Янгиликлар

Нимаки қонунийдир, демак, у доимийдир

Яқинда давлат ўзбек тили  байрами кенг нишонланди.  Ташкилотларда, ўқув масканларида тадбирлар ташкил этилди. Тилни асраш, унинг  жозибадорлиги ҳақида кўп ва хўб гапирилди, шеърлар ўқилди, қўшиқлар айтилди.  Бу яхши, албатта. Бироқ бундай тадбирлар мавсумий, фақат сана муносабати билангина ўтказилмаслиги керак. Чунки, масала  қадар муҳим ва  аҳамияти каттаки, бунга ҳар бир фуқаро дахлдор десак тўғри бўлади.  Кўчаларни, ҳиёбонларни қаранг: аксарият жойларда номлар инглиз тилида ёзилган, унда-бунда ўзбекча ёзилганларининг кўпи хато. Ҳуқуқшунослигим тутиб, «Нега ташқи ёзувда имло хато бор ёки бу сўзнинг маъноси нима?» – десам, «Компьютердан шундай чиққанда», – деган жавоб олдим. Қизиқчи Муҳиддин дарвешу, Ҳожибой То-жибоевга тақлидан айтганда, «Бу бир ком- пьютер бўлса, қилма, қўймани билмаса, нимани буюртма берса, шуни ёзиб берса... унда сен нима қилиб ўтирибсан, дейдиган мард йўқ» ... Энди айтилмоқда, тартиби, қонун талаблари, ҳуқуқий меъёрлар тушунтириляпти. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи сотаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, «Реклама тўғрисида»ги Қонунда эса, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш талаб сифатида белгиланган. Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланиб, бундай реклама тақиқланади. Қонунийми, демак, унга ишонмоқ, таянмоқ керак. Агар тадбиркор ўз фаолиятини қонун талабларига риоя қилган ҳолда олиб борса, тартиб тамойилларга амал қилса, ҳамиша юзи ёруғ бўлади. Бу ўринда гап масаланинг нафақат қонуний, балки маънавий-ахлоқий жиҳатлари ҳақида ҳам кетмоқда.  Тилга эътибор ҳиссини юксалтиришда оиланинг, ота-онанинг ўрни алоҳида. Ахир фарзанд илк олгулигини шу икки буюк зотдан олади. Сўзларни ҳижжалаб айтиб, уларга тақлид қилади, ўрганади ва камолга етади. Агар фарзанд-нинг тили хашаки, қоришиқ бўлса, унда аслият билан боғлиқ тушунчалар саёз бўлиши тайин. Бежизга айтмайдилар, тилда номус, ор, руҳият мужассамдир. Демак, Ченишевский айтганидек, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи керак. Бугун тарбияланган тарбиячиларга тобора эҳтиёж сезмоқдамиз. Тилга бўлган муносабатнинг келиб чиқиш сабабини сал илгарироқдан, яъни рўзғор ташвишига қоришиб, маънавият, қадриятдан қорин ғамини устун қўйган йилларимиздан излайман. Истаймизми йўқми, кундалик ташвишлар  асосий вақт ва эътиборимизни олаётгани бор гап. Топган тутга-нимизни ҳою ҳавас йўлида сарф этиб, асл қадриятлардан йироқлашаётганимиз ҳам чин. Отани  «пахан», онани  «мамуля» дейиш уят ҳисобланмай қўйди. Мана, йиллар ўтиб, қаддимиз, қадримиз юксалди. Маънавий эҳтиёжларнинг ўрни тўлмоқда. Китоб ўқиш – олий юмуш экани, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдулла Қодирий, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфларни ўқиш ва уқиш қанчалар эҳтиёж экани тобора аён бўлмоқда. Миллатнинг руҳи, тафаккури, маънавиятини ўзида жо қилган – она тилини ардоқлаш ишига барча бирдек масъуллиги  қалқиб чиқмоқди. Ўзбек тилининг давлат тили сифати-даги нуфузи ва мавқеини ошириш йўлида тизимли ишлар жорий этилмоқда. Муҳими, «Тил борки миллат барҳаёт» каби шиорлар фақат тадбирларда эмас, бугун қалбларда ўз ифодасини топмоқда. Матбуот,ижтимоий тармоқларда очиқ-ойдин фикрлар билдирилиб, тил ҳимояси учун камарбаста бўлиняпти. Жамоатчилик назорати асосида, кўзга, дилга ёт жиҳатлар ҳақидабонг урилмоқда.  “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?“, дея куйиниб ёзган эди  ярим аср аввал Абдулла Қаҳҳор. Шундай экан, тилимизни асраш, мамлакат фуқароларининг давлат тилига амал қилиш масъулиятини ошириш ҳам ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Бу талабга муносиб жавоб бериш ортида билим, қанчадан-қанча меҳнат, сўзамоллик, халққа яқинлик, аввало, сўзга ҳурмат ҳисси бўлиши кераклигини йиллар ўтиб ҳаётнинг ўзи ўқитмоқда. Ўзбек тилига ҳурматсизлик ҳолатини кузатган чоғингиз лоқайд бўлманг. Токи улуғ зотлардан мерос қолган Она тилимизнинг қадри қалбимизда уйғонса, бу борада қонунларни чуқур ўрганиб, улар га амал қиламиз. Шунда она тилимиз ҳам озор чекмайди.   Муҳиддин СУЛТОНОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари

5 Ноябрь 2024 805

Форумда адлия ва нотариал палата вакиллари ҳам иштирок этди

Бугун Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди.  Конституциявий суд, Олий суд судьялари, Клуб масъуллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган маъмурий судлар судьялари иштирокидаги ушбу тадбирга адлия ҳамда нотариал палата вакиллари ҳам  таклиф этилди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида  Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн-форумида маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш юзасидан 13914 та мавзу муҳокама қилинган. Хусусан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг лицензиясини амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш, қайта тиклаш ҳамда тугатишга доир ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш масаласи энг кўп муҳокама мавзусига айланган.  Мавзу аҳамияти ва долзарблигидан келиб чиқиб, тадбир кун тартибидаги масалалар адлия ва нотариал органлардан вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Давра суҳбати шаклида ўтган тадбирда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолиятига доир низоларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиётида вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари хусусида сўз борди. Кулбнинг масъул аъзолари томонидан тавсиявий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, суд амалиётини бирхиллаштириш бўйича айрим ҳуқуқий нормаларини такомиллаштириш ва Олий суд Пленуми қарори шаклида тушунтириш беришга заруриятига доир масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли таклифлар ишлаб чиқишга  келишиб олинди.

31 Октябрь 2024 969

Сабаб, асос ва оқибат

“Daryo”нинг “YouTube”даги каналида эълон қилинган собиқ судья билан суҳбат жорий йилнинг ўтган даврида неча нафар судья қандай асосларга кўра лавозимидан озод этилганига оид маълумотлар билан бошланади. Расмий манбага таяниб, тилга олинган рақамлар Кенгаш фаолияти натижаси экани рост, айни пайтда улар оммага мамнуният эмас, оғриқ билан билдирилишига таъкид шарт. Чунки, катта ишонч билан лавозимга тайинланган айрим судьяларнинг ваколатларини маълум асослар билан муддатидан илгари тугатиш, юмшоқ айтганда, ёқимсиз . Жиззах туманлараро иқтисодий суди собиқ судьяси М. Юлдашевнинг ушбу лавозимдаги фаолияти тўққиз ойда якунлангани хусусида ҳам  гап шу.  Мулоқот жараёнида М. Юлдашев фаолияти мобайнида маълум хато ва камчиликларга йўл қўйганини инкор этмайди, аммо унинг бадали лавозимидан озод этиш даражасида эмаслигини иддао қилади. Асосий урғу эса  укасига доир жиноят ишидаги иштирокига берилади. Оға-инилардан бирининг оёғига тикон кирса, бошқасининг жони оғришини тушуниш мумкин. Бироқ судьялик шундайки, ушбу лавозим эгаларига нисбатан наинки хизмат пайтида, балки хизматдан ташқари вақтда ҳам маълум чекловлар жорий қилинган. Чекловлар кийинишидан тортиб, маълум тадбирларда иштирокигача, муомала маданиятидан оилавий муносабатлар, ҳатто дўст танлашда эҳтиёткор бўлишгача қамраб олинган. Хусусан, судья нафақат муайян суд иши бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга, шунингдек судда кўрилган ёки суд иш юритувидаги ишларни хизматдан ташқари ҳолатда муҳокама қилишга ҳақли эмас. Шундан келиб чиқилса, М. Юлдашевнинг укасига оид жиноят ишидаги иштироки унинг хизматдан ташқари ҳолатда  суд иш юритувидаги ишларни муҳокама қилишига олиб келган ва бу Судьялар одоби кодекси қоидаларига зид экани  ҳаракат экани ўз-ўзида маълум. Таъкид шартки, М. Юлдашевнинг лавозимидан озод этилиши унинг укасига доир жиноят ишидаги (у фирибгарлик, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш жиноятларини содир қилишда айбдор деб топилиб,  тегишли жазога тортилган, ҳукм айни пайтда қонуний кучда) иштироки билангина боғлиқ эмас. Унинг мавжуд тартибларга риоя этмай  апрель ойи бошида  рухсатсиз Жиззахдан  Наманганга кетиб,  етти кун  иш жойида бўлмагани меҳнат интизоми бузилишидан ташқари судга мурожаат қилган тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам таъсир қилгани кўринади. Айни шу ойда судга тақдим этилган 60 та ариза қонунда белгиланган муддатда суднинг иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилмаган бўлса, 38 та иш бўйича уларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган. Бундан ташқари кўриб чиқилган юздан ортиқ ишларни вақтида архивга топшириш чоралари ҳам кўрилмаган. Энг ёмони, тўққиз ойлик фаолияти давомида у кўриб тамомлаган ишлар бўйича 13 та ҳал қилув қарори юқори суд инстанцияларида тўлиқ бекор қилинган бўлса, 18 таси ўзгартирилган. Бу давр мобайнида М. Юлдашевнинг суд мажлиси жараёнидаги хатти-ҳаракатлари бўйича шикоят тушгани,  ўтказилган хизмат текширувида (2024 йил, февраль) ундаги важлар қисман тасдиғини топгани, бироқ тизимнинг янги вакили экани инобатга олинган ҳолда (хизмат текшируви натижалари) муҳокама қилиш билан чекланганини айтиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Жиззах вилояти судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган кейинги хизмат текшируви хулосаси муҳокамасида М. Юлдашевнинг судья сифатида нафақат  укасининг ишидаги иштироки, балки  қисқа фаолиятида йўл қўйган бошқа хато-камчиликлари ҳам эътиборга олиниб, уни Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимидан озод этиш ва ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.  Мазкур қарор унинг шикоятига асосан аввал Судьялар олий малака ҳайъатида, сўнг Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган. Кўринадики, Жиззах вилоят судлари судьялари малака ҳайъатининг қарори бир эмас, икки босқичда коллегиал кўриб чиқилган, демак, уни гўёки “йўлдан олиб ташлаш мақсадида” лавозимидан озод этилганига доир  иддаоларида асос йўқ. Унинг шу мазмундаги важлари алоҳида ўтказилган хизмат текширувида ҳам тасдиғини топмаган. Юқорида катта ишонч билдирилиб, лавозимга тайинланган айрим судьяларнинг ваколатини (етарли асослар бўлса-да) муддатидан илгари тугатиш ёқимсиз экани айтилди. Лавозимидан озод этилганидан кейин  кенг оммага изоҳ беришга тўғри келаётгани ҳам мамнунлик бахш этмайди. Чунки, маълум доирада муҳокама қилиниб, кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарор тафсилотлари (шундоғам тафсилотларнинг оммага ошкор қилиш мумкин бўлган жиҳалатлари қаламга олинди) уни қабул қилган органдан кўра, шунга мажбур қилган шахс ҳақидаги дастлабки тасаввурларни ўзгартириши эҳтимоли йўқ эмас. Таассуф, унинг тармоқдаги чиқиши бошқа чора қолдирмади.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

30 Октябрь 2024 1807
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech