Янгиликлар

Кенгаш ташаббуси билан муҳим мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

 Бугун Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармасининг (IRZ) “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ идоралари ўртасида ҳамкорлик” дастури  ҳамкорлигида  ташкил этилган мазкур тадбирда судья одоби, суд этикаси бўйича умумэътироф этилган меъёрлар ва хорижий давлатлар тажрибаларидан яқинлан танишишдан иборат. Таъкидландики, одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ омиллар кўп. Жумладан, суд тизим вакилларининг умумэътироф этилган одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши одил судловни амалга оширишнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис ҳам Ўзбекистон Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  (2023 йил 16 январь)  фармонида судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, конференцияда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ хизмат ва хизматдан ташқари вақтда риоя этиши мажбурий бўлган маънавий-ахлоқий талаблар, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар, судьялар одоб-ахлоқига оид халқаро стандартларга асосланган қоидаларининг ташкилий асослари бўйича фикр алмашилди. Кун тартибидаги мавзу бўйича Германия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари судларининг судьялари ва экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши томонидан нашр этилган “Судья  маънавияти, одоби ва масъулияти” маърифий китобига ҳам эътибор қаратилди. Судьялик институти борасидаги давлат сиёсатидан бошлаб маънавият, адолат борасидаги азалий қарашлар, қозилик мақоми ва масъулияти ҳамда ўтмишда ўтган кўплаб қозиларнинг донишмандона ҳукмлари ҳақида талай ибратли ва қизиқарли воқеалар жамланган мазкур асар  судьялик этикаси бўйича чоп этилган илк маънавий-маърифий и тўплам экани  алоҳида таъкид этилди. Шунингдек, тадбир доирасида Судьялар олий кенгаши томонидан тайёрланиб, куни кеча нашрдан чиққан “Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари” қўлланмасининг кичик тақдимоти ҳам ўтказилди. Халқаро конференция натижаларидан келиб чиқиб, халқаро стандартлар, хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида судьялик этикасига оид қоидаларни янада такомиллаштириш ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.  Халқаро конференцияси эртага ўз ишини якунлайди. 

4 Октябрь 2023 842

Тадбир, тақдимот ва Кенгашнинг яна бир ташаббуси

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Устоз ва мураббийлар куни арафасида хос тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида, анъанага кўра, суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият кўрсатган устоз ва мураббийлар табрикланди, уларнинг шаънига илиқ ва самимий тилаклар айтилди. Таъкидландики, уларнинг ҳамон камарбасталиги, хайрихоҳлиги ва маънан қўллаб-қувватлаб келаётгани учун тизимда ким қандай муваффақиятга эришаётган бўлса, азиз устозларнинг ҳиссаси улкан, буни доим эътироф этмоқ шогирдлик бурч ҳисобланади. Маълумки,  Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият юритган устозларнинг ҳаёти ва   фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Ибрат мактаби” туркумида  китоблар нашр қилиб келинмоқда. Устоз ва мураббийлар куни арафасида  бу йил тўқон икки баҳорни қарши  олган фахрий судья, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Умсун Астанованинг машаққатли ва шарафли ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақидаги “Матонали аёл қиссаси” (муаллифи Арслон Эшмуродов) китоби нашрдан чиқди. Тадбирга китоб тақдимоти ҳам уланиб кетди. Умсун Астановадай  фахрийларнинг ҳаёт йўқли ёш ҳамкасбларига ибрат бўлиши таъкид этилди. Тақдимотда китоб қаҳрамонининг шахсан иштироки эса  тадбирга ўзгача файз бағишлади.  Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги фармони билан  суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларини “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келинмоқда.  Тадбирда  бир гуруҳ фахрийларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбирдаги яна бир эътибор ҳолат: Кенгашнинг навбатдаги ташаббуси билан устозлар йўлидан оғишмай бориб, намунали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ судьяларнинг устозлари ва ота-оналари ҳам  рағбатлантирилди.  Уларга Судьялар олий кенгашининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди. Зеро,  ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги биринчи устозимиз ота-онамиздир.  Рағбатнинг бундай шакли ота-оналарга ажойиб мамнунлик бахш этса, судьяларнинг ўзларига қўшимча иштиёқ беради.

1 Октябрь 2023 951

Хулосага шошмайлик-да?!

 Изтеҳзо-ю писандани тушуниш мумкин (гап фуқаронинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ва ундаги иддаолар ҳақида кетяпти), дарҳақиқат, бир қарашда Судьялар олий малака ҳайъати аъзоси Дж. Чориев йўллаган жавоб хатида мантиқсизлик бордай кўринади. Яъниким, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Судьялар олий малака ҳайъатига йўлланган мурожаатга жавоб қайтарилмоқдаки, важларингиз судьяга нисбатан Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилганда тасдиғини топмаган, норози бўлсангиз, (Судьялар олий малака ҳайъатига) мурожаат қилишингиз мумкин, деб. Фуқаро ҳайрон: Судьялар олий малака ҳайъатига мурожаат  қилдим-ку, жавоб шу бўлса, яна такрор мурожаат қилишда  мантиқ қани?  Фуқаронинг эътирози мазмуни “пардозлаб” баён қилинмоқда, асли эса бошқачароқ: "Бу хатти- ҳаракатларингизни мен саводсизликка йўймайман ва асло техник хато деб ҳам ўйламайман. Бу қасддан атай бажарилган пасткашларча ҳаракатингиз деб баҳолайман. Мурожаатчининг устидан пасткашларча кулиш!” Иддао жудаям ошиб кетибди. Аслида-чи? Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьяси хатти-ҳаракатидан шикоят тушгани бор гап. Шу  асосда Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, важлар тасдиғини топмаганлиги ҳақида хулоса қилинади. Бу орада ўша судьянинг устидан Судьялар олий малака ҳайъати ҳам шикоят ёзилади.  Шикоят Судьялар олий малака ҳайъатида ўрганилганда фуқаро Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган хизмат текширувидан бехабар экани ойдинлашади. Шундан келиб чиқиб, жавоб берилмоқдаки, аввал хизмат текшируви натижаси билан танишинг, унга (хизмат текширув хулосасига) эътирозингиз бўлса, марҳамат - мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда наинки важларингиз, унга қўшиб, хизмат текшируви холис ва ҳаққоний ўтган-ўртмагани ҳам ўрганилади... Бор гап шу. Тўғри, қонуннинг қаттиқ тилини ҳаммаям бирдек тушунавермайди. Шу сабаб баъзан тушунмовчиликлар ҳам юзага келади. Аммо бу - билиб-билмай тармоқда оғизга келган гапни қайтармай гапиравериш мумкин, дегани эмас.  Бир ҳикматда таъкид этилганидек, айтилмаган гапга хўжайин - ўзинг, гап оғиздан чиқдими, энди  у  сенинг хўжайинингга айланади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Сентябрь 2023 1098
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech