Янгиликлар

РАСМИЙ БАЁНОТ

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъвогар Б. Қодировнинг Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га оид фуқаролик низоси кўриб чиқилмоқда. Фуқаролик низоси таниқли шахслар ўртасида кечаётгани ҳамда марҳум ва машҳур инсон ҳаёти билан боғлиқлиги боис воқеалар ривожи кенг жамоатчилик томонидан катта эътибор билан кузатилаётгани, айни жараёнда иш бўйича тарафларнинг ҳолатига тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Бироқ низо судлашиш даражасига етиб, процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар (ёки уларнинг вакиллари) томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал “қарор чиқариб қўйиш” ҳолатлари мавжуд , энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндошишга чақиради.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

29 Апрель 2024 3876

Қирғиз делегацияси ташрифи: иккинчи кун

Кун тартиби зиқроқ эди кеча. Тушгача Ўзбекистон Судьялар олий кенгашида учрашув, сўнг Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф... Ҳар икки тадбир белгиланган вақтдан узоқроқ давом этдики, бу йўл чарчоқлари ҳали чиқмаган бўлса-да, ўзаро  суҳбатлар яхшигина қўр еб, мулоқот-у танишув-учрашувлар ишчан ва самарали ўтганини англатади. Бугун -  ташрифнинг иккинчи куни ҳам шу тарзда ўтди. Аввал  Судьялар олий малака ҳайъати раҳбарлари билан кўришилди. Ушбу тузилма фаолиятининг асосий йўналиши ҳақида маълумот берилди. Тажрибалар билан ўртоқлашилди. Қизғин савол-жавоблар бўлди. Айни жараёнда ҳар икки мамлакат суд тизимининг ушбу йўналишдаги тартиб-қоидалари, уларнинг ҳуқуқий асослари таққосланиб, муайян тасаввурлар ҳосил қилинди, дастлабки хулосалар чиқарилди. Хулосаки, бу борадаги тажрибаларни ўрганиш  меҳмон-у мезбонлар учун фойдадан ҳоли бўлмас экан. Олий суд музейига ташриф таассуроти бўлакча бўлиши табиий эди. Шундай бўлди ҳам. Ўтмишдаги қозилар фаолиятидан тортиб, янги Ўзбекистон суд тизимига бўлган даврга оид ҳужжат ва экспонатлардан ўзбек  суди тарихини кўз олдингизда шундоқ намоён бўлади. Олий суднинг Вазиятлар маркази фаолияти билан танишувда замонавий ахборот-технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда яратилган электрон дастурлар, уларнинг суд фаолияти самарадорлигини оширишдаги аҳамияти, умуман, тизимнинг рақамлаштириш борасидаги ишларни меҳмонлар алоҳида эътироф этди. Пойтахтнинг жиноят ишлари бўйича Шайхонтаҳур туман суди ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига ташриф, бу даргоҳлардаги шарт-шароитлар-ку уларда ҳавас уйғотгани ҳам рост. Мулоқотлар  жараёнида  оғзаки келишувлар бўлиши, улар амалиётда акс этиши учун ўзаро борди-келдиларни амалга ошириш борасида таклифлар ўртага ташланилиши ва, табиийки, эсдалик совғалари улашиб, биргаликда суратга тушиш ташрифнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши делегацияси ташрифи ҳам бундан мустанос бўлмади. Икки кун давомида бир-бирига уланган учрашувлар, мулоқот ва танишувлардан сўнг, меҳмонлар бироз нафас ростлагач, ташрифнинг маданий қисми ўлароқ, пойтахтдаги Темурийлар музейига ташриф буюришади. Мазкур тадбир эртанги куннинг биринчи ярмига мўлжалланган бўлиб, бу ташриф якунига етаётганини билдиради.  Чунки, меҳмонлар қўлида чиптаси бўлган Тошкент – Бишкек  йўналишидаги самолёт эртага тушдан кейин ҳавога кўтарилади.

25 Апрель 2024 740

Кенгашга Қирғизистондан меҳмонлар келди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзоларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлар, уларнинг натижалари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган қардош халқ делегациясига  юртимизда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, бу жараёнда жорий этилган янги тартиблар, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, танлов асосида танлаш ва тайинлаш, тизимда очиқлик ва шаффофлик таъминлашнинг ҳуқуқий асослари бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, амалиётга муваффақиятли жорий этилган судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш  тизими, унинг мезонлари, Кенгаш ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти, айниқса, клубнинг электрон платформасининг иш самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари билан яқиндан танишдилар. Таъкидландики, Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши делегациясининг ташрифи мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ  ислоҳотларига эътибор, шу баробарида уларнинг амалдаги эътирофи ҳам  ҳисобланади. Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда икки давлат судьялари  ҳамжамиятлари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги жорий талаб ва тартиблар, амалга оширилган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.  Икки кунга мўлжалланган ташриф доирасида Судьялар олий малака ҳайъати раҳбарияти билан учрашув, Олий суд  ва пойтахтдаги фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти  билан яқиндан танишиш  ҳам ўрин олган.

24 Апрель 2024 876
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech