасини юклаб олиш

10 Ноябрь 2022 1339

Журналист ва блогерлар учун амалий қўлланма нашр этилди

Судьялар олй кенгаши ташаббуси билан журналист ва блогер учун “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари” номли амалий қўлланма нашр этилди.Қўлланмани юклаб олиш 

31 Октябрь 2022 1516

Судья ва судга муносабат, “эзғиланаётган” бечора ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий савия...

Ҳазрат Жалолиддин Румий ўзининг «Фиҳи-мафиҳи» (Ичингдаги ичингдадур) номли китобида муқаддас «Қуръони карим» каломларига таяниб қўйидаги сўзларни келтиради. «Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди». Ҳа... агарки, қисқагина ва соддагина ёки чуқур мушоҳада қилмасдан туриб ҳам айтиб қўя қоладиган бўлсак, «эр-хотин бири-бири, ота-она фарзанди, қариндош уруғлар, жамиятдаги ҳар бир шахс ўзаро бир-бирлари олдида ҳақдорлик (ҳуқуқ)ни ёки қарздорлик (мажбурият)ни олдилар. Жамиятда шахслар ўртасида юзага келган, айнан ўша ҳақдорлик ва қарздорлик «омонат»и борасида «фатво» чиқариш юкини эса қозилар елкасига олди. Ҳеч эътибор қилганмисиз, суд ҳукми ўқилганида айбдор, жабрланувчи, уларнинг яқинлари ёки суд қарори эълон қилинганида даъвогар, жавобгар, уларнинг вакиллари қандай муносабат билдиради. Албатта, суд якунидан у ёки бу тараф норози эканлигини ҳис-туйғуларга берилиб билдирган, баъзан ичида ёки очиқ эшиттириб судни ҳақорат қилганлар кўплаб топилади. Ушбу ҳолатлар аввало, низолар – одамларга берилган «омонат»ларга кўра, ФИБ судларда кўпроқ, сўнг ЖИБ, маъмурий ва иқтисодий судларда кетма-кетлик асосида кузатилади. Демак, улар «қози»га беш кетмадим, судга ишонч йўқ», дейди... Айни суд якуни бўйича кузатилаётган бу каби ҳолатлар Ўрта Осиё, жумладан, афсуски, бизга хос бўлиб, танимизга сингиб кетишга улгурган. Айрим илғор давлатларда эса вазият бироз бошқача, яъни, қонунчилик анча ривожланган. Аҳолининг қонунларга итоаткорлиги шаклланган, судлардан ҳам аҳоли қонунни қўллашни талаб қилади. Биз сингари судлардан ўзларини рози қилишни ёки ўзларига кераклича эътиборни талаб қилмайди. Шундай экан, савол туғилади: "Нега, бизда судлар ҳар доим ҳам низони нотўғри, ноқонуний ҳал этадими?" 1. Ҳа, судда баъзан низолар ўз ечимини топмаслиги ёки низо нотўғри ечим топганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу табиийдир. Бутун дунёда бундай ҳолатлар афсуски, кузатилади. 2. Йўқ, таҳлилларга қараганда, бугун судларда кўрилаётган жами ишларнинг 3 фоизи бўйича қилинган шикоят ва эътирозлар маълум бир асосга эга бўлиб, шуларнинг тахминан 1 фоизида қўйи инстанция судларининг қозилари хатоларга йўл қўймоқда. Буни инкор этиб бўлмайди. Бу каби хатолар «қози ҳам хом сут эмган бандада, адашади, хато қилади», деган гап билан асло оқланмайди. Бу ўз номи билан нотўғри қарор, ноқонуний суд ҳужжати, омонатга хиёнат, деб қаралиши даркор. Шу билан бирга, ушбу масаланинг оғриқли иккинчи томони ҳам бор. Демак, таҳлиллар судга мурожаат қилувчилар ва ҳуқуқбузарларни ҳам ўзларига юклатилган омонат – ҳуқуқ ва мажбуриятларига нисбатан масъулият билан ёндашишларини ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ талаб қилинаётганини кўрсатмоқда. Амалда қонунларга итоат даражаси ҳамон пастлигича, судга ҳурмат ҳаминқадарлигича, кишилар ўртасидаги ўзаро суд низолари жараёнида эса, тарафлар ўртасидаги қотиб қолган шахсий интрегиялар, менталитетга айланиб улгурган наф бермас ғурур, ҳақсизлик, қарздорликни атай ё билиб-билмай тан олмаслик, ҳақдорга ютқазишни хоҳламаслик кабилар ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий савияни эзғилаб ташлаяпти. Оқибатда эса, ачинарли ҳолатлар – низоларга ечимларни қонун ва қонуний суд қарорларидан эмас, балки суд унга керагича эътибор қаратмаганлиги, судьянинг ўзини тутиши, унинг идеал бўла олмаганлиги, айрим ҳаракатлари, судьянинг шахсига нисбатан, унинг ташқи кўринишига ва судьянинг ички оламига баҳолар, унинг у ёки бу тарафга бераётган савол-жавобига шубҳа асосида қарашларга урғу бераётганимиз каби ҳолатлар кенг қулоч ёзди. Ваҳоланки, «Судда тарафлар ва улар ўртасидаги ўзаро муносабат ёки тарафлар ва қози ўртасидаги суд олиб бориш тартибидаги ўзаро муомала, агар лозим бўлса, мулоқот устувор аҳамият касб этмоқда. Илло, судда, суд мажлисида фақат адолат ҳамда қонун гапириши лозим. Тамом, сўз ортиқчадир. Бундан ҳеч бир тарафга, жумладан, жамиятга ҳам наф йўқ”. Бунинг акси бўлаверса, масалан, қози тарафларга сиполик билан яхши муомалада бўлса-ю, суд якунига кўра, нотўғри қарор қилган ҳолда ҳам тарафларнинг кўнглини олса ё тарафлар ҳам суд уларни ҳурматини жойига қўйилганидан ғурурланиб, ўзларини хурсанд қилиб кетса, унда ҳақиқий фалокат бўлади. Бу асло судга ишонч ва суддан одамларни рози қилишни англатмайди. Қолаверса, аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, қозига ҳам, судга ҳам баҳо ишонч ёки ишончсизлик қозиларга берилган омонат, яъни, ким нима муносабат билдиришидан қатъи назар, қози фақат ва фақат адолат ва қонунни оғишмай қўллаши билан ўлчаниши лозим. Шунингдек, судга иши тушганлар, ҳуқуқбузарларнинг ҳам қози ва судларга баҳо беришдаги асосий мезони, бу — айнан судьянинг адолат ва қонун ўзларига, яъни кишиларга берилган омонатида — ҳақдорлиги ва қарздорлиги юзасидан келиб чиқаётган низоларида қанчалик тўғри қўлланганини тан олиш, олмасликдан келиб чиқиши шарт. Шу асосда жамиятдаги муносабатлар қонунларга ва суд қарорларига итоат ва итоатсизлик ҳамда унинг оқибатларини англаб етиш асосида шаклланадиган жамиятдаги соғлом қарашлар қози ва судларга ишончни белгилаб берувчи муҳим омил бўлмоғи мақсадга мувофиқ. Хулоса ўзингиздан! Нуриддин МУРОДОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

6 Октябрь 2022 955

Қонуннинг "қаттиқ тили". Ёки апелляция институтини ислоҳ қилиш эҳтиёжи

Қонун нормалари мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб, тўғри қўллай олиш уларнинг таъсирчанлигини оширишда муҳим омили ҳисобланади. Бу эса қонун ҳужжатлари имкон қадар содда ва равон ёзилишини, қўллаш механизми ҳам оддий ва қулай бўлишини тақозо қилади. Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда, тарафларнинг суд қарорларига нисбатан эътирози – шикоят қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тизимини мақбуллаштириш, фуқаролик процессуал қонунчилигида апелляция институтида айрим ўзгартиришларни амалга ошириш эҳтиёжи бор. Зеро, суд қарорларига нисбатан шикоят тарафларнинг энг аҳамиятли ҳуқуқлардан биридир. Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, раислик қилувчи суд ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш вақтида  унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтиради. Яъни:  “Ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу суд орқали Тошкент шаҳар (тегишли вилоят) судига апелляция шикояти берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкин”. Матндаги “ушбу суд” сўзлари “ҳал қилув қарорини қабул қилган суд” маъносини ифодалашини амалиётчи ҳуқуқшунос бўлмаган ишдаги тарафлар  доим ҳам тўғри англамаслиги тажрибаларда кўп кузатилади. Тўғри, ФПКга кўра (384-модда, 1-банди) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари қуйи судлар қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади. Бироқ мазкур кодекс 385-моддасининг 1-қисмига кўра, апелляция шикояти (протести) тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси суди номига йўлланса-да, лекин  у ҳал қилув қарорини (ажрим, қарор) чиқарган суд орқали берилади. Айни ҳолатда қонуннинг тартибга солиш механизмининг тизимлилиги бузилгандек кўринади, оддий мантиққа ҳам зиддек тасаввур уйғотади. Зеро, юқорида қайд этилганидек, қонунлар оддий, ҳаётий ва тушуниш осон бўлиши учун мантиқий тизимли ҳам бўлиши керак. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти”га кўра, қонун лойиҳасининг матнига нисбатан жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги; таърифнинг аниқлиги; баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги бўйича талаблар ўрнатилган. Бундан ташқари фуқаролик процессуал қонунчилигида амалдаги тартибга кўра, суд ҳужжатлари устидан шикоятнинг юқори инстанция суди номига йўлланиши, бироқ у (шикоят) суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали амалга оширилиши юқоридаги услубиёт талабларига ҳам мос эмас. Энг асосийси, фуқароларда тушунмовчиликлар ва қонунни тўғри қўллашда қийинчиликларни юзага келтиради, шу билан бирга, ўз эътирозини айнан норози бўлган суднинг ўзига топшириши фуқарода (тарафларда)  судга нисбатан шубҳа ҳиссини юзага келтириши мумкинлиги ҳам истисно этилмайди.  Суд ҳужжатларига нисбатан берилган апелляция шикоятини кўриш ваколати апелляция инстанциясига тегишли бўлиб, берилган шикоятнинг кўрилиш-кўрилмаслиги масаласи ҳам айнан ушбу инстанция томонидан ҳал қилиниши зарур. Апелляция инстанцияси томонидан кўриладиган шикоятнинг тўғри ёки нотўғри берилганлиги масаласини қуйи инстанция суди ҳал қилиши ҳам қонуннинг тартибга солиш тизимида номувофиқликларни юзага келтиради. Зеро, биринчи инстанция судининг қарори қанчалик қонуний, асосли ва адолатли бўлмасин, ишдаги тараф бу қарор билан келишмаяпти, демак,  унинг эътирози қарор қабул қилган суднинг иродасига боғлиқ бўлиши холислик ва беғаразлик тизимини таъминлашда мувозанат бузилишига ҳам олиб келади. Ўзи кўриб чиқадиган шикоятнинг тўғри расмийлаштирилган-расмийлаштирилмаганлигини айнан шикоятни кўрадиган суд сифатида апелляция инстанцияси ҳал қилиши, бу масала унинг ваколатига тааллуқли бўлиши лозим. Илгари сураётган таклифлар ўз-ўздан муайян камчиликларга кўра (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги ва ҳоказо) шикоят қайтаришга оид тартибларни ҳам апелляция суди ваколатига беришни тақазо қилади. Бу, биринчи навбатда, фуқароларда суд ҳужжати қабул қилган биринчи инстанция судига нисбатан турли шубҳаларга барҳам беради. Апелляция шикоятлари тўғридан-тўғри шу инстанцияга берилиши  шикоятларнинг ушбу босқичга етиб бориши жараёнида бир бўғин ёки босқич четлаб ўтилган бўлади ҳамда эътирозларга оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) тушунарли ва ихчам тартиб шаклланиш имкониятини ҳам пайдо қилади.  Энг муҳими, процессуал қонунлар мазмуни ва ишлаш механизмининг унификациялашуви юз беради. Зеро, Фуқаролик процессуал кодекси 405-моддасининг 1-қисмига кўра, кассация шикояти (протести) апеллация шикоятлари тақдим этишдан фарқли равишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади. Суд ҳужжатларини қайта кўрувчи иккита инстанцияга шикоятларни бериш тартибининг турлича эканлиги фуқароларда англашилмовчиликларни юзага келтираётганини юқорида қайд этиб ўтдик. Чунки, тартибга солинаётган механизм битта – суд ҳужжатини қайта кўриш, лекин юқори инстанция турига қараб шикоят бериш тартибининг ўзгариб бориши ҳеч қандай қулайликлар келтирмаётганини амалиёт кўрсатиб турибди. Шунингдек, процессуал қонунлар унификациялашувининг яна бир варианти бу - Фуқаролик процессуал кодексида шикоятларни бериш ва расмийлаштириш юзасидан мавжуд тартибни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги тартиблар билан бирхиллаштиришдир. Чунончи, Иқтисодий процессуал кодекси 261-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 202-моддаси талабларига кўра,  апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.    Фуқаролик процессуал қонунчилигида ҳам бундай тартибнинг ўрнатилиши юқорида қайд этилган муайян камчиликлар билан тақдим этилган (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги) апелляция шикоятини иш юритувга қабул қилиш ҳамда шикоятнинг тақдирига оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши имкониятини беради.  Аслида ФПК, ИПК ва МСИЮТКда суд ҳужжатларига шикоят бериш муддатлари, шикоятни кўриб чиқиш тартибининг бир хил қилиб белгилангани ҳолда фақат ФПКда шикоятни расмийлаштириш тартибининг бошқача тартиби белгиланиши мантиққа тўғри келмайди.    Таклиф этилаётган тартиб шикоятларнинг нисбатан тез кўрилишини самарадорлигини ҳам оширади, назаримизда. Яъни, процессуал қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ишдаги тарафлар томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олади, шикоятларни судда кўриш учун тайёрлаш ва тайинлаш билан боғлиқ жараёндаги ноқулайликлар бартараф этилади. Мавжуд амалиётга кўра, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан ФПК 385-387-моддалари талаблари бажарилмаган ҳолда апелляция инстанцияси судига юборилган ҳолда, иш тегишли тарзда расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборилади (Олий суд Пленуми 2021 йил 20 апрелдаги “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарори 9-бандининг 4-хатбошиси). Яъни, апелляция шикоятининг процессуал қонунчилик талабларига риоя қилинган ҳолда берилганлиги масаласини ҳал қилиш ваколати биринчи инстанция судига берилгани ҳолда, қонунчиликда биринчи инстанция суди ҳам ушбу масалани “тўғри берилган” деб ҳал қилишда камчиликларга йўл қўйиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Шикоятнинг тўғри берилган-берилмаганлигига охирги баҳони апелляция инстанцияси берар экан, ушбу ваколат бошидан мазкур инстанцияга тааллуқли бўлиши лозим. Шунингдек, юқоридаги Пленум қарори 9-бандининг 5-хатбошисига кўра, апелляция инстанцияси суди томонидан иш апелляция тартибида кўрилаётганда бошқа шахсдан шикоят (протест) келиб тушган ҳолда ҳам иш ФПК 389-моддаси талабларини бажариш учун биринчи инстанция судига юборилади. Бундай тартиб эса ишларни апелляция инстанциясида кўриш муддатларига жиддий таъсир қилади, зеро, амалиётда “биринчи инстанция судига юбориш” камида бир ой муддатни олади. Ваҳоланки, апелляция инстанциясининг бошқа шахсдан келиб тушган шикоят (протест)ни қабул қилиш масаласини ҳал қилиши ҳам муддатлар чўзилишининг ва процессуал тартиб юзага келтирган сансалорликнинг олдини олади ҳам жараённи тартибга солиш механизмидаги тизимлиликни таъминлайди. Сўнгги вақтларда суд амалиётида ишдаги тарафлар томонидан бундай процессуал тартибни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраётгани бор гап. Айниқса,ишда бир нечта тарафлар иштирок этаётган ҳолатларда уларнинг ҳар бири томонидан навбат билан шикоят берилиши натижасида иш такрор ва такрор бир неча марта биринчи инстанция судига қайта расмийлаштириш учун юборилмоқда. Оқибатда ишдаги бошқа тарафларнинг асосли эътирозлари келиб чиқмоқда, апелляция инстанцияси эса шикоятни кўрувчи (ҳамда агарда камчиликлар билан расмийлаштирилган бўлса, ушбу камчиликларни кўрсатиб, қайта расмийлаштириш учун юбориш ваколатига эга) суд сифатида шикоятни бевосита қабул қила олмаслиги натижасида мантиқсиз ҳолат юзага келиб, мавжуд тартибнинг ўзи сансалорликка, ҳуқуқ суиистеъмолига йўл очиб бермоқда. Амалдаги процессуал қонун талабларига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанцияси судида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилади ҳамда суд мажлисининг вақти ҳам ушбу суд томонидан белгиланади. Сўнгги йилларда апелляция шикоятлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Шикоятларнинг кўрилиш вақти биринчи инстанция судлари томонидан белгиланиши туфайли амалиётда бир вақтда бир нечта ишларнинг тайинланиши, натижада фуқароларнинг суд мажлисини узоқ вақт кутиб қолиши ҳолатлари ҳам юз бермоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра, шикоятлар апелляция инстанциясига тўғридан тўғри берилса, суд мажлислари вақти ҳам шу инстанция томонидан  мавжуд жадвални инобатга олган ҳолда тайинланади. Бу эса турли сансалорлик ва  эътирозларнинг олди олиниш имкониятини беради. Ўртага ташланаётган таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш жараёнининг узвий қисми бўлган суд ҳужжатларини қайта текшириш институтини янада такомиллаштириш орқали апелляция инстанцияси институти фаолиятининг самарадорлиги ошишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, бугунги кунда шундай ҳам иш юкламаси катта бўлган биринчи инстанция судлари ишини бирмунча осонлаштиришга хизмат қилади.   Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари - фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

4 Сентябрь 2022 1707

Афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан чоп этилган  “Уч машҳур ўзбек аёли” китобида ўзбек ҳуқуқшунослиги афсоналарига айлган Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова, Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилади. Китоб бадиий асар эмас, унда на муболаға, на бўрттиришлар бор. Аксинча,  ҳамма-ҳаммаси архив материаллари асосида баён қилинадики, шу боис  китобни бемалол афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар, дейиш мумкин.   Китоб қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолияти инсон тафаккури ва имкониятлари нақадар кенг эканини яна бир бор кўрсатиб беради.  Эътибор беринг-а, уч машҳурамизнинг камолот ёши Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келган, шунга қарамай давлат ишини ҳам, оилани ҳам бирдек уддалагани таҳсинга, шунча ташвиш-юмушлардан ортиб, илмий изланишлар олиб бориб, олима бўлганлари эса ҳайратга лойиқ. ...Хадича Сулаймонова  бор-йўғи 52 йил умр кўрганлар. Шу қисқа умри давомида 22 ёшида Олий суд аъзоси, 39 ёшида фан доктори, 43 ёшга тўлиб-тўлмай академик рутбасига эришади.  Бу давр оралиғида туман суди судьялигидан Адлия вазири, Олий суд раислигигача бўлган машаққатли йўлни ҳам босиб ўтганидан фақат ҳайратланиш мумкин.  Арбобликнинг юки қанчалар оғир, илм йўлининг  машаққатлари-чи? Ҳар икки жабҳада намуна бўлмоқни ўзи бўлмайди, Хадича Сулаймонова аёл боши билан  арбоб ва олималикдан ташқари талабчан устоз, оилада саранжом бека ва меҳрибон оналик-да ўз ўрнига қўйгани учун ҳам буюкликка муносиб шахсдир. ...Мамлакат Восиқованинг ҳаёти   ва фаолиятида ҳам шундай манзаралар кўзга ташланади.  Ўтган асрнинг йигирма тўртинчи йилида таваллуд топган М. Восиқованинг болалиги қатағон даври сифатида тарихга кирган ўттизинчи йилларга тўғри келади. Айни ўша долғали йилларда илм-зиё йўлидан  борган машҳурамиз ҳали ўттизга тўлмай Адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланади. Ушбу лавозимда беш йиллик самарали фаолиятидан сўнг Олий суд раиси ўринбосарлигига муносиб кўрилади.  Шундан кейин республика раҳбарлик идораларида қатор масъул вазифаларда фаолият кўрсатганидан сўнг ўн тўрт йил Адлия вазири лавозимида ишлайди.  Бир-биридан масъулиятли, бир-биридан оғир вазифаларда  ишлаганига қарамай изчил илмий изланишлар олиб бориб,  фан доктори, профессор илмий даражалари соҳибасига айланади. Яна бир эътиборли ҳолат шуки,  арбоблик масъулияти ва олималик машаққатидан ташқари М. Восиқова беш нафар фарзанднинг онаси сифати уларни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказади. ...Ҳалима Муҳитдинованинг бошига Ўзбекистон Министрлар совети раиси ўринбосарлиги миннати солинганида 28 ёшда экан (1944 йил).  Бу давр ўтган асрнинг иккинчи жаҳон уруши кечаётган пайти  бўлиб, мамлакат оғир иқтисодий танглик пайтида экани яқин тарихдан маълум. Бунгача прокуратура органларида фаолият кўрсатган опа орадан кўп ўтмай, адлия вазири ўринбосари, кейинроқ Олий суд раиси мувони, ниҳоят, Олий суд раиси лавозимларида фаолият кўрсатиши хаёлининг тор кўчасидан ҳам ўтмаган  бўлса керак... Бироқ тақдир, номлари қайд этилган ҳамкасблари қатори унга ҳам  осон бўлмаган қисматларни раво кўрди. Парвозлардан эсанкираб қолмади, ҳаёт сўқмоқларида қоқилса-да, йиқилмади. Энг муҳими, у ҳам ҳар қандай унвон-у мартабалардан баланд турадиган вафодор ёр ва меҳрибон оналик масъулиятини унутгани йўқ.            ...Китоб ҳақидаги ушбу мухтасар таассуротларимизда бежизга улар ишлаган лавозимларига алоҳида эътибор қаратилмаяпти.  Арбобларнинг фаолияти  ҳеч қачон осон кечмаган.  Лавозимни имтиёз эмас, масъулият деб билганлар учун икки карра оғир бўлиши ўз-ўзидан аён. Шунинг ўзи уччала буюк ватандошимизнинг ҳаёти ҳаловатсизликда ўтганини  кўрсатади. Қолаверса, гап ким қандай лавозимларда ишлагани эмас, балки ўша вазифалардан қандай ишлаганида. Уч буюк ватандошимиз  масъулиятли лавозимда қандай ишлаб, қандай ишларни амалга оширганини эса битта мақолага сиғдириб бўлмайди. Бунинг учун “Уч машҳур  ўзбек аёли” китоби ўқимоқ ва укмоқ лозим.   Муҳайё Дедамирзаева, Наманган вилоят судининг фуқаролик  ишлари бўйича судьяси  

31 Август 2022 1190

Судьяларни танлаш, тайинлаш тартиблари - АҚШ

Маълумки, судьянинг мустақиллиги — бу унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, бирор-бир аралашув ёки босимларсиз мустақил ҳолда одил судлов фаолиятини амалга оширишидир. Шу маънода 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўз­бекистоннинг тараққиёт стратегиясида еттита устувор йў­налишдан бирида айнан судларни мустақиллигини таъминлашга қаратилган алоҳида мақсад белгилаб олингани эътиборга молик. Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судья­ларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда уларнинг фаолиятига ҳар қандай таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Судьянинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши Конс­титу­ция даражасида кафолатланишининг асосий сабабларидан бири — суд ҳо­ки­мия­ти­га бош­қа ҳеч қайси ор­ган ваколатига тааллуқли бўл­маган одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилгани билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаё­тида, фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳа­мияти беқиёс. Судьянинг мустақиллиги одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг шаффофлигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Айниқса, бу борада тараққий этган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, АҚШ суд тизими одил судловни амалга оширишда судьянинг фаолиятига аралашмаслик ва мустақиллик принципини амалда таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бугунги кунда АҚШ демо­к­ра­тик принципларга асосланган суд тизимини ташкил этиш ҳамда одил судлов фаолиятини амалга ошириш борасида дунёнинг энг илғор давлатларидан бири саналади. Америка ҳуқуқ мактаби анъаналарига мувофиқ, мамлакатда амалда бўлган қонун чиқарувчи, ижроия, маъмурий, суд ва бошқа органлар улкан, сертармоқ ва ўта мураккаб тизимга эга. Улар АҚШ Конститу­ция­­си асосида фаолият юритади. АҚШ суд тизими давлатнинг федератив хусусиятини ўзида акс эттириб, федерал судларнинг ягона тизими билан бирга, штатларда мус­тақил суд тизими ҳам фаолият юритади. Фуқаролик ва жи­ноят­ ишларининг асосий қисми штат судлари томонидан, фуқароларнинг федерал ҳукуматга нисбатан ва чет эл давлатлари фуқаролари ўр­тасидаги, шунингдек, миқдори 10 минг доллардан ошадиган даъволар федерал судлар томонидан кўриб чиқилади. АҚШ федерал суд тизимида тўртта асосий маъмурий бошқарма мавжуд. Улар суд тизимини маъмурий жиҳатдан бош­қаришга масъул бў­либ, мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Суд мажлиси деб аталган бошқарманинг таркиби фақат судьялардан ташкил топган ва у федерал суд ҳо­кимия­тининг фаолият йўналишини белгилаб беради. Олий суд раиси бир вақтнинг ўзида Суд мажлиси бошқармасининг ҳам раҳбари ҳисобланади. Унинг аъзолари АҚШдаги 13 та минтақавий апелляция суди раислари ва 94 та федерал туман судининг вакилларидан иборат. Маъмурий бошқарма АҚШ Суд мажлиси бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган қа­рорларни амалга оширади. У судларнинг ҳар кунги фаолиятини, яъни судларнинг кадрлар ва ёрдамчи техник ходимлар, маблағ, жиҳоз ва иш юритиш материаллари билан таъминланиши учун масъулдир. Федерал суд маркази судьялар ва суд техник ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш учун масъул. 13 та минтақавий апелляция суди қошида фаолият юритадиган Минтақавий суд кенгашлари ўз ҳудудий юрисдикцияси доирасида ҳудудлардаги судларни бошқаришга масъул ҳисобланади. АҚШ суд тизимида Олий суд муҳим ўрин тутади. У Конс­ти­туциявий назорат органи вазифасини бажарган ҳолда Конгресс акти, штат қонуни ёки ҳар қандай суд қарорлари Конс­титуция нормаларига зид келган тақдирда уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга. АҚШ Олий судининг асосий вазифаларидан яна бири икки ёки ундан ортиқ штат ўр­тасидаги низоларни биринчи инстанция бўйича кўриб чиқишдан иборатдир. Федерал суд тизими таркибига апелляция, округ ва махсус судлар киради. Мамлакатда 11 та апелляция округи ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 23 нафар судьяси бўлган апелляция судлари мажлис ўтказади. Бундан ташқари 1982 йилда федерация миқёсида юрисдикцияга эга бўлган АҚШ Апелляция суди ташкил этилган бўлиб, у божхона, патент ишла­ри ва даъволар бўйича ши­коят­ларни кўриб чиқади. Апелляция судлари округ судларининг ҳукм ва қарорлари, штатлар маъмурий органларининг қарорларига нисбатан киритилган шикоятларни ҳам кўриб чиқиб, ҳал қилади. Округ судлари штатлар ҳу­дудида ташкил этилади ва федерал судлар ваколатига те­гишли асосий ишларни кўради. Бундан ташқари мамлакатнинг йирик шаҳарларида ҳам бир неча округ судлари фаолият юритади. Мамлакатда 95 та округ су­ди мавжуд. АҚШ суд тизимининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, умумий юрисдикция судлари билан бир вақтда ихтисослашган судлар ҳам фаолият юритади. Улар томонидан фақат маълум тоифадаги ишларгина кўриб чиқилади. Масалан, ташқи савдо бўйича суд тўққиз нафар судьядан иборат таркибда иш юритади. Улар якка тартибда қарор чиқариши мумкин. Қолаверса, улар суд қароргоҳи жойлашган Нью-Йорк шаҳрида ёхуд зарур ҳолларда АҚШнинг бошқа порт ша­ҳарларидан бирида иш кў­риш ваколатига эга. Солиқ суди эса, федерал со­лиқлар миқдорини белгилаш ва уларни тўлаш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади. Таъкидлаш жоизки, АҚШда судьялик лавозимига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш борасида белгиланган тартиб ва амалиёт судлар мустақиллигини таъминлашда ҳал қи­лувчи аҳамиятга эга. Президент ва Конгресс судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш ҳамда тасдиқлашда муҳим ўрин тутади. Масалан, АҚШ Олий судида бўш ўринлар пайдо бўлса, Президент уларни тўлдириш учун ном­зодларни танлаб, уларни Олий Суд судьяси лавозимига тайинлайди ва тасдиқдан ўтказиш учун Сенатга юборади. Мазкур номзодни Сенат қа­бул қилиши, тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Бунинг учун Сенат номзодларнинг тавсифномаларини, судьялик қоби­лия­ти, касбий маҳорати, ҳатто суд тўғрисидаги фалсафий қарашларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади ва ўз мажли­си­да муҳокама қилади. Шу билан бирга Федерал Апелляция ва туман судларининг судьялари ҳам Президент томонидан Сенатга тавсия қилинади. Номзод Сенат томонидан худди шу тарзда тасдиқланади. Штат судларида судьялик лавозимига тайинлаш турли қои­далар асосида ўтказилади. Аксарият штатларда олий суд ва апелляция судлари судьялари штат губернатори томонидан (Сенат ёки штатнинг бошқа қонун чиқарувчи органи розилиги билан) 6-15 йил муддатга, кў­пинча такроран тайинланиш ҳу­қуқи билан тайинланади. АҚШнинг айрим штатларидаги қуйи турувчи суд инстанциялари судьялари ҳам худди шу тартибда ўз лавозимларини эгаллайди. Лекин штатлардаги кўпчилик судьялар аҳо­­ли томонидан сайлов кампаниялари давомида сайланиши каби тартиб ҳам мавжуд. Бундай тизим сиртдан демократик кўринса-да, кўпинча бу жараёнда номзодларни қўлловчи бир-бирига рақиб сиё­сий партияларнинг манфаатлари би­ринчи ўринга чиқиб қолади. Касбий ва шахсий сифатлар эса, иккинчи даражага тушиб, эътибордан четдан қолади. Шу сабабли бу тизим АҚШда ҳақ­ли равишда танқидга учрамоқда. Натижада кўпгина штатларда сўнгги ўн йилликлар давомида судьялик лавозимини эгаллаш тизимининг муқобил йўллари ишлаб чиқилмоқда. АҚШ Федерал суд тизимида судьялар умрбод ўз лавозимларига тайинланади. Бу ҳолат судьялар ишининг бар­қарорлиги ва сиёсий таъсирдан ҳимояланишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Судьяларни вазифасидан четлатишнинг жуда ҳам мукаммал тартиби амал қилади. Бунда федерал суд тизимида фао­лият кўрсатаётган судьяни ўз лавозимидан озод қи­лиш учун унга нисбатан ишончсизлик билдириш механизми, яъни импичмент институти қўлланилади. Хулоса қилиб айтганда, АҚШ­­­да суд ҳокимияти мустақиллиги амалда таъминлангани одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг асоси бў­либ хизмат қилмоқда. Демократик тамойилларга асосланган бу тажрибанинг афзал жиҳатларидан мамлакатимиз суд амалиётида фойдаланиш шахс ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга ёр­дам бериши аниқ. Нурали Қурбонов, Тошкент вилояти суди судьяси

11 Август 2022 1457

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси  маълумотларига кўра, 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Қурилиш соҳасининг ўзида эса 3,5 трлн. сўмлик тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.[1] Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд. сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилган.[2]  Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу эса коррупциявий омилларга  қарши курашишга қаратилган самарали механизмларни давлат харидлари соҳасида ҳам ишлаб чиқишни тақозо этади. Давлат харидларининг асосий тамойиллари очиқлик ва шаффофлик, рақобат, холислик ва коррупцияга йўл қўймасликдир. Лекин, давлат хариди ва буюртмаларида коррупцион ва рақобатга зид амалиётлар кенг тарқалган.  Бу  борада  олимларнинг турли- туман ёндашувлари, фикрлари мавжуд. Хусусан, В.А.Васенинанинг фикрича: “...давлат эҳтиёжлари учун харидларни амалга ошириш жараёни иқтисодиётнинг коррупцияга мойил тармоқларидан бири бўлиб, унинг иштирокчилари ҳуқуққа хилоф равишда моддий манфаатдор бўлишга интилишади”.[3] Давлат харидлари  жараёни  манфаатлар  тўқнашуви яққол  кўзга  ташланадиган соҳалардан биридир. Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларида акс этган.  “Манфаатлар тўқнашуви” бўйича кўплаб тадқиқотлар ҳам мавжуд. Давлат харидлари соҳасида Д.И.Дедов нуқта назаридан олиб қарайдиган бўлсак, “...манфаатлар тўқнашуви” тушунчаси қонун билан қўриқланадиган ва бошқа шахснинг ҳаракатлари билан бажарилиши лозим бўлган принципал томонидан ваколат берилган шахс ва ушбу ваколатли шахснинг шахсий манфаатлари ўртасидаги қарама-қаршиликдир”.[4] Манфаатлар тўқнашуви тушунчасини И.С.Шиткина “...манфаатларнинг бузилиши фактининг ўзи эмас, балки бундай манфаатлар бузилиши мумкин бўлган вазиятларнинг вужудга келиш имконияти”,– деб таъкидлайди.[5]  Манфаатлар тўқнашуви ҳуқуққа хилоф ҳаракатнинг оқибати эмас, балки сабаби бўлиб ҳисобланади, бу эса манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликни белгилашни истисно этади.[6] Шундай қилиб, манфаатлар тўқнашувига юридик конфликт эмас, балки унга ишора сифатида қараш мумкин.  Шундан  келиб чиқиб ҳозирги кунда ҳуқуқ фанида манфаатлар тўқнашуви йўналишини алоҳида шакллантириш зарурияти мавжуд.  Чунки, бу йўналиш умумий ҳуқуқ назарияси, шунингдек юридик фанларнинг фуқаролик ҳуқуқи, процессуал ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ назарияси тармоқлари доирасида ҳам ажратиб кўриб чиқилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасида “Манфаатлар тўқнашуви бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда унинг шахсий манфаатдорлиги билан давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдир, шунингдек афилланганликнинг мавжуд бўлишидир...”, – дейилган. Шу сабабли, давлат харидларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида иштирокчиларга шартномаларни тузишда қўйиладиган талаблардан бири манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, харид иштирокчилари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда бошқа  харид субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказадиган ҳамда ушбу ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларни чеклайдиган ҳар қандай манфаатлар тўқнашуви кўринишларининг олдини олиши шарт. Молия билан боғлиқ барча соҳаларда манфаатлар тўқнашуви энг катта коррупция омилларидан бири бўлиб, давлат харидлари ҳам бундан мустасно эмас. Бу харидларнинг ҳар қандай тарафлари (буюртмачи, буюртмачининг вакиллари, ваколатли орган, буюртмачи комиссияси аъзолари, харид иштирокчилари - умуман олганда, қандайдир тарзда таъсир кўрсатадиган барча кишилар) шахсий ва ишбилармонлик манфаатлари нуқтаи назаридан давлат харидларининг асосий тамойилига - соғлом рақобатни сақлашга халақит беради. Бундай муносабатлар тўғри ёки ён шажара бўйича қариндошликда вужудга келиши мумкин.[7] Масалан, маҳсулот етказиб берувчи ташкилот директори ўз укасининг ўғли, туман ҳокими ўринбосари билан келишиб, кейинги кимошди савдосида айнан унинг ташкилоти ғолиб бўлишига келишади. Дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан Белгия, Испания, Латвия, Малта, Голландия, Португалия, Франция каби давлатлар қонунларида манфаатлар тўқнашуви мустақил жиноят сифатида талқин этилади.[8]  Кўпгина Европа мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва унинг олдини олиш механизмлари давлат хизмати тўғрисидаги умумий қонунлар билан белгиланади. Масалан, Полшада “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат функцияларини бажарувчи шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклаш тўғрисида”ги қонунлар, Австрияда “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодекси,  Исландияда “Давлат бошқаруви тўғрисида” қонун ва Грецияда “Давлат хизмати тўғрисида” кодекс. Шу билан бирга, Шарқий Европанинг баъзи давлатларида ва постсовет мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган (Сербия, Хорватия, Латвия, Литва, Молдова, Қирғизистон).[9] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон қарорига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши назарда тутилган.[10] Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.[11] Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида мазкур  ҳуқуқий ҳужжатга  мувофиқ бўлмаган битим (шартнома) лар бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид меъёр назарда тутилган. Бироқ, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилмаган. Манфаатлар тўқнашуви коррупциянинг асосларидан бири сифатида унинг оқибатларининг моддий қонунчиликда ҳақиқий эмаслигига оид нормаларни белгилаш лозим. Қайд этиш лозимки, манфаатлар тўқнашуви натижасида тузилган битим қонунда назарда тутилган чеклов талабларини бузади, яъни оммавий манфаатларга таъсир кўрсатади. Назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори билан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги натижасида тузилган битим, агар унинг тузилиши иштирокчиларига зарар етказган бўлса ёки етказиши мумкин бўлса ёки улар учун бошқа ноқулай шартлар асосида тузилганлиги исботланмаса ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмаслигига оид тушунтириш бериш лозим. Шартномани ижро этиш жараёнида маҳсулот етказиб берувчига манфаатлар тўқнашуви  ҳолати аён бўлса у шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли. Қонунчиликда бунга чекловлар мавжуд эмас. “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-модда учинчи қисми, 34-моддаси биринчи қисми 3-банди, 38-моддаси биринчи қисми 2-банди, 39-модда, 40-модда биринчи қисми 3-бандларида давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги шартлиги белгиланган бўлса-да, ушбу қоидаларга амал қилинмай манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи тартибга солинмаган. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасида ҳам манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги, бунга амал қилмаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи белгиланмаган. Шу сабабли, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ушбу Қонун талабларини бузиш натижасида тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид норманинг  киритилиши манфаатлар тўқнашувини олдини олишга хизмат қилади. Маликахон Каландарова, Судьялар олий кенгаши аъзоси, юридик фанлар номзоди, доцент [1] https://ach.gov.uz/uz/lists/view/207 [2] https://anticorruption.uz/uzc/item/2022/03/10/agentlikning-2021-jildagi-faoliyati-natizhalariga-bagishlangan-matbuot-anzhumani-bolib-otdi [3] Васенин В. А. Противодействие коррупции в сфере закупок для государственных и муниципальных нужд // Законность. 2017. № 9. С. 17-21. [4] Дедов Д. И. Конфликт интересов: монография. М.: Волтерс Клувер, 2004. 288 с. [5]Корпоративное право / Под ред. И.С. Шит-киной. — М., 2009. — С. 287. [6] Дедов Д.И. Конфликт интересов. — М., 2004. —С.5 [7]Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига кўра, болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо. Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо. [8] Bryn Williams-Jones. A Procedure for Managing Conflict of Interest When Forming Thesis Juries P.15 [9] АхметовА Н. Конфликт интересов на государственной службе. Власть. 2013. №12. –С. 124. [10] Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2021 й., 07/21/5177/0644-сон [11] https://lex.uz/docs/111189

28 Июль 2022 2150

Ўзингизни китобларда кўрганмисиз?

Бола эканман-да, тасаввуримда энг яхши одамлар китобларда яшар, энг тўғри ишлар китобларда ёзиларди, гўё. Китоб мутолаасидан сўнг кўнглимда янги-янги орузлар туғиларди денг... Шундами, китоб ўқиш жон-у дилим эди.   Бир куни берилиб китоб ўқиб ўтирсам, кимдир уни шартта олиб қўйди. Опам экан. У аввал китобнинг муқовасига, сўнг орқа тарафига қаради-да: –  Шоира, мана бу ерда лоланинг расми бор. Демак, бу катталар ўқийдиган китоб, ҳали бунақа китобларни ўқишга сал ёшлик қиласан, – деди (Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилган китобларнинг орқа муқоваси лоланинг тасвири бор: логотипи шундай). Мен бироз ранжидим, айб иш қилиб қўйгандек уялдим ҳам. Опам менга майин қаради-да: – Қани, мен билан юр-чи, – деб, уйимиздаги бир хонанинг ярмини эгаллаган китоб жавони томон етаклади. Тепароқдаги китоблар ичидан биттасини олиб, узатди: “Мана, сен ўқийдиган китоб! Кейин раҳмат айтасан”. Китобни қўлимга олдим: Рашод Нури Гунтекин. “Чолиқуши”. Дарҳол орқа муқовасига қарадим: лола расми йўқ, демак, “мен ўқийдиган китоб” экан. Дарҳол мутолдаага киришдим. Бир саҳифа ўқиб-ўқимай ўқиб, секин “уф” тортдим: “унча қизиқ эмас-ку”?! Кейин  саҳифасига, сўнг учинчисига... “Боғда қуриган дарахт бўларди. Пайти келди дегунча ўшанга тирмашиб чиқиб олганимни, пўписаларга қулоқ солмай танаффус охиригача шохдан-шохга ирғиганимни кўрган муаллимам: “Бу одам боласи эмас, чолиқуши”, – деб койиган эди. Ана шундай қилиб, ўша кундан бошлаб асл номим унутилди-ю, ҳамма мени “Чолиқуши” деб атайдиган бўлди”... Ие, бу воқеалар бунча танишдай... Мен ҳам худди шу ёшда дарахтдан дарахтга чирмашиб, тепадан туриб кўп воқеаларга гувоҳ бўлганман. Мени ҳам кўплар ўз исмим билан атамас, шўх-у шаддодлигим учун “Мардон, Мардона” дейишарди. Китобни ўқишда давом этдим: “Баъзан ёмон оқибатлар ҳам бўларди. Лекин мен, орамиздаги аҳдга биноан, ўйинда жоним ачиса йиғламаслигим, ундан ҳеч кимга шикоят қилмаслигим керак. Мен катта одамлардай сир сақлашга ўргандим. Мени бунга инсофдан кўра кўпроқ, у мен билан ўйнамай қўяди, деб қўрққанлигим мажбур қиларди. Кичиклигимда мени қилиғи совуқ дейишарди. Балки бу тўғридир ҳам. Нимагаки, ким билан ўйнасам жонини оғритар, додлатар эдим...”. Опам бу китобни атайлаб берган шекилли? Айнан китобда ёзилган қиздек қайсар феъл-атворимни ўзимга яна бир карра, бу сафар билвосита билдириб қўймоқчи бўлган чоғи?. Дарҳиқиқат, китоб саҳифалари аро ўзимни кўра бошладим: “Романларда қайғуга учраган одамлар елкаси чўккан, кўзлари сўнган, ҳаракатсиз, унсиз, яна ҳам очиқроғи, ғариб қилиб тасвирланади. Менда доимо бунинг акси бўлади. Қачон оғир қайғуга чўксам, кўзларим порлайди, чеҳрам очилади, теримга сиғмай кетаман. Дунёни писанд қилмагандай, қаҳ-қаҳа уриб куламан, турли шўхликлар, телбаликлар қиламан. Шу билан бирга, оҳу зорини яқин одамига, бошқаларга айтолмайдиган кишилар учун буни жуда яхши одат деб ҳисоблайман...”. Китобдаги воқеликдан ҳаядонга тушар, юрагим уриши ўзимга ҳам эшитилар даражада  эди, гўё: “Тенгқурларим билан бир хил муомалада бўлмас эдим. Ёши анча катта бўлган қариндош болалар ҳам мендан безилларди. Менда, қалбимда севги олови учқунлагудай бўлса, бу ҳам бир фалокат бўларди. Одамларга ўхшаб севишни, севганимни меҳру шафқат билан эъзозлашни ўрганмаган эдим. Яхши кўрган одамим устига ҳайвон боласидай отилар, қулоқларини чўзар, юзини тирнар, итариб-туртиб жонидан безор қилардим. Қариндош болалар орасида фақат биттасидан тортинар, ўшандангина ҳайиқар эдим. У Басима холамнинг ўғли Комрон эди...”. Асарнинг бош қаҳрамони Фериденинг Комрон ҳақидаги ҳикоясини ўқий бошлаганимда кўз олдимга мен билан доим уришиб юрадиган синфдошим келди. У билан ҳамманинг олдида талашиб-тортишиб, тинмай гап талашар эдик – чиқишмасдик. Аммо синфда ногоҳ ёлғиз қолсак ёки кўча-кўйда рўбарў келиб қолсак, гапимизни йўқотиб қўярдик, айниқса мендаги шаддодликдан асар ҳам қолмасди. Мен синфдошим ҳақидаги ўринсиз хаёлларни нари қувиб, яна китобга шўнғидим. Феридени онасининг ўлимидан кейин холасининг қўлида қолиши, вояга етгач, холасининг ўғли Камронга кўнгил қўйиши, аммо у ўз туйғуларни қалбида сақлаши – сир тутиши мени бефарқ қолдирмади.   Севган йигитининг хиёнатини билиб қолгач, бу оғриқни енгишнинг ягона йўли уйдан қочиб кетиш деб ҳисоблашини бир оқладим, бир нотўғри деб билдим... Ўз уйидан, ўз севгисидан қочиб кетган ҳуркак қиз катта ҳаётда уни нималар кутиб турганидан бехабар эди. У тақдирнинг бешафқат ўйинларию синовларни бошидан кечирди. Мағрурлиги туфайли хато қилиши, гўзаллиги доим унга халақит бериши мени ташвишлантирди, қалби тозалиги, курашувчанлиги, иродаси уни сақлаб қолиши кўнглимга таскин берди. Ёмони кўп бўлган дунёнинг яхшилари ҳам йўқ эмас, яхшилар, яхшиликлар туфайли хатосини тушуниб етди. Аммо ана шу ҳақиқатни тушуниб етгунига қадар ёшлигининг энг ажойиб йилларини бой берди. Бироқ бу йиллар уни янада иродали қилди, ҳимоясиз ва муҳтож одамларга ёрдам беришдек эзгу ишларга ундади. Қисқаси, мутолаа давомида Чолиқуши билан бирга яшадим, изтироб чекдим, кулдим, йиғладим, севдим... Фериде ўз бахтига, муҳаббатига қайтганида севиндим. Китобни ўқиб бўлганимдан кейин ҳам бир неча кун қўлимдан қўймай юрдим. Такрор-такрор ўқидим... Кейин мен ҳам кундалик тутиб, хотираларимни қоғозга тушира бошладим. Бора-бора кундаликларимга сиғмаган сатрлар хаёлимда, ҳаётимда давом этди... Китобни ўспиринлигимда ўқиган бўлсам ҳам, ундаги воқеалар улғайиб, катта ҳаёт бағрига шўнғиб кетганимда ҳам тугамади. Фериденинг бошидан ўтган кунлар, айнан бўлмаса-да, жуда ўхшаш мотивлар билан менинг ҳаётимда ҳам рўй берди. Китобдан олган хулосаларим ҳаётимда кўп асқотди.    Аслида муҳаббат, хиёнат, мағрурлик, ҳаёт машаққатлари, хатолар, алданишлар, иқрорлик, яхшиларни кашф этиш, ёмонлардан азият чекиш, муваффақиятларга эришиши, одамларга эзгулик улашиш, охири ўз хатоларини тушуниб, ортга қайтиш... бу ҳолатларнинг кўпи ҳар бир инсон ҳаётида рўй бериши мумкин. Фақат воқеалар ривожи ҳар кимда бошқача бўлади. ...Яқинда меҳнат таътилига чиқиб, бир-иккита бадиий китоб ўқидим.  “Чолиқуши”ни ҳам... Болалигим, қишлоғим, яқинларимга қайтгандай бўлдим яна... “Икки маротаба ўқишга арзимайдиган китоб, бир маротаба ўқишга ҳам арзимайди”, деган машҳур немис  композитори Карл Вебер.  Шу маънода, турк адабиёти дурдонаси бўлган “Чолиқуши” романини қайта-қайта ўқишга арзийдиган китоб деб ҳисоблайман. Китоб мутолааси ҳар қандай юмушдан ҳузурлироқ, фойдалироқдир. Китоб ўқимаган одам, фикрлашдан тўхтайди. Тўхтамаса ҳам, дунёқараши, билими ва инсоний туйғулари юксалмайди. Шундай экан, техник жиҳатдан қанчалар тараққий этмайлик, китоб мутолааси асл маърифат ва маънавият манбаси эканлигини унутмаслик керак.  “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, масалан, китоб ўқимаслик”, деган эди жаҳонга машҳур адиб Рэй Брэдбери. Жиноят қилишдан сақланайлик – китоб ўқишни яна одат қилайлик. Қанийди, фарзандларимиз қўлидаги телефонларини бир кун олиб қўйиб, ҳафтанинг ўша кунини “Китоб мутолааси куни” қилсак, қилаолсак...   Шоира Эрметова, Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси

14 Июль 2022 1307

“Ўлсанг, ким йиғлайди?” – бу қандай китоб?

Мазкур асар ҳақида биринчи марта уч-тўрт йил аввал “Мени ўзгартирган китоб” кўрсатувида эшитгандим. Кўрсатув меҳмони бўлган  мамлакатимизнинг машҳур тадбиркори китоб ҳақида  тўлқинланиб гапирганди ўшанда.  Асар кўп ўтмай ўзбекчага ўгирилиб, қисқа вақтда бир неча марта қайта нашр этилгани ҳақида китобни қидириш жараёнида воқиф бўлдим. Бу китобга бўлган қизиқишимни баттар кучайтирди. Дарҳақиқат, китоб дунё бўйича бестселлер асарлар рўйхатининг бошида турар экан. Муаллифи -  Робин Шарма: канадалик адиб ва нотиқ, етакчилик ва шахсий муваффақиятлар бўйича дунёнинг таниқли мутахассисларидан. Асарнинг номланишиёқ  унинг бошқача китоб эканини кўрсатади: “Ўлсанг, ким йиғлайди?”. Муаллиф нима демоқчи? Бунга китоб бошидаёқ изоҳ берилади: “...Бола пайтимдаёқ отам айтган ўгит ёдимдан чиқмайди: болам, сен туғилганингда йиғлаган эдинг, дунё эса шод-хуррам эди. Шундай яшангинки, вафот этганингда дунё йиғласин, сен эса шод-хуррам бўл!” Муаллифга кўра, дунёга йиғлаб келган инсон “дунёни йиғлатиб кетиши учун” кўп нарса керак эмас. Улар асосан учта: Кечиримлилик, Адолатпарварлик ва (мақсад сари) Ҳаракат. Шу учта фазилатни ўзида намоён қилган инсон ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам қадрини билади. Чунки, кечиримли кишидан ёмонлик кутилмайди, адолатпарвар одам муаммога ўзгалардан эмас, аввало ўзидан сабаб қидиради, мақсад сари қилинган ҳаракат эса бир кун келиб, натижасини беради, насиб. Бундай инсоннинг мақсади доим хайрли  бўлиши эса шубҳасиздир. Қаранг-а, биз мураккаб деб билган ҳаётда бахтли бўлишнинг қоидаси нақадар оддий экан. Шу оддийгина ҳақиқатни муаллиф ҳаётий мисоллар ва унча мураккаб бўлмаган машқлар орқали тушунтиради. Китоб бир  неча бобларни ўз ичига олган кичик-кичик “ҳаёт дарслари”дан иборат. Дарслар эса қуруқ панд-насиҳатлардан иборат эмас. Шу боис зерикмайсиз, аксинча, қизиқишингиз ортади. Эҳтимол, муболағали туюлар, аммо мутолаа жараёнида кайфиятингиз кўтарилаётганини ҳис этасиз, умрнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятни янгидан англаётгандай бўласиз... Бундай ҳислар чуқурроқ мулоҳаза юритишга, ҳаётни шунчаки кун ўтиши учунмас, ўзингиз хоҳлаган тарзда, энг муҳими, режа асосида яшашга ундайди. Яширишнинг ҳожати йўқ: ҳаловатсизлик, бойлик иштиёқи, беҳуда суҳбатлар ва вақтни елга совуриш – аксариятимизнинг ҳаётимиз шу. Шу сабабли ҳам кўпчилик бахтни бир афсона деб билади. Ваҳоланки, бахт қўл етмас орзу эмас, у шундоқ ёнимизда эканини  китоб мулоаасидан сўнг иқрор бўласиз. Дарвоқе, бахт ҳақида. Бахт ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси, ўз қарашлари бор. Улар бир-бирига мутлақо тескари бўлиши ҳам табиий. Бироқ умрнинг маълум довонидан ўтиб, бошдан ўтган иссиқ-совуқлардан хулоса қилинса, кўпчиликнинг фикри бир хил чиқса керак:  “Бахт нима?” деган саволга жавоб топгунча инсоннинг бахтли дамлари ўтиб кетар экан...”.  Асарни умрини беҳуда ўтказмаслик, ўз қобиғига ўралб қолган одамни ундан чиқишини ўргатувчи қўллама дейиш ҳам мумкин. Албатта, ҳаёт бир текис эмас, инсон умири давомида турли синовларга дуч келиши табиий. Ҳаётнинг турли синовларида нима қилиши кераклигини билишнинг ўзи кам.  Кимга қандай, аммо мазкур китоб мана шу билимларга суянган ҳолда албатта ҳаракатни бошлаб юбориш шартлигини ўргатади.  Китобнинг ҳар бир бобининг ўзи  катта мавзу.  Ҳар бирига ҳатто қисқа тўхталишга  илож ҳам, ҳожат ҳам  йўқ.  Асарни фақат ўқиш керак, хуллас.    Китоб асосида бугунги давримизучун ҳам долзарб бўлган ғоя бор, яъни ҳамма учун имкониятлар тенг муҳитда ижтимолий адолат таъминланади. Муҳими – инсоннинг ўзлигини, иқтидорини кашф этиши. Шу умуминсоний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳар қандай тараққиёт, юксалиш, уйғониш замири-моҳиятида ижтимоий адолат ётишига яна бир бор шоҳид бўламиз. Мутолаа таъсиридан бўлса керак, китоб ҳақида бироз тарқоқ ва озроқ ҳаяжон билан ушбуни ёзаркан, бизда шундай асар йўқми, деган савол туғилди. Китобхонлигим билан мақтанаолмайман, бироқ қачонлардир ўқиганим - муқаддас ҳадислардан тортиб, “Темур тузуклари”, “Қобуснома” ёки  Яссавий ҳикматлари... ҳамма-ҳаммасида инсоннинг ўзлигини англашидан то  Яратган ато этган ҳаётни беҳуда ҳо-ю ҳавасларга сарфламай муносиб яшаб ўтишга даъват этилмайдими? Унда нега дунёнинг нариги четидаги адибнинг ушбу асар бунчалар эътиборни тортяпти?  Қайд этилган ва бошқа кўплаб маънавиятимиз дурдоналари қимматини эътироф этган ҳолда  айтиладиган бўлса, умуминсоний қадриятлар  на макон, чегара билади. Шундан келиб чиқилса, бировга яхшилик қилиш, кечиримли ва адолатли бўлмоқ ёки хайрли мақсад сари интилишлар, ким ернинг қайси нуқтасида яшамасин, инсониятни комиллик сари етаклайдиган фазилатлар ҳисобланади. “Ўлсанг, ким йиғлайди?” китоби муаллифи умуминсоний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда муваффақиятга эришиш йўлини ўз тадқиқоти ва кузатишлари асосида ўқувчига содда шакл, мураккаб бўлмаган машқлар орқали лўнда тушунтириш уддасидан чиққани учун ҳам асар кўпларнинг эътиборини тортаётган бўлса, ажабмас...   Муҳайё Дедамирзаева, Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

26 Июнь 2022 1480

Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби

  Қозилик учун асосий дастур бўлиб келаётган бир тарихий ҳуж­ жат бор. Бу ҳужжат “Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъарий- га мактуби” дея номланган ва шу ном билан машҳур. Умар розиял­ лоҳу анҳунинг халифалик даврида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлган (ва Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга) ушбу машҳур мактубни юборган. Ушбу мактуб кейинчалик қозилик ишлари учун дастурга айланган. Европа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг қозилик, маҳкама, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари каби масалаларни Андалусия мусулмонларидан ўрганганидан кейин, Умар розияллоҳу анҳунинг мактубини ўз тилларига таржима қилиб ўрганишди. Кейинчалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтилиши йўлга қўйилди. Қуйида ўша мактубни тақдим этилади.  Абул Малиҳ Ҳузалийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб Абу Мусо Ашъарийга бундай ёзган эди: “Аммо баъд: “Дарҳақиқат, қозилик ишлари муҳкам фарз ва бардавом суннат- дир. Қачон сенга бирон ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун (ўртага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки тараф орасида юзинг, мажлисинг ва адолатингни бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг (ён босишинг)га шараф (томон) тамаъ қилиб қолмасин ва заиф (томон) сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин. Даъво қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга эса қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар ўртасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз бўлмас. Кеча чиқарган ҳукминг, ўзинг уни қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб (хатосини топиб), сўнгра ҳаққа қайтишингдан ман қилмасин. Чунки, ҳақ қадимийдир. Ҳаққа қайтиш ботилда бардавом бўлишдан кўра яхшидир. Китоб (Қуръон) ва Суннатдан сенга етмаган, қалбингни хижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урингин. Бир­бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбуби ва сенинг наздингда ҳақиқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қиладиган бўлса, унга бу учун етарли вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Бўлмаса, унинг зиддига ҳукм чиқарасан(яъни, даъвосини рад этасан). Албатта, шундай бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Мусулмонлар бир­бирлари учун одилдирлар. Магарам (жинояти учун) ҳад урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб (тажрибада ёлғончилиги исбот) бўлган ёки бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган кимса бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўз зиммасига олган ва сизга ҳужжатларни қайтаргандир. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма (яъни, ҳукминг сабабли бир томон сенга нафрат, хусумат қилса, таъсирланиб азият чекма). Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Зеро, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхшиласа, Аллоҳ таоло у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини ўз зиммасига олади. Кимки Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук қилиб қўяди. Шундай экан, Аллоҳ азза ва жалла азалий ризқи ва раҳмат хазинасида ўзгартириб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг. Вассалом”. Имом Дорақутний “Сунан”ида ривоят қилган.  Демак,  қози (судья)лик насиб қилган шахс доимий илм олишга, ўз устида ишлашга эътиборли бўлиши лозим.  («Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китобидан)

20 Июнь 2022 1685

Судлар атрофидаги ахборот: манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса...

Бугун шиддатли аср, яъни ахборот энг қиммат товарга айланиб улгурган даврда яшаяпмиз. Ахборотга эгалик устунликни тақдим этадиган замон ҳамда ақллар беллашадиган макондамиз. Дунё мамлакатларида тарқалаётган ахборотларнинг 80 фоизига яқини 6 та йирик массмедиа компаниялари ҳиссасига тўғри келмоқда, лекин бугун сўз юритадиган мавзумиз эса судьялар ҳақидаги ахборотларнинг маълумгина, яъни манфаатларга дахлдор бир қисми ҳақидагина боради. «Бу дунё шундай қурилганки, уни манфаат бошқаради», дейишади буюк донишманд-файласуфлар. «Манфаат» деган тушунча ўз навбатида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳоказо кўринишда бўлиши ҳам ҳақиқат. Дейлик, судларда тарафларнинг ишончли вакил (ҳақ эвазига ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи)лари суд ишларида албатта иқтисодий манфаат топишни мақсад қилади. Яъни, маълум бир ҳақ эвазига, буюртмачи (мижоз) билан унинг фойдасига судда ишни ютишга ҳаракат қилиш мажбуриятини олиб, шу ҳақда ёки шунга ўхшаш келишув тузишади... Сиёсий манфаатда эса давлат кенг маънода судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали аҳолининг суд ҳокимияти – давлат ҳокимиятига ишончини тобора оширишни мақсад қилади. Қуйида тор сиёсий манфаатга мисол келтириш мумкин. Судларда топиладиган ижтимоий манфаат шундай манфаатки, бунда тарафлар жамиятдаги ижтимоий адолат деган тушунча учун, қонун устуворлиги, тенг ҳуқуқлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик, бир сўз билан айтганда, табиат томонидан тақдим этилган ҳуқуқларнинг тош-тарозиси, мувозанати учун судларда низолашади. Судлар фаолиятида маънавий манфаатни изловчилар эса ўзи ҳалол-пок, диёнатли, бағри кенг, беғараз, етарлича малакали, илмли ва судда ишларни ҳалол йўл билан ютишга сарфлайдиган, ҳаром ва ғирромнинг ҳар қандай туридан ҳазар қиладиган ва судда ютиш учун ҳар қандай нопок усул-воситаларнинг бирор-бир туридан фойдаланмайдиган, фақатгина судда адолат қарор топсагина, шунда ҳам беминнат меҳнатидан бутун вужуди билан рози бўладиган тоифа вакиллари тушунилади. Энди, ушбу манфаатларда ахборотнинг ўрни нимада ёки судлардаги турли манфаатларга ахборотнинг қандай алоқаси бор дейсизми? Гап шундаки, барча замонларда ахборотга эгалик ҳар қандай соҳада ҳам устунлик берган. Тарих гувоҳки, илмли инсон (билимларни ўзида мужассам этган ахборот соҳиблари), илмсизлардан албатта юқори турган, агар, у илмли шахс, илмини ғараз мақсадларда сарфламаса... МАСАЛА НИМАДА? Агар ахборот манфаатларга бўйсундирилса ё ахборотлар манфаатга эришиш воситаси сифатида қўлланилса, бундай ҳолатлар ўз-ўзидан ислоҳотлар, жумладан, судларга оид ислоҳотлар самарасига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Минг афсуслар бўлсинки, судлардаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлар доирасида шундай ҳолатлар юзага келадики, гарчи, судларда тарафлар адолатли ва қонуний қарор асосида ютқазган ёки ютқазишини аввалдан билган бўлсада, суд фаолиятига нисбатан нотўғри, нохолис, ғаразли мақсадда ахборот тарқатишга бор эътиборини қаратади. Чунки ҳеч ким ўз манфаатидан кечгиси келмайди. Уларни манфаат бошқаради. Яъни суд ишни нотўғри кўргани, судьянинг нохолислиги, унинг иккинчи тарафдан манфаатдор эканлиги фақатгина шубҳаларга асосан рўкач қилиниб, шунинг боис у судда ютқазганлигига зўр бериб, судьяга нисбатан турли даражадаги инстанцияларга шикоят қилиб, нотўғри ва нохолис ахборот тарқатиб, ишни ўз фойдасига ҳал этишнинг пайида бўлади. Демак, келтирилган аччиқ ҳақиқат асосида айтиш мумкинки, манфаат носоғлом ахборот муҳитини яратади. Натижада нотўғри ва ноўрин хулоса ва фикрлар шакллана боради. Судлардаги яна бир ҳолат: у ёки бу мансабдор ўз мақсадини сиёсий манфаатга, дейлик давлат ва жамият манфаатига ўраб, ниқоблаб олади. Гарчи бу давлат ва жамият манфаатига алоқадор бўлмасада, суд фаолиятига дахлдор тизимни шунга ишонтиришга уринади. Бу ҳолатларнинг оқибати ҳам айнан «иқтисодий манфаат» каби бўлиб, судларга давлат ва жамият манфаатига эътибор қаратилишини уқтиришда, шундан келиб чиқиб судьяларга баҳо беришда намоён бўлади. Аммо, манфаатнинг иқтисодий манфаатдан фарқли жиҳати судьянинг мустақиллиги ва унинг келажак фаолиятига у ёки бу тарзда маъмурий воситалар билан таъсир этиши мумкинлигида кўринади. Яъни, айрим маъмурий тизимларда ўзи ёки гуруҳ манфаатлари учун суд, судья ҳақида нохолис ахборотларни шакллантириш орқали унинг карьераси, тақдирини ҳал этишга таъсир этиб, билиб-билмай, суд ислоҳотларига ғов бўлиб қолишга беминнат сабабчи бўлади. Демак, судларда албатта манфаатлар тўқнашади, баъзан катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашади. Чунки судлар қонунларни бевосита қўллайдиган ва охирги сўзни айтадиган ҳокимиятдир. Суд натижаси ўз фойдасига ҳал бўлмаган тараф албатта суддан рози бўлмайди. Бу табиий ҳолат. Бироқ, бу жараёнда суд фаолиятига нисбатан маълум манфаатларга хизмат қилишни кўзда тутувчи ахборот сиздирилиши юзага келади. Негаки, ахборот асрида шундай ғирром қоида борки, бунда жараённинг оқ ёки қоралиги муҳим эмас, балки бу рангларни аҳолига қандай қилиб кўрсатиш бирламчидир. Бунинг бошқача номи ижтимоий манипулияциядир. Манипулияция ахборот тарқатиш воситаси асосида амалга оширилади. Демак, судларда манфаатлар ва ахборотлар боғлиқлиги шундан иборатки, аҳолини судларда ишларни адолатсиз кўриб чиқилишига ишонтириш орқали бундан манфаат топади ва ҳоказо... Худди судда ишинг ҳал бўлиши учун «ё заринг ё зўринг бўлсин», деган каби... Бу эса манфаатлар асосидаги ахборотлар таъсирига ҳамда манипулияция гирдобига осонгина тушиб қоладиган тоифага ўз таъсирини яққол кўрсатади. Бу қараш асоссиз, асл ҳолат эса буни инкор этади. Негаки, бугун судьяларнинг шароити ижтимоий ҳолати, моддий ва молиявий таъминоти уларни иқтисодий жиҳатдан ҳеч кимга қарамликка йўл қўймайди ҳамда «тили қисиқлиги»га олиб келмайди ва уларни тамаъгирликка етакламайди. Бордию, мабодо бунинг акси бўлса, унда одил судловга хиёнат ва ношукурлик бўлади. Айтишимиз жоизки, судларда, судьяларда ҳам тарафларда ҳам битта манфаат – маънавий манфаат устувор бўлиши ва ахборот ҳам айнан шу манфаатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда ёйилиши лозим. Албатта ҳаёт бор экан, қолган манфаатлар ҳам йўқ бўлиб кетмайди, хоҳлайсизми-йўқми, улар ҳам яшашда давом этаверади, аммо улар қонунга қатъий риоя қилган ҳолда яшаши даркор. Токи, судьянинг маънавий манфаатида судья ўзининг қабул қилган адолатли, қонуний, тўғри, холис қароридан кўнгли тўлсин, ҳеч қачон ички ишончини ишончсиз ҳолатга келтирмасин ва ғурури эгилишига сабаб бўлмасин, тарафларга ёруғ юз билан тик боқсин, кўзлари чақнасин, виждони яйрасин, пок виждон билан тунлари тинч ухлаб, ҳар кунни хотиржамликда ўтказсин. Тарафлар, вакиллар, воситачилар, судлар фаолияти ҳақида «манфаатли ахборот» тарқатувчилар ва ҳоказо бошқача тарзда манфаатдорликни кўзловчилар ҳам судларда, одил судловда ҳақиқий инсон роҳат топадиган «маънавий манфаат»ни ҳис этсин. Ана шундагина судлар атрофида холис ахборот муҳити шаклланади. Бундай муҳитнинг жамиятга ижобий таъсири, ислоҳотларимиздаги ўрнини эса бир сўз билан таърифлаш мушкул. Буни фақат соҳани озгина бўлсада, ичдан билган кишигина вужудидан ўтказиши мумкин. Манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса... Нуриддин Муродов, Тошкент шаҳар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисиМанба: Uza.uz

1 Июнь 2022 968

“Қози-ул-қуззот” қандай лавозим бўлган? “Ноиъбул-қози”-чи?

Ўрта асрлар тарихида Ислом дини тарқалган ўлкаларда қозилик маҳкамаларини тубдан ислоҳ қилиш жараёни аббосийлар (ҳукм. дав. 133-656/750-1258 йй.) билан боғланади. Қозилик маҳкамаларини қайта такомиллаштириш борасида жорий этилган қатор амаллар ҳам мазкур ислоҳотлар сирасига киради. Ҳорун ар-Рашид (ҳукм. дав. 170-193/786-808 йй.) даврига келиб, қозилик расмий-ҳуқуқий мақомга эга бўлди ва “Қози-ул-қуззот” лавозими таъсис этилди. Дастлаб, қози-ул-қуззот қозиликка тайинлаш мумкин бўлган номзодни ҳукмдорга тавсия этиш ваколатига эга бўлган бўлса-да, кейинчалик у қозиларни танлаш ва тайин этиш имко­нини тўлиқ қўлга киритди. Ушбу воқеа боис, қозилик маҳкамалари тизими тўла мустақилликка эришди. Бу пайтда қози-ул-қуззотга мамлакатдаги қозилик маҳкамалари­ ни эркин бошқариш ваколати топширилган эди. Ибн Ҳалликоннинг таъкидлашича, мамлакат қози-ул-қуззоти Абу Юсуф биринчи бўлиб қозилар учун махсус кийим (униформа) жорий этади. Мазкур либос қора салла ва тайласон (либос устидан елкага ташлаб кийиладиган кенг ва узун кийим)дан иборат бўлган. Қози-ул-қуззотнинг алоҳида девони бўлган. Унда ҳожиб, котиб, ҳукмларни арз қилувчи ва сақловчи мансабдор шахслар фаолият юритган.  XIII асргача бўлган даврда қозилик маҳкамаларида қозидан ташқари қуйидаги лавозимдаги шахслар ҳам фаолият юритишган: Ноиъбул-қози - қози ўринбосари бўлиб, маҳкама мажлисида қози иштирок этолмаган ҳолатларда унинг ўрнига вазифасини бажариб турадиган шахс. Бу ҳолатга манбаларда истихлоф деб таъриф беришган. Аббосийлар даврида “Қози-ул-қуззот” лавозими жорий этилгач, ҳеч бир қози қози-ул-қуззотнинг рухсатисиз истихлоф қилишга ҳақли бўлмаган. Котибул-маҳкама. Унинг вазифасига, дастлаб, икки хусуматчи томон, гувоҳлар, қози гапларини ёзиб боришгина кирган эди. Аббосийлар даврига келиб котиблар, шунингдек, навбатда турган хусуматчилар даъвосини қозига олиб кириш ва уларни эшитиш, мусофир даъвоси ва кечиктириб бўлмас даъволарни тўғридан-тўғри қози олдига олиб кириш, ижро этилган ҳукмларни архивга тикиб бориш каби ишларни ҳам амалга оширган. Ҳожиб, жилвоз ва шурта каби қўриқчилар қози ҳузурига келган даъвогарлар интизомини сақлаб турувчи ходимлар ҳисобланган. Булар, асосан, қози ҳузурига кириш, унинг олдида ўтириш каби ҳолатларда даъвогарлар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаганлар. Шу билан бирга, маҳкамадан ташқарида қози юклаган вазифаларни бажарганлар. Соҳибул-масоъил. Унинг асосий вазифаси қозининг кўрилаётган иш бўйича билиши керак бўлган маълумотларини мукаммал тўплаб, унга етказиш бўлган. Мазкур маълумотлар, асосан, гувоҳлардан йиғиб олинган. Чунки қозилик маҳкамаси ишларида гувоҳларнинг гувоҳлик беришга ҳақлилик масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Қассом. Бу лавозим эгаси низолашилаётган мулкни тақсимлаш, ерларни бўлиб бериш ва шу каби тақсимлаш масалалари билан шуғулланган. Баъзи манбаларда у ҳассоб деб ҳам аталган. Амин. Омонатни сақлаб берувчи масъулдир. Бу ваколат эгалари қозилар томонидан тайинланган. Улар, асосан, етим, боқувчисини йўқотган ва бедарак кетганлар молини ҳамда мерос мулкни сақлаб бериш мажбуриятини олганлар. Хозин девонул-ҳукм - бу қозилик архиви ва ҳужжатларини сақловчи шахс бўлиб, уларга, асосан, қозига тегишли бўлган ҳужжатлар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.   (“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобидан)

18 Май 2022 841
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech