Янгиликлар

Мақсад: тизимда гендер тенглигини таъминлаш

 Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад — Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.  Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Айни пайтда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши 14 фоизга етди ( бундай кўрсатгич Қозоғистонда 51фоиз, Россияда 66 фоиз, Словенияда 70 фоиз, Португалияда 75 фоизни ташкил этади).  Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир.  Бундан ташқари юртимизда хотин-қизлар доим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга тортиниши, бунинг оқибатида қатор муаммолар ечимини топмай қолиб кетаётгани каби ҳолатларни бартараф этишда аёл судьяларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади.  Ўтган қисқа даврда соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 174 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда.  Суд тизимида гендер тенгликнинг таъминланиши жамиятдаги тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оилавий зўравонликнинг келиб чиқиши ва оқибатларини аниқлашда ижобий натижалар беради.  Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2023/2024 ўқув йили учун фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича қабул бўлиб ўтди. Якунда  кириш синовларидан муваффақиятли ўтган 154 нафар  талабгор  Судьялик лавозимларига тайёрлаш курси тингловчиларига  айланди.  Уларнинг 39 (26 фоиз)   нафари хотин-қизлардир.

4 Сентябрь 2023 918

Шукр қилиб, фикр қилиб...

Бундай тадбирлар кўп вақт олмайди, бироқ таассуроти анча пайтгача кишини тарк этмайди. Чунки, унда иштирок этган барчани деярли бир хил туйғулар, уйғун  ҳислар чулғайдики, таассуроти узоқ давом этиши шунда.  Яъниким, тадбир тўрида ўтирганлар машаққатли, аммо шарафли фаолияти  қадрланаётганидан  кўнгли тоғдек кўтарилса,  уларнинг намунали умр йўлига ҳавас билан қараётган ҳамкасблари ўзларига ҳам шундай саодат насиб этишини  ич-ичидан исташи аниқ.  Бундай тадбирлар шукр-у фикр қилишга катта туртки бериши билан ҳам аҳамиятлидир.  Гапнинг индаллосики, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Истиқлол байрами муносабати билан мўъжазгина тадбир бўлиб ўтди.  Унда барча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари масофадан  иштирок этди.  Расмиятчиликдан анча йироқ ўтган тадбирда суд-ҳуқуқ  соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақли равишда эътироф этилди, намунали фаолияти билан тизимда катта ҳурматга қозонган фахрийларнинг кўплари бирма-бир тилга олинди. Шунингдек,  бир гуруҳ фаол судьяларнинг меҳнатлари ҳам эътибор қаратилди. Якунда эса одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган 17 нафар фахрийга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.  Уларнинг муносиб давомчилари бўлаётган 15 нафар судья эса Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари  билан рағбатлантирилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизимати

30 Август 2023 1113

“Қабул-2023/2024”га оид рақамлар

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси  2023/2024 ўқув йили учун жами 150 нафар тингловчи қабул қилинди. Уларнинг: 46 нафари – жиноят ҳуқуқи; 46 нафари – фуқаролик ҳуқуқи; 30 нафари – иқтисодий ҳуқуқ; 28 нафари -  маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги бўйича таҳсил олади. Қабул қилинганларнинг 111 нафари (74 фоиз) эркак, 39 (26 фоиз) нафари хотин-қизлардир. Тингловчиларнинг 39 нафари – 34 ёшда; 35 – 40 ёш оралиғидагилар 93 нафарни,  41-45 ёш оралиғидагилар 16 нафарни ташкил этади.  Шунингдек, 1 нафар тингловчининг ёши 47да бўлса, яна 1 нафари  шу йил 50 ёшни қарши олган. Ҳудудлар кесими таҳлилига кўра, энг кўп тингловчи Тошкент шаҳрига тўғри келади: 36 нафар (24 фоиз). Пойтахтдан кейинги ўринларни Қашқадарё (18 нафар ёки 12 фоиз) ва Фарғона (16 нафар ёки 10,7 фоиз) вилоятлари эгаллаган. Самарқанд ва  Хоразм вилоятининг кўрсатгичлари бир хил  (10 нафардан ёки 6,7 фоиздан)  Қолган вилоятлардан ўқишга кирганлар  5 -7  нафарни ( 3,3 – 4,7 фоиз ) ташкил қилади. Энг кам тингловчи Тошкент вилоятидан: 4 нафар (2,7 фоиз).  Қабул қилинганларнинг 90 нафари (60 фоиз) суд органлари ходимлари ҳисобланади.  Адлия, прокуратура ва Ички ишлар органлари ходимлари  жами 23 нафарни ёки 22 фоизни ташкил қилади (19 – 12,7%; 9 – 6%; 5 – 3,3%). Шунингдек, турли давлат органлари  ва ташкилотларида ҳуқуқшунос сифатида фаолият кўрсатиб келаётган 17 нафар юрист, 7 нафар адвокат, 2 нафар нотариус ҳам тингловчилар сафидан жой олган.

29 Август 2023 1778
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech