Янгиликлар

Расмий муносабат

Лавозимидан озод этилган судьянинг ишга тиклашга оид даъво-аризаси суд томонидан иш юритувга қабул қилинмагани (шу мазмундаги биринчи  суд инстанциясининг ажрими юқори суд инстанцияларида ўзгаришсиз қолдирилган) ижтимоий тармоқларда турли талқинлар билан муҳокама қилинмоқда. Муҳокамаларда судларнинг бундай ва бирдай тўхтамга келаётгани иш бўйича жавобгар судьялар ҳамжамияти органи экани, гўёки   судьялар ушбу органга қарши бораолмаслиги мазмунида изоҳ-муносабатлар ҳам учрамоқда. Судьялар дахлсизлиги бузилиши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш  Судьялар олий кенгашининг устувор вазифалари сирасига киради. Шундай экан, муайян суд ишларига Кенгаш томонидан гўёки босим ўтказиш эҳтимоли наинки қонун, балки мантиққа ҳам тўғри келмайди. Иккинчидан, судьяларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этишнинг хос ҳуқуқий тартиблари бор. Хусусан, судьянинг лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарор тўғридан-тўғри Кенгаш томонидан қабул қилинмайди. Бундай ваколат жойлардаги судьялар малака ҳайъатига тегишли бўлиб, ушбу тузилма томонидан қабул қилинган қарор, тегишли шикоятга кўра,  Судьялар олий малака ҳайъати, сўнг Судьялар олий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши мумкин. Лавозимидан озод этилган судьялар, жумладан, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган туман суди собиқ раисининг ҳам ваколати мазкур тартибда муддатидан илгари тугатилган. Яъниким, туман суди раисига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви натижалари вилоят судлари судьялари малака ҳайъати муҳокама этилиб, судьялик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш интизомий жазоси қўлланилган. Ушбу қарор тегишли тартибда Судьялар олий кенгаши томонидан  коллегиал тартибда кўриб чиқилиб, тўғри ва асосли деб топилган. Қарор тафсилотлари шахсга оид маълумотлар, шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатларга ҳам  маълум даражада тааллуқлиги боис очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас. Бундан кўринадики, туман судининг собиқ раисининг лавозимидан озод этилгани битта орган ёки шахслар номи билан боғлаш мутлақо асоссиз. Шу мавзуда сиздирилаётган хабарларда вилоят судлари судьялари малака ҳайъати раиси гўёки сирли равишда вазифасидан олинганига-да алоҳида урғу берилади. Бу иддаода ҳам асос йўқ. Негаки, қонун билан тасдиқланган тегишли низомга мувофиқ, малака ҳайъатлари раиси, ўринбосари ва аъзолари Кенгаш томонидан эмас, балки жойлардаги судьяларнинг конференцияларида (беш йил муддатга) сайланади. Шу ўринда яна бир маълумот: айнан судьялар дахлсизлигини янада самарали таъминлаш мақсадида, илғор тажрибалардан келиб чиқиб, барча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари (ёки ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида малака ҳайъатларига ҳам раҳбарлик қилиши амалиёти бекор қилинган. Якунда таъкидланадики, туман суди собиқ раисининг фуқаролик тартибида судга мурожаат этиши, шунингдек, қабул қилинган суд ҳужжатини муҳокама қилиш ёки у бўйича тушунтириш бериш Кенгаш ваколатига кирмайди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

16 Декабрь 2025 2391

Остонада халқаро форум бўлиб ўтди

 Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилганининг 10 йиллиги ва ушбу мамлакатнинг Туркий давлатлар суд-ҳуқуқ кадрларини тайёрлаш тармоғига раислиги доирасида  "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали одил судлов фаолияти: миллий анъаналар ва халқаро стандартлар мувозанати" мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг судьялар ҳамжамиятлари раҳбарлари, Одил судлов ва Адлия академиялари масъуллари, ҳуқуқшунос олимлар, экпертлар иштирокида ўтган анжуманда адолатни самарали таъминлашда миллий ҳуқуқ тизимини халқаро меъёрлар билан уйғунлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари, бунда жамиятда шаклланган тарихий-ҳуқуқий анъаналарга мувозанатли ёндошув масалаларида фикр алмашилди. Шунингдек, глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, рақамли суд, суд фаолиятида сунъий интеллектни қўллаш, суд-ҳуқуқ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва судьялар корпусини шакллантиришда Туркий давлатлар ўртасида илғор тажрибалар алмашинуви борасида қатор таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров бошчилигида Одил судлов академияси масъулларидан иборат делегация иштирок этди.  Вакилларимиз мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш ҳамда судлар фаолиятига рақамлаштириш технологияларини жорий этиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлари тўғрисида атрофлича маълумот берди. Кеча бошланган халқаро форум бугун ўз иши якунлади. (Фото: Қозоғистон Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати)

11 Декабрь 2025 320

Судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш – давр талаби

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида барча давлат органлари фаолиятида демократик тамойилларни жорий этиш, уларни янги жамиятнинг шиддатли ислоҳотлари талабларига мослаштириш, замонавий тенденциялар асосида иш самарадорлигини кўтаришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат ҳокимиятининг алоҳида мустақил, муқим тармоғи бўлган суд органлари фаолиятини тубдан демократлаштириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида ривожлантириш мақсадида 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унда белгиланган янги вазифалар юқорида айтиб ўтганимиздек, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципларни таъминлашнинг мантиқий давоми бўлди. Фармоннинг амалий аҳамияти шундаки, судлар фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш, судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш жараёнида муайян ваколатларга эга ҳамда бир-биридан ўзаро мустақил бўлган судьялар ҳамжамияти органларининг ўрни ва ролини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашувига олиб келади. Шу билан бирга, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти билан боғлиқ халқаро ҳужжатларда белгиланган илғор демократик тамойилларнинг миллий қонунчиликка сингдирилишини таъминлайди. Ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, малакали судья кадрларни тайёрлаш, улар орасидан энг муносибларини танлаш ва судьялик лавозимларига тайинлашнинг очиқ, ошкора ва шаффоф механизмларини жорий этиш имкониятларини оширади. Умуман, судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини тартибга соладиган миллий қонунчиликни янги, прогрессив нормалар билан бойитиб, иш динамикасини оширади. Биз учун энг муҳими, Фармонда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари жамоасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Хусусан, суд мустақиллигига оид илғор стандартларни жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бўлимнинг тегишли бандида судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш вазифаси қўйилган. Бу академиянинг асосий мақсади, яъни бўлажак судьяларни тайёрлаш бўйича олти ойлик ўқув курсларида таҳсил олаётган тингловчилар (бўлажак судьялар)нинг, шунингдек, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш жараёнида уларнинг ахлоқий юксалиши, қалбан улғайиши, виждонан покланиши, судьянинг маънавий камолотини таъминловчи янги, замонавий ва таъсирчан ўқув қўлланмаларини яратиш ва тизимли жорий этишни тақозо қилади. Бунинг учун академиядаги ҳар бир кафедра, ҳар бир ўқитувчи ўзининг кундалик фаолиятида янгича ёндашув, илмий ва педагогик изланишлар олиб бориши лозим. Айниқса, Касбий кўникмалар кафедраси ўқитувчилари юксак ахлоқий-иродавий ҳамда касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш самарадорлигини оширишга амалий таъсир кўрсатадиган методикаларни ишлаб чиқиши ва амалиётга татбиқ этиши мақсадга мувофиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олдимизга қўйилган яна бир муҳим вазифа борки, бу бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш билан изоҳланади. Шу маънода, ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги, аввало, Одил судлов академияси фаолияти самарадорлиги билан чамбарчас боғлиқ, албатта. Шундан келиб чиқиб, бугунги жамиятда судьяларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантиришнинг янги методологиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ тадқиқотларга бўлган зарурият тобора кучайиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Табиийки, ушбу зарурият соҳада чуқур илмий-амалий ва назарий ёндашувлар асосида фундаментал тадқиқотлар олиб боришни, қолаверса, судьяларни тайёрлаш жараёнида касбий билим ҳамда кўникмалари билан биргаликда, уларнинг маънавий камолотига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Ҳужжатда суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида янги вазифалар ҳам назарда тутилган. Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масалалари шулар жумласидан. Бу ҳам академиянинг суд соҳасида юксак малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш заруриятини вужудга келтиради. Бунинг учун Одил судлов академияси суд тизимида замонавий фикрлайдиган, ҳалол ва юксак салоҳиятли янги авлод судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгилаши шарт. Академия тингловчиларига суднинг барча йўналиши — фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий ишларни кўришда ҳақиқий ҳолатни аниқлаши ва амалдаги қонунлар асосида ҳуқуқий баҳо бериши, ўз қарорининг нафақат қонуний ва асослантирилганлигига, балки адолатлилигига ҳам эътиборли бўлиши зарур. Ана шундагина, жамоатчиликнинг суд органларига нисбатан ишончи ортиб, жамиятда суд чинакам адолат қўрғонига айланади. Умуман, мазкур Фармон ва унда белгиланган вазифалар академияда ўтказиладиган ўқув жараёнларини янги жамият қўяётган юксак талаблар — замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан тўла таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Пировард натижада судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш даражаси янги босқичга олиб чиқилиб, миллий суд тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, малакали ва маънавий етук судьялар корпусининг шаклланишида муҳим амалий аҳамият касб этади. Шерзод Абдуқодиров, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори, юридик фанлари доктори(Манба: "Халқ сўзи" газетаси, 2025 йил 8 декабрь.)

9 Декабрь 2025 322
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech