Янгиликлар

Тақдимот, амалий семинар - судьяларни жам қилган мавзу

Бундай тадбир ўтказилишига анчадан буён зарурият бор эди, чунки, судларда давлат божи белгилаш масаласида баҳс-мунозаралар етарли бўлиб, бу, айниқса, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформасида яққол кўзга ташланаётганди. Мавзу юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, бу борадаги суд амалиёти таҳлилидан хулоса қилиндики, давлат божи белгилаш масаласида семинар-машғулотлар ўтказишга, дарҳақиқат, эҳтиёж бор, бироқ аввал ҳуқуқий қўлланма тайёрлаш мақсадга мувофиқроқ. Қўлланма тақдимоти  амалий-семинар билан бирга ўтказилса, шунда самара кўпроқ бўлиши  аниқ. Шу тариқа Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан фуқаролик ва иқтисодий судларда давлат божини белгилаш ва ундиришга оид ҳуқуқий қўлланмай тайёрлашга киришилди. Кенгаш аъзолари масъуллигида Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар томонидан қисқа вақтда катта ҳажмдаги ишни бажарилиб, ниҳоят, қўлланмалар тайёр бўлди. Куни кеча, аввалдан мўлжал қилинганидек, “Фуқаролик судларида давлат божини белгилаш ва ундириш тартиби” ва “Иқтисодий судларда давлат божи ундириш тартиби ” қўлланмалар тақдимоти  ва шу мавзуда амалий семинар бўлиб ўтди. Фуқаролик ва иқтисодий судлар судьялари иштирокида бевосита ва билвосита (онлайн) ўтган тадбир фақат қўлланмалар аҳамияти доирасида  қуруқ маърузалар билан чеклангани йўқ. Аксинча, тадбир давлат божини белгилашда суд амалиётда учраётган ҳолатлар, уларнинг ҳуқуқий ечимлари  бўйича ростмона жонли мулоқот шаклида кечдики, натижада семинар белгиланган вақтдан ўтиброқ ниҳоясига етди. Шундаям мавзу ёпилмади:  жонли мулоқот Судьялар клуби электрон платформасида давом этиши, таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиши, заруриятга қараб, қўшимча тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши айтилди.   Мавзу долзарблигининг яна бир муҳим нуқтаси шундаки, бож деганда фақат давлат манфаатларинигина тушуниш тўғри эмас. Одил судловни амалга ошириш муайян молиявий харажатларни келтириб чиқариши маълум. Хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судларда низо  хусусиятидан келиб чиқиб, харажатларнинг маълум қисми тарафлар зиммасига юклатилади.  Бу эса ҳар бир ҳолатда суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишни тақазо этади. Суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатлилиги эса давлат божини тўғри тақсимлашга ҳам боғлиқ. Суд харажатларини тўғри тақсимлаш эса фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаган ҳолда амалга оширишни, мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди. Шунингдек, тадбирда давлат божи миқдорини белгилашдан ташқари уни ундириш ёки кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлашга оид тартиблари хусусида кенг жамоатчиликка тушунтиришлар бериш, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи  муҳимлиги ҳам қайд этилиб, тегишли тавиялар берилди.

10 Сентябрь 2023 966

Очиқ мулоқотда очиқчасига гаплашиб олинди

 Судьялар олий кенгаши мутасаддиларининг Кенгаш ҳузуридаги  Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Судьялар олий мактабига яқинда қабул қилинган тингловчилар билан кейинги бир ҳафтадаги иккинчи учрашувдир.  Илк учрашув янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир бўлиб, унинг йўриғи бошқа: унда табрик ва тилаклардан бошқа гаплар айтилмайди ҳисоб.  Шундай бўлиши ҳам керак: кириш синовларидаги катта рақобат, беором ўтган тунлари-у кунлар, ҳар бир босқич натижаларини хавотир ва умид билан кутишлар... ниҳоят, ҳар бир йўналиш бўйича юзлаб талабгорлардан фақат саноқлиларигагина тингловчи бўлиш  насиб этадики, уларнинг қувончига шерик бўлиш  дарсхонага бирга кириб, илк сабоқни тизимда катта ҳурматга эга устоз-судьялар ўтиб беришлари чиройли анъана, ёш мутахассисларга қўшимча маънавий рағбатдир. Шундай саодат насиб қилганларнинг олдида  навбатдаги довон турибди: Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсида қунт билан ўқиб, уни муваффақиятли битирмоқдир. Шундан келиб чиқиб, тадбирда айтилдики, Судьялар олий мактаби тингловчиси бўлмоқ  яқин келажакда судьялик нақд дегани эмас. Қолаверса, курс тингловчиларини ўрта мактабни битириб, олий ўқувга юртига кирган талабадан фарқи  ҳам катта. Талаба катта ҳаётга энди қадам ташлаётган навқирон ўсмирлар бўлса, мазкур даргоҳ тингловчиси аллақачон олий маълумотли юрист шаҳодатини олиб, ҳуқуқ соҳасида камида етти йил тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади. Демак, талаб ҳам шунга монанд бўлиши аён: бу наинки  астойдил таҳсил олиш, балки юриш-туришдан тортиб, бошқалар билан муносабатларни ҳам ўз ичига олади. Зеро, судьялик лавозими маълум чекловлар талаб қилади: иш жараёнида ҳам, ишдан кейинги пайтларда ҳам.  Бундан кўринадики, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилиги  ҳар бир тингловчи ҳаётидаги янги очилган саҳифадир.  Унинг соф ва тоза бўлиши  нафақат профессионал салоҳият, балки кишининг (тингловчининг) маънавий-ахлоқий жиҳатларига ҳам боғлиқдир. Чунки,  одил судловни амалга оширишдек масъулиятли лавозим лаёқатдан ташқари  бенуқсон обрў-эътибор ва ҳалолликни ҳам талаб қилади. Очиқ мулоқотда ўқув-дастурларни янада такомиллаштириш, таҳсилнинг таъсирчан усуллари самарали жорий этиш, бу жараёнда тингловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниши ҳам таъкид этилди. Якунда Судьялар олий кенгашининг аёл судьялари Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсининг хотин-қизлари билан алоҳида гаплашиб олдилар.

9 Сентябрь 2023 861

Суд мустақиллиги, судья дахлсизлиги - фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига (7 декабрь, 2020 йил) мувофиқ: судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари  белгиланди. Жумладан:  Судьялар олий кенгаши раисига судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Бош прокуратурага тақдимнома киритиш ваколати берилди; судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш белгиланди; Кенгашнинг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузилди.  Судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича Судьялар олий кенгаши раисининг Бош прокуратурага киритилган тақдимномалари натижасида: 2021 йилда: 2 та жиноят иши, 2 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиб,  жазо муқаррарлиги, қонун устуворлиги таъминланди.   2022 йилда:   1 та жиноят иши қўзғатилди, шунингдек,  халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарорлари бекор қилинди. 2023 йилнинг ўтган олти ойида: 1 та жиноят иши қўзғатилди,  2 та ҳолат ўрганилмоқда. Судьялар олий кенгаши томонидан  бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

6 Сентябрь 2023 1246
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech