Янгиликлар

“Қарздор” бўлган адиб, ўрнини билдирмаган шогирдлар ва фаол тингловчилар...

 Кеча  хабар берилгандики, эртага Судьялар олий мактаби тингловчилари билан маърифий тадбир бўлиб ўтади, унда, ким-ким, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али шогирди – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, шоир Хумоюн Акбаров билан иштирок этади. Тадбир белгиланган вақтда бошланди. Аммо атоқли ва ардоқли адибимизнинг иштироки, фавқулодда ва хайрли сафар сабаб, кейинроққа сурилди (“битта учрашувга қарздормиз, узр”). Шундай бўлса-да, шогирд Хумоюн Акбаров тадбирга ёлғиз ташриф буюрмади, балки таниқли адиб  Шойим Бўтаев билан бирга келдики, бу мамнуният билан қарши олинди. Чунки, табиатан камтар ва камсуқум Ш. Бўтаев таниқли ва сермаҳсул адиблар сирасига киради. Алқисса, маърифат аҳли билан ўтган бу галги учрашув ҳам қизиқарли, жонли, энг муҳими, жуда самимий кечди. Қизиқарли ва самимий кечганики, соатга қаралгани йўқ, натижада тадбир белгиланган вақтдан анча ўтиб ниҳоялади. Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари учун маърифий тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.  Шиддат билан ўзгараётган давр ҳамма соҳа  вакилларига, хусусан, судьялар олдига ҳам янги талаб қўяётгани сир эмас. Бунда судьялар, судьялик лавозимига номзодларнинг маънавиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, маънавий баркамол шахсгина зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилади. Судьялик алоҳида куч, катта билим ва кўникмалар талаб қилади. Чунки, у инсон тақдирини ҳал қилишда ақл кўзи билан кўриладиган адолат тарозисини беғараз ва холисона кўтаришни бенуқсон амалга ошириши керак. Адолат ва маънавият эса, давлат раҳбари таъкидлаганидек, ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир, шу боис ҳам маънавият бўлмаган жойда  адолат бўлмайди.  Учрашувда таниқли ижодкорлар бўлажак судьялар учун инсон ҳаёти ва фаолиятида маънавиятнинг ўрни, китоб ва китобхонликнинг сир-синоатлари ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича, қизиқарли мисоллар билан гапирдилар. Тингловчилар ҳам бўш келгани йўқ, уларнинг саволлари меҳмонларни гоҳ ўйлантирган бўлса, гоҳ янаям жўшиб-жўшиб гапиришига туртки берди. Тадбир ниҳоясида шеърхонлик бўлди, меҳмонлар ўз китобларидан совға қилди.  Мезбонлар ҳам ўз навбатида ташриф учун ташаккур айтиб, яқинлашиб келаётган сана – 27 июнь- Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қутлаб, эсдалик совғаларини топширдилар. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

22 Июнь 2023 1312

Муносабат эмас, изоҳ лозим

 Термиз шаҳрида жойлашган "Сурхондарёсавдо" (АК) МЧЖ  раҳбарининг ижтимоий тармоқдаги чиқишига муносабатдан кўра, изоҳ бермоқ лозимдай. Чунки, ҳолат шуни тақазо қилади, қолаверса, изоҳни муносабат ўрнида қабул қилиш ҳам мумкин.  Муаллиф иддаоси мазмунига кўра, корхонасига оид суд қарорлари ноқонуний ва асоссиз, ишни кўриб чиққан судья эса  Судьялар олий кенгашига “кўтарилиб кетган”, шу адолатданми?!  “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи судьянинг (агар у суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги кўрсатилган. "Сурхондарёсавдо" (АК) МЧЖга оид иқтисодий низо бўйича чиқарилган суд қарори юқори инстанцияда бекор қилинмаган, яъниким, ҳозирда қонуний кучда. Суд қарори ўзгартирилиши ёки бекор қилинишининг ўзи (атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмас экан, қабул қилган қарори қонуний кучда бўлган судьяга нисбатан  бирор чора кўллашга асос йўқлиги ўз-ўзидан равшан. Агар тарафларда суд қарорига нисбатан эътироз бўлса, юқори суд инстанциясига мурожаат қилишлари мумкин. Қонунда бундан бошқа тартиб йўқ.  Энди “кўтарилиб кетган” судья ҳақида. Судьялар олий кенгаши аъзолиги (судьялиги) қисқа суҳбат ва  битта ариза билан иш бошлайдиган лавозим эмас. Қонунга кўра, Кенгашнинг йигирма бир нафар аъзодан иборат таркиби судьялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Уларнинг ўн бир нафари аввал Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланган бўлса,  янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, энди улар беш йил муддатга Олий Мажлис Сенати томонидан сайланади. Бундай тартиб ва танловлар Кенгаш аъзолигига лойиқ кўрилган судьяларнинг аввалги фаолиятига берилган баҳо бўлиши билан бирга уларнинг зиммасидаги масъулият  катта эканини ҳам англатади. Шундай экан, айни пайтда Кенгаш аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган шахснинг бир неча йил аввал чиқарган ва ҳозирда ҳам қонуний кучда бўлган қарорини ошкора ноқонуний деб, камига суратини ҳам тармоққа жойлаб бонг уриш судьяга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бундай хатти-ҳаракат жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

21 Июнь 2023 1602

Адолат ахтарган адоватга берилмайди...

Блогер О. Тухтаназаров норози бўладики, “судяларни(нг) қарори... устидан Судялар олий кенгашига мурожаат қилсангиз, “ваколатимизга кирмайди”, деган жавобни оласиз”, деб. Тўппа-тўғри, шундай. Чунки, Кенгаш суд қарорлари ҳуқуқий баҳо берадиган идора эмас. Кенгашнинг вазифаси бошқа: судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир. О. Тухтаназаровни тушуниш мумкин: бир неча йилдан буён ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилганини айтиб, турли инстанцияларга мурожаат қилиб келмоқда, бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари эса ёзган шикоятлари сонидан кўпроқдай. Бунда унинг блогер экани қўл келаётгани  бор гап. Эътирозга жавоб тайёр: сўз эркинлиги! Тўғри, сўз эркинлиги – ҳуқуқ, катта неъмат. Аммо ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам бўладики, бирини пеш қилиб, иккинчисини унутиш уни (сўз эркинлигини) суиистеъмол қилишга олиб келади, холос. Муҳтарам блогернинг чиқишларида айни шу манзара кузатилаётгани таассуфли. Яъниким, унга кўра, ўзига оид  жиноят иши Наманган вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, шикоятини қаноатлантирмаган судья “заказ”га ишлайди,  ундайлар бор экан, бу тизимга одамларда ишонч сўниб бораверади, унинг иш фаолиятини расмдаги каттаконлар (тармоқдаги чиқишига суд тизими раҳбарларининг суратларини илова қилган?!) “элакдан” ўтказиш керак ва ҳоказо, ҳоказо... Жиноят иши суднинг апелляция инстанцияда бир эмас, уч нафар  судья томонидан кўриб чиқилиши маълум. Муаллиф эса уларнинг биттасига қайта-қайта урғу бераверадики, бу адоватдан бошқа нарса эмас. Иккинчидан (асосий саволга жавоб),  жиноят иши бўйича қабул қилинган суд ҳужжати қонуний кучда экан, ишни кўриб чиққан судьяларнинг фаолиятини  (айнан блогерга оид жиноят иши бўйича) “элакдан ўтказиш”га  ҳеч қандай асос йўқ. Унда нима қилмоқ керак? Муаллиф гап охирида юқори суд инстанциясида “ҳақиқат қарор топаётганига кўпчилик қатори мен ҳам ишонмоқдаман”, деб ёзибди. Ишонч бор экан, марҳамат – вилоят суди ажримига нисбатан шикоят ёзинг. Буям сизнинг ҳуқуқингиз. Юқори суд инстанциясига қилинадиган мурожаат натижаси ҳақида аввалдан бир нима деб бўлмайди, албатта, аммо айтиш керак бўлган битта гап бор: тартиб шундай, демакки, энг тўғри йўл ҳам шу?! Ижтимоий тармоқдаги ҳиссиёт ва адоватли чиқишлар апелляция ёки кассацияси шикояти ҳисобланмайди ва у судда кўриб чиқилмайди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

20 Июнь 2023 1221
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech