Янгиликлар

БАА мутахассислари билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди

Кеча Судьялар олий кенгаши мутасаддилари ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) мутахассислари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг март ойида  ушбу юртга амалга оширган ташрифи натижасида эришилган келишувларнинг ижроси, хусусан, давлат бошқаруви, давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш  йўналишларида амалга амалга оширилаётган ишлар  ҳақида сўз борди. Шунингдек, икки давлат суд тизимининг хос хусусиятлари, судьялик лавозимига танлаш, тайёрлаш ва тайинлаш бўйича  ўзаро тажриба алмашиш ҳамда бу бордаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, учрашувда БАА мутахассислари  томонидан “Dubai International Financial Centre” ҳузуридаги суд, унда  кўриб чиқиладиган низоларлар тоифаси ва тартиби ҳамда махсус ҳуқуқий базасига оид умумий маълумотлар  хусусида атрофлича маълумот берилди.

7 Июль 2023 853

Очиқ суд мажлиси – карвонсарой дегани эмас!

Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда судья ва депутат ўртасидаги  даҳанаки жангга ўхшаброқ кетадиган “мулоқот” акс этган лавҳа айланмоқда. Депутатнинг гапга чечанлиги, ҳар сўзни чертиб-чертиб айтиши, бунга жавобан судьянинг бироз мувозанатдан чиқиб, боз муроса оҳангидаги  сўзларига нисбатан аксарият фойдаланувчилар муносабати-ку, кўриниб турибди: депутат олқишланиб, судья  “вертуал сазойи” қилинмоқда, гўё.. “Можаро” сабаб бўлган ҳолат ким учун оддий, ким учун жиддий: судья (жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди судьяси Т. Абдуллаев) депутатга (Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ж. Туляганов) суд мажлисига  рухсатисиз уяли телефони билан кирганига эътироз билдиради. Бунга жавобан депутат бунақа қоида йўқлиги, бўлса ҳам қонундан устун эмаслиги ва  ўзининг дахлсизлик ҳуқуқини пеш қилади. Гап орасида айтадики (мазмуни), ўтган гал суд мажлисида телефон билан киргандим, нима, ҳар сафар сиздан рухсат сўрашим керакми?! Аввалдан ойдинлик киритиш керак: судья Т. Абдуллаев раислигида судланувчи М. Ю. ва бошқаларга нисбатан ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга оид  жиноят депутат Туляганов тараф ҳисобланмайди. У, бошқалар қатори, очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун келган. Депутат таъкид этган “ўтган сафарги суд”да эса мазкур иш эмас, балки бошқа судланувчига оид  бошқа жиноят иши кўрилган. Ўша жиноят иши ҳам мазкур судья раислигида кўрилаётган бўлиб,  унинг  рухсати билан суд мажлисига  уяли телефони билан кирган шу депутатнинг ўша кунги хатти-ҳаракатлари иш бўйича айрим тарафларнинг эътирозига сабаб бўлганди... Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида раислик этувчи бу сафар депутатга уяли телефони билан суд мажлисида иштирок этишига изн бермайди. Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида (айрим истиснолардан ташқари) барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилиши  қайд этилади. Бироқ бу – очиқ суд мажлиси -  хоҳлаган одам исталган пайтда кириб, хоҳлаган пайтда чиқиб кетадиган карвонсарой дегани эмас.  Суд мажлисларининг хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, уларни бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари кўрлиши ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Бундан ташқари: “Раислик қилувчи суд мажлиси залида тартибга риоя қилинишини таъминлайди. Унинг фармойишлари тарафлар ва барча ҳозир бўлганлар учун мажбурийдир” (ЖПК, 408-модда). Мазкур тартиб депутатга ҳам тегишли бўлиб, бу унинг дахлсизлигига таъсир этмайди. Чунки, жиноят ишлари бўйича  Чирчиқ шаҳар суди судьяси депутатнинг уяли телефонини олиб қўйиш ёки кўздан кечириш талабини қўяётгани йўқ. Балки, ундан  рухсатсиз фойдаланмасликни талаб қилмоқда, холос. Депутат талаб қилаётган қонун шу. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги ПФ-4966-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида “Суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ишлаб чиқилган бўлиб,  (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 15 мартда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами: 2981) унга кўра, уяли телефон аппарати раислик этувчининг рухсатисиз суд биносига  олиб кириш чекланиши белгиланган. Йўриқнома қонундан устунми, дейишга шошмай туринг. Бундай ҳуқуқий ҳужжатлар қонунларни амалиётга самарали тадбир этиш учун ишлаб чиқилади. Бўлиб ўтган ёқимсиз ҳолат натижасида судьянинг белгиланган суд мажлисини бошқа кунга қолдирганини оқлаб бўлмайди, албатта. Бироқ тортишув натижасида судья тушган ҳолати суд процессига, алал-оқибат қабул қилинадиган суд ҳужжатига таъсири эҳтимоли инобатга олинса, унга тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин.   Шунингдек, ушбу воқелик судьялар, хусусан, илк бор мазкур лавозимга тайинланганлар учун инқирозли вазиятларни енгиш ва жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилишини ҳам тақазо этади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати   

3 Июль 2023 2827

Суд тизими: соҳани рақамлаштириш нималарда кўринади?

Жамиятда қонунустуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини бермоқда. Ҳеч кимга сир эмас, фуқароларнинг судлар фаолияти ва суд ишлари тўғрисида эркин ахборот олиш ҳуқуқини таъминланиши очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Мазкур ҳуқуқ эса, очиқ ва ошкора суд муҳокамасида иштирок этиш, суд органларидан маълумот сўраш ва судлар фаолияти тўғрисида ҳамма учун очиқ бўлган маълумотларни олиш орқали таъминланади. Албатта, замонавий дунёда мазкур усулларни ахборот-технологияларини тўлиқ жорий этмай туриб, амалга ошириш имкони йўқ. Шу боис мамлакатимизда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ислоҳот соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Хўш, соҳани рақамлаштириш нималарда кўринади? Бунга жавобан шуни таъкидлаш жоизки, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш каби механизмлар жорий этилди. Албатта, бу ҳақда фикр юритганда, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш фуқаролар, жамият ва судлар фаолиятига қандай ижобий таъсирини кўрсатади, деган ҳақли савол туғилади. Аввало, бу фуқароларни судларга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз мурожаат қилиш имокниятини беради. Бугунги кунда ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс даъво ариза, ариза ва шикоятларини “exsud.sud.uz” сайти орқали электрон кўринишда юбориши мумкин. Шунингдек, Олий суди томонидан “my.sud.uz” сайти орқали “судга электрон мурожаат юбориш”, “судга мурожаат намуналари”, “давлат божи калькулятори”, “электрон тўлов тизими”, “суд қарорларини онлайн олиш” каби интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани фуқароларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда. Иккинчидан, фуқароларни суд ишларида иштирок этиш имкониятини оширади. Аниқроқ айтганда, фуқаролар бугунги кунда видеоконференцалоқа режимидан фойдаланилган ҳолда суд ишларини юритишга иштирок этиш имкониятига эга. Учинчидан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Жумладан, бугунги кунда мазкур маълумотларни онлайн тарзда олиш имконини берувчи “stat.sud.uz” сайти ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тўртинчидан, судларнинг иш фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади. Буни “Адолат” ахборот тизимлари комплекси орқали кўриш мумкин. Мазкур тизим орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш ва суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконини бермоқда. Бешинчидан, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Шу муносабат билан судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратиши долзарб аҳамиятга эга. Дилмурод Артиков,Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби доценти,юридик фанлар бўйича фалсафа доктори(PhD)

30 Июнь 2023 2078
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech