Судьялар олий кенгашининг “Femida Trust” адвокатлик фирмаси адвокати У.Мусаев устидан Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига мурожаати ижтимоий тармоқлардаги қатор каналларда турлича талқинлар билан муҳокама қилинмоқда. 2023 йил давомида адвокат У.Мусаев томонидан Кенгашга ўндан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Адвокатнинг барча мурожаатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197/1-моддаси (Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш) билан тақдим қилинган аризалари судларда кўриб чиқилиши билан боғлиқ бўлиб, уларнинг ҳаммасига қонуний муддат ва тартибда жавоб берилган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш шарт, адвокат У. Мусаевнинг мурожаатлари асосида судьяларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилиб, интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилган. Бироқ, адвокат У.Мусаевнинг Кенгашга юборган адвокатлик сўровномаларида унинг аризаси юзасидан айрим судьяларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ёки ўтказилмаганлигидан ташқари Кенгаш томонидан бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам маълумот бериш сўралган. Ҳатто бир сўровномада Кенгаш мансабдор шахсларининг шахсига оид барча маълумотлари (туғилган санаси, фуқаролиги, туғилган ва яшаш жойлари, жинси, соғлиги, маълумоти, миллатидан то фарзандлари сонигача!) тақдим этиш сўралган. Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунининг 7/1-моддасида адвокат сўровини юбориш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, адвокат томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан адвокат сўрови юборилади. Судьяга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви, Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари, ёки, Кенгаш аъзоларининг шахсига оид маълумотлар малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот ҳисобланмайди. Адвокат У.Мусаевга бу ҳақда тушунтирилиб, жавоб хатлари берилган бўлса-да, шу мазмунда адвокатлик сўровлари юбориш ҳолатлари давом этгани, унинг бундай хатти-ҳаракати малакали юридик ёрдам кўрсатиш ваколати доирасидан четга чиқиш эҳтимолини юзага келтиргани боис Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига мурожаат киритилган. Юқоридаги баёнлардан кўриниб турибдики, Судьялар олий кенгаши томонидан адвокатга нисбатан ҳеч қандай шаклда босим қилингани йўқ, аксинча, адвокатдан қонун талабларига риоя этиш сўралмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Бир-икки кундан буён серқирра (собиқ журналист, ҳаваскор вайнер, блогер, фаолият бошлаганига унча кўп бўлмаган адвокат) Б. Аҳмедов ижтимоий тармоқ орқали Наманган вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайътида кўрилаётган суд иши мисолида судларда жорий этилган янги тартибларга эътироз билдириб келмоқда. Баҳслашиш бефойда, зеро, муаллиф “ҳазм қилолмаётган” тартиблар қонун билан жорий этилган, муаллиф фикрини ҳурмат қилган ҳолда айтиш мумкинки, қонунлар то кучда экан, ҳеч қандай “дийдиё”ни кўтармайди, унга риоя этиш шарт. Бугун яна мавзуга қайтган муаллиф судлов таркибига берган раддияси қаноатлантирилмаганини писанда билан таъкид этиб, Судьялар олий кенгашидан муносабат сўрабди (?!). Б. Аҳмедовнинг тажрибасизлиги шундан ҳам кўринадики, Кенгаш судьяларнинг процессуал ҳаракатига баҳо бермайди, унинг раддияси қаноатлантирилмагани айнан шундай (процессуал) ҳаракат ҳисобланади. Агар судлов ҳайъати судьялари “Судьялар одоби кодекси” қоидаларига зид ҳаракат қилган бўлса, бошқа гап: шикоятлар бўлса, тегишли тартибда кўриб чиқилади. Масаланинг бошқа томони ҳам томони бор. Б. Аҳмедов ижтимоий тармоқ орқали чиқишларида бот-бот Кенгаш матбуот котибини гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора тилга олишни, неча йиллар аввалги мақолаларидан иқтибослар келтиришни канда қилмаётир: муддаоси нима – ўзига ҳавола. Коса тагида нимкоса қабилида “устозим” дейишининг ҳам ёмон жойи йўқдир балки?! Аммо унинг ўринсиз “лутфлари” турли асоссиз, хусусан, муаллиф устози Кенгашда ишлашини билвосита бежиз таъкидлаётгани йўқ, шундай усул билан “устоз-шогирд” суд ишига таъсир ўтказишга уринаётган кўринади, деган янглиш тасаввурлар ҳам пайдо қилмоқда. Муаллиф Кенгаш вакилига нисбатан шахсий муносабатини оммавий тарзда билдириши натижасида юзага келган вазият - унга айнан шундай (оммавий) изоҳ беришни тақозо қилмоқда, бунинг учун ўқувчилардан узримиз бор. Изоҳ эса қуйидагича: самимий ё носамимийлигидан қатъи назар, лутф (“устоз”?) учун ташаккур. Бироқ илгари на бўлғуси журналист, кейинроқ на бўлғуси адвокат сифатида муаллиф “устоз!” деб, пешимиздан тутмаган, ўз навбатида биз ҳам уни “шогирд!”, дея оғзига туфлаган жойимиз йўқ. Ушбу сўзлар масъулияти зиммамизда, имзо: Турсунали Акбаров, Судьялар олий кенгаши матбуот котиби
Судьялар олий кенгаши ва «Минтақавий мулоқот» (Словения) нодавлат халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида “Шахсга нисбатан эҳтиёт чора қўллаш асослари: хориж тажрибалари” мавзуида икки кунлик халқаро семинар бошланди. Унда АҚШ, Словения давлатлари суд тизими вакиллари, халқаро экспертлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган жиноят ишлари бўйича судлар судьялари, шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг тингловчилари иштирок этмоқда. Мамлакатимизда барча соҳалари қатори суд тизимида кенг ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашдан тортиб, судлар ихтисослашуви, судларда ишлар кўрилиши тартибларигача такомиллаштирилди, қатор янгиликлар жорий этилди. Бунинг ижобий натижалар ҳам ҳақли равишда эътироф қилинмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармонида 2024 йил якунига қадар тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар, яъни тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилиш белгиланди. Мазкур тартиб инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишига хизмат қилади. Албатта, ҳар қандай янгилик, янги тартиб, янги амалиётлар илғор хориж давлатлари тажрибасини ўрганишни тақазо қилади. Халқаро тадбирда шахсга нисбатан судгача эҳтиёт чоралари қўллаш бўйича АҚШ ва Словения давлатларининг тажрибалари билан яқиндан танишилмоқда. Жонли мулоқот шаклида ўтаётган тадбирда АҚШ ва Европа қонунчилигидаги судгача гумондорнинг эркинликларини чеклаш, унга нисбатан эҳтиёт чоралари қўллашга оид нормалар, мазкур жараённинг ўзига хос қирралари ва хусусиятлари бўйича фикр алмашилмоқда. Семинар эртага ўз ишини якунлайди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати