Янгиликлар

Кенгаш аъзолари Қорақалпоғистон ва Хоразмга борди

Судьялар олий кенгашининг судьялари Алишер Ҳамроев ва Баҳром Сабиров Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоят судларида бўлиб, судьяларнинг масъулияти, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этилиши борасида малака ҳайъатлари ишлари билан танишди.  Уларнинг якуни бўйича очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқотлар нисбатан кичик доирада ўтказилган бўлса-да, унда катта масалалар муҳокама қилинди. Чунки, ушбу тузилма ваколатига доир ҳар бир масаланинг кўлами кенг. Хусусан, судьяларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш, ваколатини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш, дахлсизлигини таъминлаш, Судьялар одоби кодексига риоя этилиши устидан назорат каби масалалар озмунча меҳнат талаб қилмайди. Ваколат эса имтиёз эмас, масъулият. Ушбу тузилмалар судьяларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятидан кўра кўпроқ уларнинг лавозимга лойиқлиги, мақоми ва мавқега дохл масалаларга масъулдирки, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда судьянинг одоби, муносиб маданияти ва маънавияти муҳим аҳамият касб этиши ўз-ўзидан маълум. Суд ҳокимиятининг нуфузини сақлаш эса судья зиммасидаги асосий мажбуриятлардан бири ҳисобланади. Бўлиб ўтган ҳар икки муҳокамада  судьялар малака ҳайъатлари таркибига ўзгартиришлар киритилгани натижасида тузилма фаолиятига муайян ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётгани қайд этилди. Шу баробарида судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъмишлаш, айниқса, Судьялар одоб комиссиялари фаолияти самарадорлигини янада ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Маълумки, Судьялар одоб комиссиялар Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда  оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади.  Муҳокамаларда малака ҳайъатлари ва мазкур комиссия  фаолиятида яқин ҳамкорликни янада кучайтириш,  оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбаларда эълон қилинаётган судларнинг обрўйига таъсир кўрсатувчи маълумотлар бўйича Комиссиянинг холис ва тезкор хулосаларига зарурият катта эканига алоҳида эътибор қаратилди. Якунда хизмат текширувлари сифатини яхшилаш, интизомий жазо чораларини қўллашда ягона амалиётни шакллантириш, судьялар зиммасига одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилишининг олдини олиш, айниқса, тизимда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир аниқ ва таъсирчан қўшимча чора-тадбирлар  ишлаб чиқиб, амалиётга фаол жорий этиш тавсия қилинди. Жойлардаги судьялар малака ҳайъатлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

16 Июнь 2025 531

“Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиблари аниқланди

Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди. Судьялар ҳамжамияти ҳам бундай хайрли жараёндан четда эмас. Айтиш мумкинки, маънавият масаласи тизимнинг асосий мезонларидан бирига айланган. Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси. Уч босқичдан иборат танлов анъанавий тартибдан ўзгачароқ шаклда ўтганини алоҳида таъкидлаш керак. Яъниким, танлов савол-жавоб тарзида ташкил этилмади, балки иштирокчиларга Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.  Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья  иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда  эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.  Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов раислигидаги ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов  “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди. Иккинчи ўрин Сирдарё вилояти Оқолтин туманлараро иқтисодий суди раиси Алишер Олламовга насиб қилган бўлса, жиноят ишлари бўйича  Фарғона туман судининг тергов судьяси Хислатжон Куконбоев учинчи ўринга лойиқ  кўрилди. Шунингдек, маърифий  ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари  -  Тошкент вилоят судининг судьяси Холмамат Ҳасанов,  Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг раиси Нуриддин Муродов ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси Шоира Эрметова  Кенгашнинг махсус совғаси билан тақдирланадиган бўлди. Судьялар олий кенгашининг махсус дипломи ва эсдалик совғалари жойлардаги судлар раислари орқали ўз эгаларига  топширилади.

13 Июнь 2025 2104

“Оила судьялари”: эҳтиёж ва истиқбол

Давр шиддатининг ижтимоий муносабатларга таъсири табиий жараён.  Буни ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга доир низоларнинг сонидан ташқари турлари ҳам ортиб бораётганидан кўриш мумкин. Бундай муносабатлар оилаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Оила - жамиятнинг кичик бўлаги, шу боис ҳам унинг давлат ва жамият барқарорлиги ҳамда равнақида ўрни катта. Шундай экан, оилавий низоларни ҳал этиш  алоҳида ёндошув талаб этилиши ўз-ўзидан равшан. 2018 йилда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун низоларни,  жумладан, оилавий низоларни ҳам муқобил (альтернатив) йўл билан ҳал қилишнинг муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди, дейиш мумкин. Медиация низоларни ҳал қилиш воситаси сифатида тарафларга мустақил равишда келишувга эришиш имкониятини беради ва суд жараёнларининг чўзилишига йўл қўймайди. Бу айниқса, болалар манфаатлари ва бошқа заиф гуруҳларнинг ҳуқуқларини  самарали ҳимоя қилишда  алоҳида аҳамият касб этади. Жаҳон тажрибаси кўрсатмоқдаки, ихтисослаштирилган оилавий судлар ва медиациядан фойдаланиш низоларни ҳал қилиш сифатини сезиларли даражада оширади.  Масалан, Германияда оила судлар алоҳида ҳуқуқий институт сифатида фаолият кўрсатади. Оила судьялари эса оила қонунчилигидан ташқари  психология  бўйича ҳам чуқур тайёргарликдан ўтади. Бундай тартиб низоларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олиш имконини беради.  Канадада оила судлари тарафларга нафақат ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши билан эътиборга молик, шунингдек, медиаторлик ва бола ҳуқуқи бўйича адвокатлари хизматларини ҳам таклиф этади. Бундай ёндашув жараён иштирокчилари, айниқса, болаларнинг  руҳий зўриқишларнинг (стресс)  олдини олишга хизмат қилади. Япония тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Кунчиқар юртда оила судлари 1947 йилдан буён фаолият кўрсатиб, юридик ва ижтимоий низоларни ҳал қилиш ваколатига эга. Японияда яраштирув комиссиялари ва  психологлар иштирокида низолар самарали ҳал қилинади ва болалар манфаатлари ҳимоя қилинади. Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, 2024 йилнинг 1 февралидан Ўзбекистонда ҳам “Оила судьялари” ташкил этилди. Айни пайтда тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослашган «Оила судьялари»  фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан оилавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 32 турдаги низолар кўриб чиқилмоқда.  Кўринадики, оилавий низолар кўпчилик тассавуридаги каби оз эмас, муҳими, улар ихтисослашган судьялар томонидан кўриб чиқилаётгани бир ишни чуқур ўрганиш, унинг психологик ва ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олиш ҳамда низоларни ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларини қўллаш имконини беради. Бундан ташқари, медиация амалиёти жорий этилмоқда. Албатта, “Оила судьялари” – янги институт. Демак, бу борада, аввало, малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилиши аниқ.  Бунда нафақат  судьялар, балки медиаторлар ва ижтимоий ходимлар ҳам ҳуқуқий билимлар билан бирга психология, конфликтология ва заиф гуруҳлар билан ишлаш кўникмасига ҳам эга бўлиши лозим. Бу борада реал ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган ҳолда инфратузилмани кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканини айтиш лозим. Медиация марказларини яратиш, мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини хабардор қилиш катта молиявий ва ташкилий манбаларни талаб этади. Бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштироки зарурдир. Бундан ташқари  оилавий низоларни ҳал қилиш тизимини такомиллаштириш учун судьялар, медиаторлар ва ижтимоий ходимларнинг тайёргарлигини кучайтириш учун мунтазам ўқув курслари ва тренинглар ўтказишга ҳам эҳтиёж  катта.  Шунингдек,  “Оила судьялари” институтини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини мамлакатнинг барча ҳудудларида кенгайтириш; аҳоли ўртасида медиация афзалликлари ҳақида хабардорликни ошириш учун маълумот кампаниялари ва таълим лойиҳаларини ташкил этиш; ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган профилактика дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш фурсати етди.  Юқорида айтилганидек, “Оила судьялари” институти ташкил этилиши Ўзбекистон суд тизимини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Янги ташаббус ижтимоий адолатни барқарор таъминлаш, ишларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ва фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу ёндашув узоқ муддатли истиқболда оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга ҳисса қўшади.  Иброҳим Алимов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари (Изоҳ: “Odillik mezoni” журналининг 2025 йил, 3-сонида эълон қилинган ушбу мақола муаллифнинг розилиги билан жузъий таҳрир ва бироз қисқатирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилди)

3 Июнь 2025 829
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech