Янгиликлар

ЗАМОНАВИЙ ДУНЁДА РАҚАМЛИ ОДИЛ СУДЛОВ халқаро ўқув курси тафсилотлари

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида 3 кунлик халқаро ўқув курси бошланди. Халқаро тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, қуйидаги фикрларини билдирди: – Бугунги халқаро ўқув курси Одил судлов академияси фаолияти тарихида илк бор ташкил этилди. Унда дунёнинг бир қатор мамлакатлари, хусусан Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларининг судьялари иштирок этмоқда. Ўқув курси машғулотларига Испаниядан 2 нафар нуфузли халқаро эксперт жалб этилган. Ўқув курси мавзуси, яъни рақамли одил судлов, ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ масала айни пайтдаги шиддатли трансформациялашув ва интеграциялашув жараёнида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади.Халқаро ўқув курсидан кўзланган мақсад – мамлакатимиз қонунчилигидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро стандартлар, уларни суд амалиётида қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини иштирокчиларга етказишдан иборат. Шунингдек, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари борасидаги миллий ва халқаро тажрибани таҳлил қилиш бўлиб ҳисобланади. Ушбу халқаро ўқув курси суд тизимида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш имкониятини кенгайтиради. Ва мамлакатимиз судьялари ва хорижий ҳамкасблар ўртасида рақамли одил судлов бўйича фикр-мулоҳазалар алмашишга қулай шароит яратади. Энг муҳими, уларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Ўтказилаётган бугунги халқаро тадбир нафақат мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими, балки хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Зеро, бугунги замонавий дунёда суд тизимини рақамлаштириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

22 Апрель 2026 146

АДОЛАТ ВА МАТОНАТ МАКТАБИ Суд фахрийси ўзи ўқиган мактабда

Жамият тараққиёти, унинг маънавий қиёфаси ва келажак авлод камолоти, аввало, эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган  инсонларга бўлган муносабат билан ўлчанади. Зеро, умрини халқ хизматига бағишлаган, адолат ва инсоф тамойилларига содиқ қолган инсонларни эътироф этиш – бу нафақат ҳурмат, балки жамиятнинг ўз қадриятларига бўлган садоқатини намоён этади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан жойларда узоқ йиллар тизимда ҳалол-пок ишлаб, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган суд фахрийларининг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга кўрсатиш, уларни эзгу мақсадларга ундаш нуқтаи назаридан маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Куни кеча Қўнғирот туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги ана шундай учрашув мазкур таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд тизими фахрийси Арзибийке Жанибекованинг шарафли ҳаёт йўлига бағишланди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси суди раҳбарлари, туман ва шаҳар судлари судьялари, нуронийлар, суд фахрийлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Учрашувда сўз олганлар Арзибийке Жанибекованинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, суд тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва бой ҳаётий тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтдилар. У кишининг фаолияти бугунги судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшлар учун ҳақиқий намуна эканлиги, бугунги ёш авлодга гўёки эртакдай туюладиган ўта оғир шароитга қарамай тинимсиз Арзибийке опа ўқиб, излангани натижасида элнинг азиз инсонига айлангани қайд этилди. Тадбир доирасида мактаб жамоасига Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари, шунингдек, китоблар жамланмаси топширилди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига Арзибийке Жанибекованинг шарафли ҳаёт йўли, самарали меҳнат фаолиятини акс эттирувчи махсус пешлавҳа тақдим этилди. Мазкур пешлавҳа судьялар ҳамжамиятининг ушбу таълим даргоҳига бўлган юксак эҳтироми ва келажак авлодга билдирилган ишонч рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Самимий мулоқотлар давомида устознинг болалик ва мактаб даврлари ёдга олинди. Тадбир мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан янада файзли тус олди.

22 Апрель 2026 166

ҲАЛОЛЛИК ИНСОННИ ЮКСАЛТИРАДИ суд фахрийси билан учрашув тафсилотлари

Судьялар олий кенгаши томонидан узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ўзи ўқиган мактабда уларнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда учрашувлар ташкил этилмоқда. Бугун Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 103-сонли умумтаълим мактабида шундай навбатдаги маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу галги учрашув доирасида “Дўстлик” ордени соҳиби, суд фахрийси Зоир Алиев билан самимий мулоқот ўтказилди. 103-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари меҳмонлар ташрифига пухта тайёргарлик кўрган экан. Айниқса, ҳарбийлаштирилган саҳна чиқишлари томошабинларда илиқ таассурот қолдириб, ёшларда ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлади. — Судьялар олий кенгаши томонидан муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Бу нафақат судьялар фаолиятини, балки инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, мактаб — билим билан бирга тарбия ва маънавият маскани, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Алишер Мардиев. — Зоир Алиев билан кўп йиллар давомида елкадош, ҳамкасб бўлиб ишлаганмиз. У ҳар қандай масалага қонун ва виждон нуқтаи назаридан ёндашади, адолатни таъминлашда инсонийликни устувор қўяди. Бугун ўқувчилар кўзидаги интилиш ва билимга чанқоқликни кўриб, бундай учрашувларнинг нақадар муҳим эканига яна бир бор амин бўлдим. Бу каби мулоқотлар келажакдаги адолат посбонларини тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлади. Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари мактаб синфхонасида кечди. Зоир Алиев қарийб 60 йилдан сўнг ўзи таҳсил олган партага қайта ўтирди. У сафдошлари Фармон Тошев ва суд фахрийси Алишер Мардиев билан ўтган йилларни ёдга олиб, ўқучиларга қарата шундай деди: — Меҳнат фаолиятимни тракторчиликдан бошлаганман. Кейин армия, сўнг қурилиш соҳасида ишладим. Аммо қўлимдан китоб тушмаган. Ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилдим ва мақсадимга эришдим. Бугунги ёшларга айтадиганим: қайси соҳада бўлманг фақат билим ва ҳалоллик инсонни юксалтиради. Тадбир давомида Самарқанд вилоят суди ва тегишли ташкилотлар томонидан аълочи ўқувчиларга ташаккурнома, бадиий китоблар ва спорт анжомлари топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан 10 нафар ўқитувчи ва ўқувчига дам олишлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилди. — Бугунги учрашув менда катта таассурот қолдирди, — дейди мактаб ўқувчиси Зарина Ҳамидова. — Зоир Алиевнинг оддий тракторчиликдан вилоят суди раиси даражасигача қандай меҳнат ва билим билан етганини эшитиб, ўз олдимга аниқ мақсад қўйдим. Мен ҳуқуқшуносликка қизиқаман ва келажакда шу соҳада чуқур билимга эга мутахассис бўлишни истайман. Юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Биз каби ёшлар учун бундай инсонлар ҳақиқий ибратдир. — Зоир Алиев бизнинг мактабда таҳсил олганидан фахрланамиз, — дейди мактаб ўқувчиси Шуҳрат Пардаев. — Унинг таржимаи ҳоли билан танишгандим. Турли вилоят судларида узоқ йиллар нафақат судья, балки суд раиси сифатида ҳам фаолият юритган эканлар. У киши ўз ҳаёт йўли билан, инсон қандай шароитда бўлмасин, илм уни юксалтиришини ва ютуқларга олиб келишини исботлаган. Ўйлайманки, бугунги тадбирдан сўнг улар кимни ўзига намуна қилиш кераклигини англаб етди. Тадбир якунида анъанага мувофиқ “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактаб ҳовлисига кўчатлар экилди.

21 Апрель 2026 197
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech